Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш

Дата: 16.07.2013    

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач бозор муносабатлари асосида барча мулк шаклидаги корхоналар ва иқтисодиёт тизимининг турли соҳаларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар ўртасида соғлом муҳитни янада шакллантирувчи шартномавий муносабатлар мустаҳкамланди. Зеро, шартнома тузмасдан туриб олди-сотди ва бошқа муносабатларга киришиб бўлмайди.

Мазкур шартномаларнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 август кунидаги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида тўлиқ ёритиб берилган.

Шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда контрактация шартномаси ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятлари билан алоҳида ўрин эгаллайди.

Хусусан, контрактация шартномасига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган шахсга –– тайёрловчига шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш) мажбуриятини олади, тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб туриш), унинг ҳақини шартлашилган муддатда муайян баҳода тўлаш (тўлаб туриш) мажбуриятини олади.

Соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги қарори билан “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида” Низом тасдиқланган бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар, тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш ва уларни бажаришда пайдо бўладиган муносабатларни тартибга солади, шунингдек уларни туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларида рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди.

Мазкур Низом билан хўжаликлар билан тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш, моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан тузилган барча турдаги шартномалар туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин кучга кириши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мазкур Низомга асосан хўжаликларга шартномада белгиланган даврларда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш муддатларига мувофиқ маҳсулотлар қийматининг камида 50 фоизи миқдорида (чорвачилик маҳсулотлари бўйича - шартномаларда кўрсатилган ҳажмлар қийматининг 25 фоизи миқдорида) аванс маблағлари тўлаш тартиби белгиланганлиги контрактация шартномасининг ўзига хос хусусиятларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 30 июндаги қарори билан юқорида кўрсатилган Низомга бир қатор ўзгартиришлар киритилиб, мазкур соҳа фаолиятини тартибга солувчи қатор нормалар ва ҳуқуқий механизм янада такомиллаштирилди.

Жумладан, шартнома рўйхатдан ўтказилган тақдирда тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари шартнома рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб икки кун муддатда хўжаликларга рўйхатдан ўтказилган шартноманинг бир нусхасини имзоланган ҳолда бериши шартлиги, тарафларда ҳамда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимида қоладиган шартнома нусхалари, шу жумладан унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар томонлар шартнома мажбуриятларининг ҳаммасини бажарган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида тегишли тарзда сақланиши белгиланди.

Шунингдек, агар хўжалик томонидан тайёрловчи ташкилотга шартномада назарда тутилганидан юқорироқ сифат талабларига мос келадиган маҳсулот етказиб берилса, у ҳолда тарафларнинг келишувига кўра бундай маҳсулотга юқори нарх бўйича ҳақ тўланишлиги ҳамда хўжалик томонидан сарфланган транспорт харажатларини тўламаганлик учун тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари хўжаликка тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун белгиланган муддатда тўланмаган сумманинг 0,4 фоизи, бироқ тўлов муддати ўтказиб юборилган сумманинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида пеня тўлашлиги тўғрисидаги янги нормалар киритилди.

Бундан ташқари, келишмовчилик ва низоли масалаларни ҳал этишнинг янги тартиби белгиланиб, қоидага кўра мустақил равишда ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор)ни тасдиқлаш бўйича комиссия иштирокида бундай низоларни судгача ҳал этишнинг механизми белгилаб берилди.

Юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан зарур даражада назорат ўрнатиш Адлия органлари зиммасига юклатилган. Бу борада Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва шартномавий ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Бухоро вилоятида 2013 йил ҳосилидан пахта хом-ашёси харид қилиш бўйича 2 844 та, бошоқли дон харид қилиш бўйича 2 693 та, пилла хом-ашёси етказиб бериш бўйича 1 961 та, минерал ўғитлар етказиб бериш бўйича 
2 709 та, нефтъ маҳсулотлари етказиб бериш бўйича 3 039 та, механизация ва ёрдамида хизматлар кўрсатиш бўйича 3 032 та шартномаларни тузилишида адлия бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, тузилган ҳар қандай шартнома албатта бажарилиши шарт. Агар томонлардан бирининг айби билан шартнома шартлари бажарилмаса, айбдор тараф бунинг учун белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши лозим.

Шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга оид 2013 йил 
2-чораги давомида 40 та хўжалик юритувчи субъектларда ўрганишлар ўтказилиб, ўрганиш якунларига кўра шартномаларнинг тузилиши бўйича 
3 535 та, шартномаларнинг бажарилиши бўйича 6 435 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 51 та тақдимномалар киритилди. Тақдимномаларга асосан 100 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилиб, 11 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Фермерлар манфаатини кўзлаб, уларнинг бузилган қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш, моддий ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисида судларга жами 159,7 млн. сўмлик 159 та даъво аризалари киритилган бўлиб, шундан 81,1 млн. сўмлик 41 та даъво аризалари қаноатлантирилди.

Бошқарма томонидан “Қишлоқхўжаликкимё” Қоровулбозор туман филиалида шартномаларнинг тузилиши, бажарилишини ҳамда мазкур филиалда фаолият юритаётган ҳуқуқшуноснинг иш фаолияти ўрганиб чиқилиб, ўрганиш якунига кўра, аниқланган қонунбузилиш ва камчиликларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш юзасидан тақдимнома киритилди. Тақдимномага асосан аниқланган қонунбузилиш ва камчиликларга йўл қўйгани учун филиал ходимлари Р.Шаропов ҳамда И.Шодмоновлар нисбатан “хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Бундан ташқари, “Қишлоқхўжаликкимё” Қоровулбозор туман филиалида шартномаларнинг бажарилиши юзасидан 827.414.000 сўм дебиторлик ва 
210.269.000 сўм кредиторлик қарзлари мавжуд бўлиб, шундан 41.683.000 сўм муддати ўтган дебитор қарздорлик бўйича Шофиркон туман давлат солиқ инспекциясига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш қўзғатиш юзасидан таклиф киритилди. Мазкур таклиф Қоровулбозор туман давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилиб, филиал мудири Х.Жумаев ҳамда филиал бош ҳисобчиси С.Икромовларнинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 175-моддаси 3-қисми билан маъмурий жазо чораси қўлланилди.

Хулоса қилиб айтганда, хўжалик юритувчи субъектлар улар ўртасида тузилган шартномавий муносабатларга масъулият билан ёндошиб, ўз мажбуриятларини шартномада белгиланган муддатларида ижро этиш ҳамда ушбу соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш юртимиз мулкдорларининг иқтисодий мустаҳкамлигига хизмат қилиб, давлатимиз иқтисодиётининг янада барқарор суръатларда ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.

М.Мирмуллоев,

Бухоро вилоят адлия

бошқармаси бўлим бошлиғи