Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Тадбиркорлар – давлат ҳимоясида

Дата: 30.12.2016    

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қулай ишбилармонлик муҳити яратишнинг ҳуқуқий асосларини мунтазам такомиллаштириб бориш юзасидан жуда кўп амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бераётгани ҳаммамизга маълумдир.

Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ва бошқа бир қатор тегишли қонун ости ҳужжатларининг аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини юксалтиришдаги ўрни ва аҳамияти ниҳоятда салмоқли. Яратилган қулайликлар, қатор имтиёзлар туфайли тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кредит маблағлари ажратилмоқда, минглаб янги иш ўринлари яратилиб, аҳолининг бандлиги таъминланмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, вилоятимизда тадбиркорлик субъектлари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имконият ва шароитлардан унумли фойдаланаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳудудий ички маҳсулот ишлаб чиқаришдаги ҳиссаси ҳам тобора юксалмоқда. Хорижий сармоядорлар иштирокида янги корхоналар ташкил этилиб, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилмоқда. Соҳа вакилларининг тегишли ҳуқуқий ҳужжатлардан бохабарлигини ошириш мақсадида ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларга ҳуқуқий маслаҳат ва ахборот кўмаги кўрсатиш борасидаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши ҳам мазкур ислоҳотларнинг давоми десак муболаға бўлмайди албатта.

Ушбу ҳужжат хусусий мулкни ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради. 

Фармонга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади, бундан юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар мустасно. Шундай қилиб, назорат қилувчи органлар эндиликда режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳуда-беҳуда аралашишларига чек қўйилиши, уларнинг давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланиши, доимий рағбат соҳа ривожини таъминлайдиган асосий омиллардан ҳисобланади. Юқоридаги Фармон ҳам айнан мана шу мақсадларни кўзлаб қабул қилинган ва у тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

 

 

А.Баракаев, Бухоро шаҳар 6-сон ДНИ нотариуси