Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини ҳамда оилавий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш – амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг асосий йўналиши ҳисобланади. Зеро, тадбиркорлик ривожи – юртимиз ва иқтисодиётимиз тараққиёти гаровидир.

Шу боис ҳам истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида юртимизда иқтисодий-ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларни ислоҳ этиш, эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш борасидаги ислоҳотлар мантиқий изчилликда босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, сўнгги йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари натижасида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартиби жорий этилди, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини фақат солиқ идоралари текшириши мумкинлиги ва тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай санкциялар суд қарорига биноан қўлланилиши белгиланди, шунингдек ҳисобот тақдим этишнинг барча шакллари ва турлари, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашув ва текширишлар сони кескин қисқартирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4354-сонли Фармони ҳамда 2011 йил 25 августдаги “Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1604-сонли Қарорларига асосан тижорат банкларида миллий валютада ҳисоб рақами очганлик учун тўлов ундириш бекор қилинди, товарларни экспорт қилишда тўланадиган божхона расмийлаштируви йиғинлари амалдагига қараганда ўртача 2 маротабага, шунингдек, саноат соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–4434-сонли Фармони асосида хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кенг кўламдаги кафолатлар, имтиёзлар ва афзалликлар тизими яратилди.

Жумладан, ушбу фармонга мувофиқ:

- хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек бир қанча солиқ ва мажбурий ажратмалар тўлашда мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўллашга ҳақлидирлар;

- қиймати 50 миллион АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида, ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш бюджет маблағлари ҳамда бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши кўрсатилган.

Ушбу фармоннинг тадбиркорлик субъектлари учун энг аҳамиятли жойи шундаки, мазкур Фармонда кўрсатилган имтиёзлар 2012 йилнинг 2-чорагидан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти истисно этилган ҳолда, республиканинг барча минтақаларида жойлаштириладиган хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга ҳам татбиқ этилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-3594-сонли фармонига мувофиқ тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этадиган ва ушбу фармон иловасида кўрсатилган рўйхат бўйича иқтисодиёт тармоқларида маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар юридик шахсларнинг фойдасидан олинадиган солиқ, мулк солиғи, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва ободонлаштириш солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ тўлашдан, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинган.

  Мазкур солиқ имтиёзлари тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳажми қуйидагича бўлганда берилади:

  300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача — 3 йил муддатга;

  3 миллиондан ортиқ АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача — 5 йил муддатга;

  10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда — 7 йил муддатга қўлланилади.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда тадбиркорлик учун янада кенг имтиёз ва қулай муҳит яратилганини, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими кучайтирилгани англатмоқда.

Давлатимиз томонидан тадбиркорларни нафақат иқтисодий ва ҳуқуқий балки маънавий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2012 йил 2 май куни “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг эски таҳрирдаги Қонундан аҳамиятли томони қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, мазкур қонунда Тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги деб номланган янги норма (11-модда) киритилди. Унга асосан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилиши белгиланди.

Иккинчидан, кичик бизнес соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини турли хил инсофсиз рақобатдан ҳимоя қилиш мақсадида Инсофсиз рақобатга йўл қўйилмаслиги (12-модда) деб номланган янги норма киритилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда афзалликлар олишга қаратилган, қонун ҳужжатларига, иш муомаласи одатларига зид бўлган ва бошқа тадбиркорлик субъектлари бўлган рақобатчиларга зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатларига йўл қўйилмайди.

Учинчидан, янги таҳрирдаги Қонунда тадбиркорларга енгилликлар яратиш ва уларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олиш мақсадида ҳисоботларнинг электрон шаклда тайёрланиши ва топширилиши бўйича янги норма киритилди. Жумладан, Қонуннинг 17-моддасига асосан ҳисобот тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра қоғозда ва (ёки) электрон шаклда тайёрланиши мумкин. Тадбиркорлик субъектларининг электрон шаклда тақдим этилган ҳисоботи тадбиркорлик субъектининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Давлат тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон шаклда ҳисоб юритилишини дастурий таъминотни имтиёзли шартларда ёки бепул тарқатиш орқали рағбатлантиради.

Тўртинчидан, ушбу қонун талабларига кўра тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибда тақдим этган молия ва солиқ ҳисоботини, шунингдек тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида ўтказиладиган камерал назорат натижалари бўйича қоидабузарликлар аниқланган ҳоллардагина давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкинлиги белгиланди.

Бешинчидан, ушбу қонун асосида тадбиркорлик субъектларига бир қатор ҳуқуқлар берилганлиги билан бир қаторда, уларнинг масъулияти ҳам оширилди. Хусусан, Қонуннинг 9-моддасида тадбиркорлик субъектларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш, рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш каби мажбуриятлар юклатилди.

Олтинчидан, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун асосида тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш кафолатлари белгиланди. Хусусан, Қонуннинг 31-моддасида тадбиркорлик субъектлари томонидан мурожаат қилиш, давлат органлари ва хўжалик бошқарувчи органлари томонидан ушбу мурожаатларни кўриб чиқишнинг ҳуқуқий механизми ишлаб чиқилди. Бу эса ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқларини эркин амалга ошириш ҳамда бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолотлайди.

Еттинчидан,  мазкур қонун асосида тадбиркорлик субъектларининг пул маблағларини тасарруф этиш кафолатлари яна мустаҳкамланди. Хусусан,  агар қонунда ёки шартномада бошқача муддатлар назарда тутилган бўлмаса, банк ёки бошқа кредит ташкилоти тадбиркорлик фаолияти субъектининг ҳисобварағига келиб тушган пул маблағларини тегишли тўлов ҳужжати банкка келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмасдан мазкур ҳисобвараққа киритиб қўйиши, тадбиркорлик фаолияти субъектининг топшириғига кўра ҳисобварақдан пул маблағларини бериши ёки ўтказиши шартлиги, ҳисобварақ бўйича операцияларнинг белгиланган муддатлари бузилган тақдирда, банк ёки бошқа кредит ташкилоти тадбиркорлик фаолияти субъектига қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва муддатларда фоизлар тўлаши,  банк ёки бошқа кредит ташкилоти ҳисобварақда турган пул маблағларидан фойдаланганлиги учун тадбиркорлик фаолияти субъектига фоизлар тўлаши, фоизларнинг суммаси унинг ҳисобварағига киритиб қўйилиши кўрсатилган.

2012 йил 26 апрелда “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун 35 моддадан иборат бўлиб, унинг асосий мақсади оилавий тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу қонун билан тадбиркорликни ривожлантиришда қуйидаги имтиёзлар берилган:

- Оилавий корхона тадбиркорлик субъекти сифатида юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳамда кичик тадбиркорлик субъекти сифатида белгиланди;

- Оилавий корхона иштирокчилари оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланган бир пайтда қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимларни ёллашни амалга ошириши мумкин;

-  Оилавий корхона бошлиғи ўзгарган, иштирокчи оилавий корхона таркибига ихтиёрий равишда кирган (ундан чиқиб кетган), эр ва хотин ўртасидаги никоҳ бекор қилинган ёки оилавий корхона иштирокчиси вафот этган ва бу ҳоллар оилавий корхона балансига берилган оилавий корхона иштирокчиларининг мол-мулки рўйхатида ўзгаришларга сабаб бўлган тақдирда, таъсис шартномасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Бунда оилавий корхонани қайта давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди;

-  Оилавий корхона қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ягона солиқ тўловини тўловчилиги ва  Оилавий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин унинг иштирокчилари тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди;

- Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди, бундан фаолиятнинг айрим турлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Бундан ташқари, қонунда оилавий корхона фаолиятини текширишларнинг чекланиши белгиланган бўлиб, унга кўра оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта амалга оширилиши белгиланган.

Янги ташкил этилган оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолияти у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди, бундан бюджет маблағларидан ва марказлаштирилган маблағлардан ҳамда ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ текширишлар мустасно.

Энг аҳамиятли жойи шундан иборатки, Қонуннинг 28-моддасида оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши, коммунал хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминоти корхоналари зарур коммуникация тармоқларининг оилавий корхона фаолияти амалга оширилаётган жойгача етказилишини ҳамда уланишини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида таъминлаши белгилаб қўйилди.

Мазкур қабул қилинган нарматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тадбиркорликнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар фаолиятини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий механизми яратилиши масаланинг бир томони бўлса, уни амалиётга тўғри самарали жорий этиш муҳим ҳисобланади. Бу эса биздан чуқур билим ва малака энг аввало фидоийликни талаб қилади.

Бу эса барча давлат идоралари қатори адлия органларига ҳам катта масъулият юклайди. Шу муносабат билан Бухоро вилоят адлия бошқармаси тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини бузилиши ҳолатларга чек қўйиш, тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларига риоя қилинишини яхшилаш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида жойларда доимий тарзда ўрганиш ишлари, шунингдек тарғибот тадбирларини ҳам олиб бормоқда.

Хусусан, тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкорликда 2012 йилнинг ўтган даври давомида жойларда жами юзга яқин тарғибот ишлари олиб борилди.

Шу билан бирга, адлия бошқармасига тадбиркорлик субъектлари томонидан берилган ариза ва шикоятларни ҳамда “Ишонч телефони” орқали қилинган жами 19 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 38,8 фоизи қаноатлантирилган.

Адлия бошқармаси томонидан назорат қилувчи ва давлат бошқаруви органларини тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларини олдини олиш мақсадида улар фаолияти мунтазам равишда ўрганиб борилмоқда. Хусусан, ўтказилган ўрганишлар давомида улар фаолиятида мингга яқин турли қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Ўтказилган ўрганишлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш юзасидан жами 49 та тақдимнома, 103 та огоҳнома, 19 та кўрсатмалар киритилди. Кўрилган чоралар натижасида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклаган давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг 3 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди, адлия бошқармасининг таклифларига асосан 11 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка, 19 нафар шахс эса интизомий жазо чораларига тортилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даври давомида тадбиркорлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш, уларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисида судларга қарийб 11 млн. сўмлик 21 дан ортиқ даъво аризалари киритилди.

Таъкидлаш керакки, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятига нисбатан ҳар қандай тўсиқ ва ғовларни бартараф этишда қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилиш, уларнинг ижросини тўлиқ ва бир хилда таъминлаш адлия органларининг доимий вазифаси бўлиб қолади.

Қолаверса, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, бу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаган ҳолда амалда тўлиқ ва бир хилда ижросини ташкил этиш – барча давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг устувор вазифаси ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – жамиятимизнинг, бугунги ва келажак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиши шарт.

Бухоро вилоят адлия бошқармаси

бошлиғи биринчи ўринбосари

Анвар РЎЗИЕВ