Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Талаблар кучайтирилди

Дата: 02.10.2013    

Энг аввалло, аудиторнинг малака сертификатига қўйиладиган талаблар ҳақида сўз юритишдан аввал аудиторнинг малака сертификати тушунчаси ҳақида тўхталиш лозим.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Қонуни 31– моддасига асосан аудиторнинг малака сертификати деганда, аудиторнинг малакасини тасдиқловчи ва аудиторлик ташкилоти номидан аудиторлик хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат тушунилади.

Ўзбекистон Республикасининг "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Қонунига киритилган ва 2013 йил 1 майдан кучга кирган ўзгартириш ва қўшимчалар асосида, Молия вазирлиги томонидан Аудиторлар палатаси билан келишилган ҳолда, 2000 йил 13 октябрда Адлия вазирлиги томонидан 977-сон реестр рақами билан рўйхатдан ўтказилган “Аудитор малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар 2013 йил 2 сентябрда расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди. Низомга киритилган асосий ўзгартириш ва қўшимчаларга тўхталиб ўтамиз.

Жумладан, аудитор малака сертификатини олишнинг асосий шарти малака имтиҳонини муваффақиятли топшириш зарурлиги ҳисобланади. Малака имтиҳонини топширишга белгиланган мажбурий талабларга жавоб берадиган талабгорлар киритилади. Бунда аввал белгиланган талаблар бухгалтер халқаро сертификати (CAP, CIPA ва бошқалар) эгалари учун аниқлаштириладиган меъёрлар билан тўлдирилди.

Хусусан, 2013 йилнинг 2 сентябридан бошлаб бухгалтер халқаро сертификатига эга бўлган талабгор учун иш стажи сўнгги ўн йил ҳисобидан ҳисобга олинади. Бухгалтер халқаро сертификатининг эгаси аудитор малака сертификатини олишга ҳужжатларни тақдим этаётганда, ўзининг аризасига сертификат нусхаси билан бирга сўнгги беш йил учун йиллик малака оширишни тасдиқловчи гувоҳномалар нусхасини ҳам илова қилиши шарт. Бухгалтер халқаро сертификатининг олинганига беш йилдан кам вақт ўтган бўлса, йиллик малака оширишни тасдиқловчи гувоҳномалар нусхалари бухгалтер малака сертификати олган йилдан кейинги йилдан бошлаб тақдим этилади.

Юқорида келтирилган қўшимча талабларга шунингдек аудиторлар томонидан ҳамда аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш ҳолларида риоя қилиш лозим.

Шунингдек, Низомнинг 4.4-бандига талабгорга аудитор малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонини топширишга рухсат беришда рад этиш қисмида қўшимчалар киритилди. Энди талабгорга имтиҳонни топширишга рухсат беришда рад этиш учун асос бўлган эътирозларни бартараф этиш учун аниқ 10-кунлик муддат белгиланди. Ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш уч кун мобайнида амалга оширилади. Талабгорнинг аризасини қайта кўриб чиқишда йиғим ундирилмайди. Таъкидлаб ўтиш лозимки, агар малака имтиҳонини топширишга рухсат беришда рад этиш учун асос бўлган эътирозлар 10 кун мобайнида бартараф этилмаса, талабгорнинг аризаси қайта топширилган, деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, аудитор малака сертификати бўйича барча ахборотнинг бутлигини сақлашни таъминлаш мақсадида, агар мазкур сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтиришга оид реквизитлари тўлдирилган бўлса, янги аудитор малака сертификатида (пастки ўнг бурчагида) аввал берилган аудитор малака сертификати ҳақидаги маълумотларни акс эттирувчи алоҳида ёзув амалга оширилади. Мазкур қўшимча Низомнинг 7.7-бандида акс эттирилди.

Киритилган ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда, аудитор малака сертификати эгалари томонидан паспорт маълумотларининг ўзгариши ёки сертификатнинг йўқолиши муносабати билан Молия вазирлигига сертификатни қайта расмийлаштириш учун аризаларни тақдим этишнинг бир хиллигини таъминлаш мақсадида Низомнинг 6-иловаси билан ариза шакли тасдиқланди.
Хулоса ўрнида шуни таъқидлаш лозимки, Ўзбекистон Републикаси “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунига ва шу асосда қабул қилинган қонун ости ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар аудиторлик фаолияти соҳасидаги муносабатларини тартибга солишнинг янги бир механизмини яратишга имконият яратади.

Камол Халиков,

Адлия вазирлиги етакчи маслаҳатчиси