Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Болаларимиз бахтли бўлиши шарт

Дата: 20.08.2013    

Халқаро ҳуқуқий меъёрлар ва миллий қонунчилигимиз уйғунлиги мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, фарзандларимизнинг қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, энг муҳими, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Юртбошимизнинг “Фарзандларимиз биздан афзалроқ, биздан ўткирроқ, биздан пок­роқ, савоб ишларни биздан ҳам кўпроқ қиладиган бў­лиш­лари лозим. Улар жаҳон умумбашарий ютуқларини эгаллаши, тарихимизни, маданиятимизни, буюк аждодларимиз қолдирган меросни чуқур билмоғи керак. Бизнинг асосий куч-қудратимиз ва келажагимиз ана шунда. Бугун зўр умидлар билан қураётган янги жамиятимизнинг мазмун-моҳияти ҳам аслида ана шундадир”, деган сўзлари бежиз айтилмаган.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон Республикаси қўшилган илк халқаро шартнома Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция эканлиги ҳам бу борадаги эътиборнинг ўта муҳимлиги ва долзарблигидан далолатдир.

Бу билан Ўзбекистон болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича бир қанча халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олди.

Шуни таъкидлаш жоизки, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш учун Ўзбекистон халқаро ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўлида катта ишларни амалга оширмоқда. Амалдаги қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек, уларнинг ҳимоя­сига алоҳида эътибор берилган.

Маълумки, бола ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликнинг асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил этади. Унга мувофиқ бола туғилиши биланоқ унинг ҳуқуқ ва эркинликлари вужудга келади ҳамда давлат томонидан кафолатланади.

Болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий қонунчилигимиз Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга мувофиқ ҳолда такомиллаштиришга йўналтирилган.

2008 йил 7 январда қабул қилинган “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги Қонунда “бола”, “боланинг қонуний вакиллари”, “васийлик ва ҳомийлик”, “етим бола”, “жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган бола”, “ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар”, “ногирон бола”, “ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар”, “ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола” тушунчалари, шунинг­дек, бола ҳуқуқларининг асосий кафолатлари ҳамда ижтимоий ҳимоя­га муҳтож болалар ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари кўрсатиб ўтилган.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши давлат томонидан ёш авлодга кўрсатиладиган ғамхўрлик, шунингдек, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишни амалга оширишни янги даражага кўтарилишига замин яратди.

Маълумки, фарзандларнинг яхши яшаши, камол топиши учун оила бирдан-бир макон ва табиий муҳит ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Оила кодексининг 2-моддасига асосан, бола туғилган ва яшаб турган оилага унинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолга етиши ҳақида ғамхўрлик қилиш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган.

Юртбошимиз бола тарбияси ҳақида шундай деган эди: “Ҳар бир оқил инсоннинг ва жамиятимизнинг муқаддас вазифаси, айтиш мумкинки ҳаётининг маъноси қобил фарзандлар ўстириш, уларни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан мукаммал қилиб тарбиялаш, камолини кўриш, ота-онасига, Ватанига садоқатли кишилар этиб вояга етказишдан иборатдир”.

Ҳуқуқий нормалар ёш авлодни меҳнатга тўғри муносабатда бўлиш, давлат ва жамият олдидаги ўз бурчларини тўғри тушуниш ва уни оғишмай амалга ошириш руҳида тарбиялайди.

Ёшларга ҳуқуқий тарбия бериш шахснинг тўғри ўсиб-улғайишини таъминлайди, уни бурч ва вазифаларни билиб олишга, қонунларга ҳурмат билан қарашга ўргатади.

Бу борада Адлия вазирлигига бир қатор вазифалар юклатилган.

Жумладан, Президентимизнинг 2011 йил 23 августдаги Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга кўра, вазирликнинг асосий вазифаларидан бири жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданиятини оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишларини самарали мувофиқлаштиришни амалга оширишдан иборатдир.

Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, адлия органлари томонидан тизимли ва режали ишлар амалга ошириб келинмоқда. Биргина, 2013 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини рақамларда ифодалайдиган бўлсак, вояга етмаганлар бўйича кенг жамоатчилик орасида тушунтиришлар юзасидан қарийб 4000та ҳуқуқий тар­ғибот тадбирлари амалга оширилди.

Жойларда давлат ҳокимлиги маҳаллий органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари масъул ходимларининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенцияни амалга ошириш масалалари бўйича билимларини оширишга доир мунтазам фаолият кўрсатадиган семинарлар ташкил этилган.

Ҳудудий адлия идоралари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда жойларда “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари”, “Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари”, “Гиёҳвандлик — аср вабоси”, “Одам савдосига қарши кураш — давр талаби” мавзуларида 1137 та тушунтириш маърузалари, 1460 та давра суҳбати, 528 та семинар, 6 та илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 29 март куни “Обод турмуш йили”га бағишлаб, юридик соҳага ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг ҳуқуқий билими ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, Конс­титуция ва бошқа қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларнинг эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ҳамда “Микрокредитбанк” ОАТБ ҳамкорлигида “Ёш ҳуқуқшунослар” Республика кўрик-танловининг 2013 йилги республика босқичи ўтказилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 июнида пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида Меҳрибонлик уйларининг минг нафар тарбияланувчилари учун “Эртамиз бугундан бошланади” мавзусида кўргазмали семинар ташкил этилди.

Амалга оширилаётган фаолиятимиз ҳуқуқий пойдевори мустаҳкам, маънавий қадриятлар барқарор мустақил Ўзбекистоннинг ривожланишини таъминлайди. Бу борада Юртбошимизнинг “Бизнинг келажагимиз, энг ишончимиз, мадад таянчимиз бу ўсиб келаётган ёш авлодлардир. Мен ўзим тақдиримни ҳам, мамлакатимиз ва мустақиллигимиз тақдири ва келажагини ҳам ана шу ёшлар қиёфасида, уларнинг пок қалби, эркин тафаккури, мустаҳкам иродаси ва дунёқарашида кўраман”, деган сўзлари алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Шуҳрат АБДУХАЛИМОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими