Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Никоҳ ёши ва уни камайтириш асослари

Дата: 25.07.2013    

Ўзбекистон мустақилликка эришгач ўз тараққиёт йўлини аниқ белгилаб олди. Бу – демократик ҳуқуқий давлат, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар йўлидир. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида барча соҳаларда, хусусан Оила қонунчилиги тизимида ҳам самарали ислоҳотлар қилинди. Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам алоҳида “Оила” боби киритилди.

Республикамиз Конституциясига таянган ҳолда қабул қилинган қонун ва Фармонлар турмушимиз ободлиги ва оилаларимиз мустаҳкамлигига хизмат қилиб келмоқда. Мустақил тараққиёт ва ривожланиш йўлидан бораётган Ўзбекистон Республикасида демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш жараёнида унинг яхлитлигини кафолатловчи оила институтини мустаҳкамлаш борасида истиқболга йўналтирилган аниқ сиёсат олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси оила ва ҳар бир фуқаронинг манфаатини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Давлатимиз равнақи унда камол топаётган ёш авлоднинг етуклик даражаси, оиланинг мустаҳкамлигига боғлиқ.

Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида ўзига хос ижтимоий вазифани бажаради. Оилалар қанчалик мустаҳкам бўлса, жамиятимиз шунчалик мустаҳкам бўлади, халқ ибораси билан айтганда, синчи мустаҳкам иморат қуламайди. Республикамизда оилага эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшлармизнинг соғлом ва мустаҳкам оила қуришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Оиланинг ҳуқуқий асосини қонуний никоҳ ташкил этади. Чунки фақат қонуний никоҳгина оилада эр-хотин ва болалар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.

Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ тузиш тартиби ва шартлари белгилаб берилган бўлиб, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Шундай никоҳгина оила қурганлар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини келтириб чиқаради. Никоҳнинг тегишли давлат органида қайд этилиши никоҳ тузилганлигини исботловчи бирдан-бир қонуний далилдир. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

Шунингдек, Оила кодексининг 14-моддасида никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши, никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланиши белгилаб қўйилган. Никоҳни ўзаро розилик асосида тузиш шарти унинг ихтиёрийлик ва тенглик тамойили асосида вужудга келганлигини таъминлаш билан бирга, оиланинг барқарор ва мустаҳкам бўлишига ҳам имконият яратади. Никоҳнинг тузилиши учун бирилган розилик чинакам бўлиши, у қўрқитиш, зўрлаш, алдаш ёки никоҳланувчиларнинг бири ёхуд ҳар иккисига руҳан таъсир этилган ҳолатда берилган бўлмаслиги лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, ёшларнинг никоҳга маънавий тайёргарлик даражаси оила мустаҳкамлигининг муҳим гаровидир. Никоҳ тузилиши учун никоҳланувчилар қонунда белгилаб қўйилган никоҳ ёшига етган бўлишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига кўра, никоҳ ёши аёллар учун 17 ёш, эркаклар учун 18 ёш қилиб белгиланган. Бугунги кунда мутахассислар томонидан никоҳ ёшини кўтариш мақсадга мувофиқ деб топилмоқда. Таълим тўғрисидаги қонунчилик талаблари ҳамда қизларнинг физиологик жиҳатдан оналикка тайёр бўлишлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу фикр асослидир.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасининг иккинчи қисмига кўра, узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомилага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хохловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўёхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга қисқартирилиши мумкин.

Шу билан бирга никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш эндиликда маълум жавобгарликларни келтириб чиқаради. 2013 йилнинг 1 июнидан эътиборан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга кўра Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига 473-моддаси киритилиб, унда-

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш,-

Энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёки уйлантириш,-

Энг кам ойлик иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимларни амалга ошириш,-

Энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1251-моддаси киритилиб, унда-

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса,-

Энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ билан жазоланади.

Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёки уйлантириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,-

Энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт

ойгача қамоқ билан жазоланади.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, щундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,-

Энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади деб белгиланган.

Т.Очилов, Бухоро вилоят адлия

 бошқармаси бошлиғи ўринбосари