Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Оилавий муносабатларда – маҳалланинг роли

Дата: 16.07.2013    

Мамлакатимизда миллатлараро тотувликни ривожлантиришда халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишда маҳалла институтларининг алоҳида ўрни бор. Чунки, маҳаллаларимиз оилавий тотувликда, обод ва озод юртимизнинг гуллаб-яшнашида ишончли кафолатдир.

Шу боис, МАҲАЛЛА – аҳиллик оиласи, меҳр-шавқат булоғи сифатида эътиборга тушиб, нуфузи ошди. Маҳалла орқали тилимиз, динимиз, қадриятларимиз, ўз тарихимиз қайта тикланди.

Тарихдан маълумки, “Маҳалла” деб аталувчи ягона, бетакрор бошқарув институти илк бор бизнинг мамлакатимизда – Туронимизда пайдо бўлган эди. Дарҳақиқат, Туркистон давлатчилигининг пойдевори, Шарқ – халқлари тафаккурининг ноёб маҳсули – ўзини ўзи бошқарувининг ёрқин намунаси, инсонийликнинг барча хислат ва фазилатлари мужассамалашган, юртнинг тинчлиги, ободлиги, жамият тараққиёти, - инсоннинг шаклланиб камол топишида оиламиз муносабатларни тўғри йўлга қўйишда маҳалла муҳим ўрин тутади ва дорилфунун вазифасини ўтайди.

Юртбошимизнинг “Маҳалла ижтимоий – сиёсий ҳаётимизнинг кўзгусидир, - халқимизнинг энг яхши анъаналари, урф-одатлари, хусусан, меҳр-шавқат, мурувват, тўйда ҳам, азада ҳам эл-улуснинг ҳамжиҳатлиги маҳалла ҳаётида ёрқин намоён бўлган ва бўлмоқда. Маҳалла тарбия ўчоғидир. Юриш-туриш, одоб-аҳлоқ жамики фазилатларни ёшлар аввало маҳалладан, аниқроғи ота-оналари, қўни-қўшнилари, табаррук отахонлари, дуогўй онахонларидан ўрганадилар. Шунинг учун биз маҳаллий бошқарувнинг дастлабки ва муҳим бўғини – маҳаллаларга катта эътибор бермоқдамиз” – дегани бежиз эмас. Негаки, мустақиллик туфайли азалий одатларимиз, миллий анъана ҳамда қадриятларимиз қайта тикланди. Аждодларимизга ҳурмат – эҳтиром кўрсатилиб, муқаддас қадамжолар обод қилинди. Фуқароларимизнинг фаровонлиги юксалиб, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланди.

Мустақиллик йилларида маҳалла фаолиятида аҳолининг миллий – тарихий қадриятлари, турмуш ва тафаккур тарзи, халқ анъаналари ва урф-одатлари, ўзбек халқига хос меҳр-муҳаббат, ҳурмат-эътибор, тинчлик, осойишталик фазилатлари тикланаяпти. Ўзбекона меҳнатсеварлик, камтарлик, улуғворлик, ишбилармонлик ва уддабуронлик каби юксак ғоялар тобора ривож топмоқда.

Оила – жамиятнинг негизидир. Маҳалла фуқаролар йиғинларини ҳам катта бир оила деб тасаввур этса бўлади. Бунда ҳам ўзаро ҳурмат ва қаттиқ тартиб - интизом бўлмаса, оиланинг барча аъзолари ўз бурчларини адо этмаса, бир-бирига нисбатан эзгулик билан меҳр-оқибат кўрсатмаса яхши ва муносиб тарзда яшаб бўлмайди. Оила турмуш ва виждон қонунлари асосида қурилади ва ўзининг кўп асрлик мустаҳкам, маънавий таянчларига эга. Буни биргина бизнинг Ғиждувон тумани мисолида кўрсатадиган бўлсак, ўтган йилда маҳаллалардаги яраштириш комиссияси аъзоларининг сай-ҳаракатлари билан никоҳдан ажралиш ҳақида фуқаролик судига ариза берган 41 та оила яраштирилди. Оилада демократик негизларга асос солинди, кишиларнинг талаб-эҳтиёжлари ва қадриятлари шаклланди.

Ўзбекларнинг аксарияти ўзининг шахсий фаровонлиги тўғрисида эмас, балки оиласининг, қариндош – уруғлари, яқин одамларининг, қўшниларининг омон-эсонлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишни биринчи ўринга қўяди. Бу эса энг олий даражадаги маънавий қадрият, инсон қалбининг гавҳаридир.

Маҳаллада ўз оиласи, насл-насаби билан фахрланиш ва ватанпарварлик туйғуси ўзаро ҳамоҳанг. Бу энг аввало, оилавий анъаналарни асраб авайлаш, қайта тиклаш, бойитиш, ота-боболарнинг муборак номларига доғ туширмасликка интилиш, ўз меҳнати, билимлари билан насл-насаб обрўсини мустаҳкамлаш, маҳаллалардаги ҳурмат эътиборига сазовор бўлиш, ҳар бир инсон қалбидан ўрин олмоққа қаратилган.

Маҳаллада катталарни ҳурмат қилиш, оила ва фарзандлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш, очиқ кўнгиллилик, миллатидан қатъий назар одамларга хайрихоҳ муносабатда бўлиш, ўзгалар кулфатига ҳамдардлик ва ўзаро ёрдам туйғуси кишилар ўртасидаги муносабатларнинг меъёри ҳисобланади.

Вилоятимизда 546 та ўзини ўзи бошқариш органи фаолият кўрсатяпти. Уларнинг 120 тасини қишлоқ, 424 тасини маҳалла, 2 тасини шаҳарча фуқаролар йиғини ташкил қилади.

Ғиждувон туманида 14 та ҚФЙ ва 60 та МФЙ да 262 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Ҳар бир юртдошимиз у қайси соҳа ва қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар ўз қувонч ва ташвишларини маҳалла билан маслаҳатлашган ҳолда маҳалладошлар билан баҳам кўрмоқда. Маҳалла билан фуқаролар ўртасида ҳар томонлама алоқалар мустаҳкамланиб бораяпти. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, маҳалла нуфузини кўтариш нафақат ижтимоий, балки сиёсий, тарбиявий, улкан маънавий масаладир.

Халқимиз, айниқса ёшлар маънавий дунёсини бойитиш, улар қалбини эзгулик зиёси, маърифат, адолат, инсофу диёнат нури билан мунаввар этиш маҳалла фаолларининг муқаддас бурчидир.

Бугун маҳалла йиғинининг серқирра фаолиятини санаб адоғига етиб бўлмайди. Жумладан, фуқаролардан тушадиган ариза ва шикоятлар билан ишлаш, маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, газлаштириш, ичимлик суви ўтказиш, маҳалла ҳудудидаги тўй ва маъракаларни тартибли ва кам чиқим ўтказиш, ҳашарлар ташкил қилиш, кўчат ўтказиш, кўкаламзорлаштириш, тозалик озодалик ойликларини ўтказиш, фермер хўжаликларининг дала ишларига кўмаклашиш ва ҳоказолар.

Халқимизнинг тарихидан таркиб топган миллий ва маънавий қадриятларини кенг тарғиб қилиш, удум ва анъаналарни оммалаштириш, маданий ва маърифий ишларни йўлга қўйиш, аҳоли ўртасида инсонпарварлик ва меҳр-шавқат, яхши қўшничилик ғояларини тарғиб қилиш, кам таъминлаган, эҳтиёжманд оилаларни, ногиронлар, кексалар ва болалар ҳуқуқларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб қувватлаш, қишлоқ ва маҳаллаларда ободончилик ишларини олиб бориш, жойларда ижтимоий – сиёсий барқарорликни, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш каби кенг қамровли эзгу вазифаларни бажаришни ўз олдига вазифа қилиб қўйган “Маҳалла” жамғармаси ўзини ўзи бошқариш органлари-қишлоқ ва маҳалла йиғинлари фаолиятига бу борада яқиндан туриб ёрдам бермоқда.

Шунингдек, тумандаги кам таъминланган оилаларга бўлган эътиборни олиб қарайдиган бўлсак, 470 нафар кам таъминлаган оилалар мавжуд бўлиб, ушбу оилаларга туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, туман прокуратураси, туман ИИБ, халқ таълими, “Камолот” ЁИҲ, “Маҳалла” хайрия жамғармаси, туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, туман тиббиёт бирлашмаси, ижтимоий таъминот бўлимлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилиб, бир қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Нусратулло Жаҳонов,

Ғиждувон туман ФҲДЁ

бўлими мудири