Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Тараққиётнинг ҳуқуқий асослари адлия тизими фаолиятини такомиллаштирмоқда

Дата: 13.09.2013    

Мустақиллик ўзбек халқининг азалий орзуси, улуғ аждодларимизнинг армони эди. Не бахтки, бугун ўзини англаган ҳар қайси юртдошимизга ҳар йили асрга татигулик даврда яшаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига дахлдорлик ҳиссини туйиш насиб этмоқда.2203134.jpg

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, биз юртимизда янги ҳаёт барпо этишнинг биринчи кунларидан бошлаб ҳақиқий эркинлик ва истиқлолга эришиш фақат мустақилликни қўлга киритиш эмас, балки уни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан қуриш ва мустаҳкамлаш, халқаро ҳамжамиятда ўзимизга муносиб ўрин эгаллашдан иборат эканини англаб олдик.

Мустақиллик аввало ҳуқуқ эканини, фақат мустақиллик орқалигина шахс ўз қадр-қиммати, ғурурини баланд тута олиши мумкинлигини англаб етдик. Энг муҳими, юртимизда яшаётган, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари амалда таъминланаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Мамлакатимизнинг сўнгги йигирма икки йиллик тараққиёти давомида қўлга киритилган ютуқлар қоғозга туширилса, шубҳасиз, том-том асарларга мавзу бўлади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, «Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг манфаатлари учун» деган эзгу тамойил халқимизни ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида бирдек сафарбар этиб, барча ютуқларимизнинг ҳаётбахш манбаи бўлиб келаётир. Бу Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 22 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорида ҳам алоҳида эътироф этилди.

Дарҳақиқат, юртимизда амалга оширилган барча ислоҳотлар замирида инсонга, унинг манфаатларига чуқур ҳурмат ва эҳтиром мужассам. Тарихан қисқа вақт ичида инсон қадр-қиммати, шаъни, ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қонунчилигимиз умуминсоний тамойиллар ва миллий қадриятлар асосида ривожлантирилди. Бу эса барча соҳаларда эришилган ютуқларнинг бош омили эди десак, муболаға бўлмайди. Энг муҳими, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлини танлаган Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш тараққиётнинг, давлат қурилиши, ички ҳамда ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгиланди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, унинг натижалари жамиятимизда қонун устуворлигини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этибгина қолмай, бошқа давлатлар учун ҳам ўрнак бўлмоқда.73003925.jpg

Олиб борилаётган изчил ислоҳотлар барча соҳалар қатори қонунчилик тизимини ҳам такомиллаштириб, янгилаб боришни тақозо этмоқда. Мазкур жараён адлия органлари зиммасига катта масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолиятимизни замон талаблари даражасида ташкил этишда барча имконият ва интеллектуал салоҳият ишга солинмоқда.

Хабарингиз бор, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган концепцияда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш ҳамда шу орқали соҳада қонунийликка эришишнинг энг самарали механизмларини яратиш, тайёрланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунларга, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга мос бўлишини таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланган эди. Адлия вазирлиги томонидан юқоридаги талаблардан келиб чиқиб, қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун ҳуқуқий ислоҳотлар талаблари асосида кўплаб қоида ва нормалар билан тўлдирилди. Айни чоғда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига бўлган талаблар кучайтирилди. Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги қонун идоравий норма ижодкорлиги фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.

Ҳуқуқий экспертизалар жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бунда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаб бартараф этиш, таъсирини чеклашга оид таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Умуман, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вазирлик томонидан 23 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, 7 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 692 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган бўлса, 767 таси давлат ҳисобига олинди.

Яна бир гап. «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Президентимизнинг фармойиши асосида ҳозир Бухоро ва Самарқанд вилоятларида синовдан ўтказилмоқда ва мазкур экспериментда адлия органлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Бу ҳуқуқ амалиётида ўзига хос ноёб тажриба бўлиб, қонун лойиҳасини маромига етказишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Халқимиз ҳаётида азал-азалдан хусусий тадбиркорлик, ишбилармонлик алоҳида ўрин тутган. Соҳибқирон Амир Темурнинг «Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир» деган сўзлари айнан мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлди. Тарихий анъаналаримиз асосида кичик бизнесни ривожлантириш ва рағбатлантириш мамлакатимизнинг бугуни ва эртасини белгиловчи муҳим масалалардан бири сифатида эътироф этилди.ekonomika-uzbekistan.jpg

Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга оид чора-тадбирларни белгилаш, 80 та рухсат берувчи тартиб-қоида, фаолиятнинг 15 тури бўйича лицензиялашни бекор қилиш, шунингдек, статистик ҳисоботларни тақдим этиш шакллари ва даврийлигини 1,5-2 бараварга қисқартириш, бу масалаларни норматив-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда адлия хо-димлари ҳам фаол иштирок этдилар.

Адлия вазирлиги тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Соҳага оид айрим муаммоларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитни яратишга оид қонунчилик базасини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар тайёрланди. Жумладан, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонундаги айрим ҳуқуқий асослар бўйича амалдаги қонунларга ўзгартишлар киритиш ҳақида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда, «Тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлаш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳалар соҳадаги муносабатларни такомиллаштириш, тадбиркорларга янада кенгроқ эркинлик бериш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Маълумки, давлатимиз томонидан мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб ёшларимизнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан етук авлод бўлиб улғайиши йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Бу ўтган йили февраль ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти» мавзусидаги халқаро конференцияда ҳам ўз исботини топди. Унда қатнашган минг нафар иштирокчи, жумладан, дунёнинг 50 га яқин давлатидан, бир қатор халқаро ташкилот ва таълим жамғармаларидан келган 270 вакил «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини жорий этиш борасидаги Ўзбекистон тажрибасини халқаро миқёсда ўрганиш мақсадга мувофиқ деб эътироф этди.

Мустақиллик йилларида олий таълим тизимининг таркибий қисми сифатида юридик таълимни тубдан ислоҳ қилиш, ёш ҳуқуқшуносларни ҳар томонлама билимли ва маънавий баркамол қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг шу йилнинг 28 июнида қабул қилинган «Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори, шубҳасиз, юридик таълим сифати ва самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.mexanicheskiy-zavod-new-building-2013.jpg

Ушбу қарорга мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тошкент давлат юридик институти университетга айлантирилди. Ҳозир ТДЮУнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув, илмий-методик бўлинмалари ва кафедраларини замонавий техник воситалар, ахборот-коммуникация тизимлари ва дастурий мажмуалар билан таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, ўқув корпуслари янги бинолар ҳисобига кенгайтирилмоқда. Талаба ва ўқитувчилар учун замонавий хизмат кўрсатишга мўлжалланган комплекслар бунёд этилади. Ушбу саъй-ҳаракатлар ўқув-тарбия жараёнини оптималлаштириш, ўқувни бир сменали тартибда олиб бориш, энг асосийси, назария ва амалиёт уйғунлигига эришиш имконини беради.

Қарор асосида университетда янги йўналишлар очилгани, жумладан, «Тадбиркорлик-ҳуқуқий фаолият (бизнес ҳуқуқи)» йўналиши бўйича ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашнинг белгилангани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу — мамлакатимиздаги иқтисодий масалаларнинг самарали ҳуқуқий ечимини топиш, Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларини халқаро майдонда ишончли ҳимоя қилиш имконини беради. Шу билан бирга, ёшларимизнинг халқаро иқтисодий муносабатлар билан боғлиқ ҳуқуқий билимларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Юристлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш соҳаси ҳам ҳукуматимизнинг диққат-эътиборида бўлиб, махсус қарор асосида Юристлар малакасини ошириш марказининг тузилмаси ва янги таҳрирдаги устави тасдиқланди. Ўтган йили Президентимизнинг «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» ва «Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонлари қабул қилинди. Уларда бошқа манфаатдор идоралар қатори адлия органлари зиммасига ҳам вазифалар юклатилди.

Юртбошимизнинг «Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида вазирлигимизнинг махсус буйруғи қабул қилинди. Унда судья лавозимига захирага киритиш учун номзодларни танлаш, тайёрлаш, тақдим этишда адлия органлари ва муассасаларининг бевосита иштирокини таъминлаш, Олий суд, Олий хўжалик суди ва судьяларнинг малака ҳайъатлари билан узвий ҳамкорлик механизмларини жорий қилиш, судьялик лавозимларига номзодларни тавсия этиш жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш бўйича зарур тамойиллар белгиланди.

Адлия органлари ва муассасаларида судья лавозимига захирага киритиладиган номзодларни ёши, мутахассислиги бўйича иш стажи, касбий маҳорати ва эгаллаб турган лавозимидаги фаолияти, ишчанлик, шахсий ва ахлоқий фазилатлари, судьяликка лаёқати, ҳаётий тажрибаси ва жамоадаги обрў-эътибори каби мезонлар бўйича алоҳида ўрганиш тартиби жорий этилди.

Фармонда белгиланганидек, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида захирага олинган судьяликка номзодлар учун уч ойлик қайта тайёрлов ва амалдаги судьялар учун икки ҳафталик малака ошириш курслари ташкил этилди. Мазкур курсларга тингловчилар, яъни судья ва номзодлар Олий суд ҳамда Олий хўжалик суди томонидан тасдиқланган тақсимот асосида юборилади. Ўтган йиллар мобайнида марказда жами 20 мингга яқин юрист ўқитилган бўлса, уларнинг 2100 нафардан ортиғи судьяликка номзодлар ва қарийб 2 минг нафари амалдаги судьялардир.

Тергов органлари ва судлар фаолиятида жиноятларни очиш, одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ фан-техника ютуқларидан самарали фойдаланиш тобора кенгайиб бормоқда. Шу жиҳатдан мамлакатимизда суд экспертизасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу ҳужжатга асосан Марказий Осиёда ягона бўлган Республика суд экспертизаси марказининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятини, фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, суд экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини ошириш, соҳага оид илмий-тадқиқот ишларини такомиллаштириш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.Фермерлар коллаж.jpg

Ушбу қарор билан 2012 — 2015 йиллари Республика суд экспертизаси марказини ривожлантириш дастури тасдиқланди. Марказда рақамли технологиялар, электроакустик монтаж белгилари асосида аудио ва видеоманбаларни комплекс тадқиқ қилиш; ер участкаларига бўлган эгалик ҳуқуқлари қийматини баҳолаш; ташқи савдо фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизаси; суд-экологик экспертизаси; суд-сиёсатшунослик-лингвистик экспертизаси; суд-филологик экспертизаси каби тадқиқотларнинг янги турларини жорий этиш режалаштирилган.

Адлия вазирлигининг яна бир муҳим тузилмаларидан бири – Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти томонидан суд қарорларини мажбурий ижро этиш самарадорлигини ошириш, судларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш, суд биноларини қуриш, капитал таъмирлашда ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Суд ижрочиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун малака ошириш курслари ташкил этилди.

2012 йил 29 декабрда суд қарорларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш, Суд департаменти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда суд ижрочилари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан суд ижрочиларининг туман (шаҳар) бўлимларини тоифалаштириш тизими жорий этилди ҳамда Суд департаменти ва унинг ҳудудий бўлимларининг намунавий тузилмалари тасдиқланди. Унга кўра Суд департаменти ва унинг ҳудудий бошқармаларида тегишли равишда суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими ҳамда суриштирув секторлари ташкил этилди.

Бугун адлия органлари ва муассасалари мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида муҳим вазифаларни амалга оширмоқда. Қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида эришилган ютуқлар барчамизда ифтихор туйғусини уйғотиш билан бирга, зиммамизга улкан масъулият юклайди.

Адлия органлари ва муассасалари бундан буён ҳам мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида астойдил фаолият олиб боради. Истагимиз — истиқлолимиз нурафшон бўлиб, мамлакатимиз янада равнақ топсин ва халқимизнинг турмуш фаровонлиги бундан-да юксалиб, адолат тамойили мудом устувор бўлсин. Зеро, адолат жамиятнинг ҳам, давлатнинг ҳам энг буюк маънавий таянчидир.

Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири