Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Қулай инвестиция муҳити — тараққиёт омили

Дата: 02.08.2013    

Бугунги кунда мамлакатимизда хорижий инвесторларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, уларга эркин фаолият юритишлари учун қулай имтиёз ва преференциялар бериш, умуман, инвестициявий муҳитни янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган бир қатор қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини муҳофаза қилишни кафолатлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Чунончи, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Қонунда чет эл инвестицияларини амалга ошириш шакллари, улар учун ҳуқуқий режим ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилди. “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонун билан эса инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари, уларни ҳимоя қилиш чоралари ҳамда бу борадаги кафолатларни бузганлик учун жавобгарлик масалалари назарда тутилди. Бундан ташқари, Президентимизнинг соҳани ривожлантиришга оид фармонларига асосан хорижий сармоя иштирокидаги корхоналарга бир қатор имтиёз ва афзалликлар берилди.

Мисол учун, 2005 йил 1 июлдан бошлаб тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этадиган ва айрим иқтисодиёт тармоқларида маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар юридик шахсларнинг фойдасидан олинадиган солиқ, мулк солиғи, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва ободонлаштириш солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ ҳамда Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинди.

Берилаётган имтиёзларнинг узвий давоми сифатида Юртбошимизнинг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши беш миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб ўн йил мобайнида инвестиция киритилган санада амал қилган солиқ қонунчилиги қўлланилиши кафолатланди.

Шунингдек, 50 миллион АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида, ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш бюджет маблағлари ҳамда бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб берилди. Масалан, Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа бунинг яққол далилидир. Бу ерда умумий қиймати 212 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган ташқи-муҳандислик инфратузилмасини барпо этишни давлат ўз зиммасига олган.

Шу ўринда эътироф этиш керак, мамлакатимизда чет эллик инвесторнинг Ўзбекистонда олган даромадларини қайтадан инвестиция сифатида киритиш бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ. Чет эллик инвесторнинг даромади, унинг хоҳишига кўра ҳар қандай шаклда ишлатилиши мумкин. Бундан ташқари, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг “Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Адлия вазирлиги тўғрисидаги Низомга асосан вазирликка бу борада алоҳида вазифа ва функциялар юклатилди.

Ўз навбатида, адлия органлари томонидан бу борада аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари талабларини бажаришда муваффақиятлар билан бир қаторда, айрим давлат органлари мансабдор шахсларининг уларга риоя этмаслик ҳолатлари аниқланмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўтказилган ўрганишларда жами 700 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Масалан, Косонсой тумани ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси томонидан “Трейдвелл Интернейшнл” хорижий корхонаси ходимини маъмурий жавобгарликка тортишда қонун бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан киритилган тақдимномага асосан хорижий корхона ходимига нисбатан қўлланилган маъмурий жарима бекор қилиниши таъминланди. Шунингдек, мингдан ортиқ хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан мониторинглар ўтказилди. Аниқланишича, тегишли давлат идоралари 429 та қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйганлар.

Адлия органларида хорижий инвесторлар мурожаатлари тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилиши ҳамда қонуний ҳал этилиши алоҳида назоратга олинган. Жумладан, 2013 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида хорижий инвесторлардан келиб тушган 242 та мурожаатнинг 226 таси кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилди. Мисол учун, “Самарқанд Арсел Продукт" хорижий корхонаси “Самарқанд банк” ОАТБ томонидан иккиламчи чет эл валютасидаги ҳисоб рақамига пул маблағлари ўтказиб берилишида тўсқинлик қилинаётганлигини маълум қилган. Мазкур мурожаатни ўрганиш натижасида судга даъво аризаси киритилиб, “Самарқанд банк” ОАТБ ҳисобидан хорижий корхона фойдасига 59,5 млн. сўм асосий қарз ҳамда 2,8 млн. сўм жарима ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Ўтган давр мобайнида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар манфаатини кўзлаб, тегишли идораларга 183 та тақдимнома ва 139 та кўрсатмалар киритилди ҳамда уларнинг ҳуқуқлари бузилиши мумкин эмаслиги ҳақида 221 нафар мансабдор шахс огоҳлантирилди. Таъсир чораларига асосан 142 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 8 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ҳамда ноқонуний ундирилган 199 млн. сўм маблағ корхоналарга қайтарилди.

Шунингдек, судларга хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар манфаатини кўзлаб даъво аризалари киритилган. Уларнинг 20 таси етказилган зарарни ноқонуний хатти-ҳаракат содир этган мансабдор шахснинг бевосита ўзидан ундиришни назарда тутади. Масалан, Самарқанд шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходими томонидан “Сиёвуш Алтра Самарқанд” қўшма корхонасидан текширув жараёнида ортиқча ҳужжатлар талаб қилгани аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан текширув ўтказган шахсдан қўшма корхона раҳбари фойдасига маънавий зарар ундириш ҳақида даъво аризаси киритилиб, суднинг ҳал қилув қарорига кўра, даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилди.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда ўтказилаётган бу каби текширишларнинг қонунийлигини таъминлашга назорат қилувчи органлар томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида улар фаолиятида 77 та ҳолатда текширишларни тайинлаш ва ўтказиш тартиби бузилганлиги аниқланди. Бунга нисбатан ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари кўрилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг эркин фаолият юритишлари учун ҳуқуқий база яратилган. Ўз навбатида, Адлия вазирлиги асосий эътиборни мазкур қонун ҳужжатлари нормаларининг ижро этилишига, жойларда қулай инвестиция муҳити шакллантирилишига жиддий эътибор қаратмоқда. Зеро, юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш, пировардида аҳолининг фаровон турмушини таъминлашда ушбу омиллар долзарб аҳамият касб этади.

А. УСМАНОВ, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари.