Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Қайд этиш жоизки, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳит шакллантирилди. Тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш айниқса хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун йўли билан кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар яратишни мамлакатимиз ўз олдидаги устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олди.

Шу боис ҳам истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларни ислоҳ этиш, эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш борасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари асосида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартиби жорий этилди, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини фақат солиқ идоралари текшириши мумкинлиги ва тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай санкциялар суд қарорига биноан қўлланилиши белгиланди, шунингдек ҳисобот тақдим этишнинг барча шакллари ва турлари, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашув ва текширишлар сони кескин қисқартирилди.

Мамлакатда яна ҳам қулайроқ инвестиция муҳитини яратиш, ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантириш, шунингдек, хорижий инвесторлар билан ишлашдаги мавжуд бюрократик ғовлар ва тўсиқларни бартараф этиш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятига давлат ва назорат идоралари томонидан ноқонуний аралашувларга йўл қўймаслик борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари қабул қилиниб, хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кенг кўлламда кафолатлар, имтиёзлар ва афзалликлар тизими яратилган.

Шунингдек, Президентимизнинг 2010 йил 12 ноябрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да ҳам демократик бозор ислоҳотлари жараёнларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, шу жумладан тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни мамлакатимизга кириб келишига кенг йўл очиб бериш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш борасида келгусидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ҳозирги кунда Бухоро вилоятида 64 та хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан давлатимизнинг турли соҳаларида инвестициялар келишига кенг йўл очиб бериш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир мунча амалий ишлар олиб борилган. 
Жумладан, адлия бошқармаси томонидан хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар манфаатларини кўзлаб, 2012 йилнинг 1-чораги давомида Бухоро вилоят хўжалик судига 9.932.000 сўмлик 19 та даъво аризалари киритилиб, Бухоро вилоят хўжалик суди томонидан кўриб даъво аризалар қаноатлантирилди.

Хусусан, Бухоро шаҳрида фаолият кўрсатаётган масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон-Хитой “Bukhara brilliant Silk” қўшма корхонаси билан Пешку туманидаги “Рамзиддин Рамазон Асли” фермер хўжалиги ўртасида 2010 йил 16 декабрь куни пилла хом-ашёсини етиштириш бўйича контрактация шартнома тузилиб, шартнома шартлари фермер хўжалиги томонидан бажарилмаганлиги сабабли 500.000 сўмлик асосий қарз ҳамда етказиб берилмаган маҳсулот қийматининг 25 фоизи миқдорида яъни 283.050 сўм жарима ундириш бўйича даъво ариза билан хўжалик судига мурожаат қилинган. Ушбу даъво ариза суд томонидан қаноатлантирилди.

Шунингдек, “Bukhara brilliant Silk” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси билан Хитой Халқ Республикасининг “Хinjiang helil International Trade CoLtd” корхонаси ўртасида 12.01.2012 йилда тузилган импорт контрактини рўйхатга қўйиш мажбуриятини юклаш тўғрисида Бухоро вилоят хўжалик судига даъво ариза киритилган бўлиб, хўжалик судининг 07.02.2012 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогар яъни “Bukhara brilliant Silk” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг даъвоси тўлиқ қаноатлантирилиб, АТ “Саноатқурилишбанк” Бухоро вилоят филиалига томонлар ўртасида 12.01.2012 йилда тузилган 01-12-сонли импорт контрактини рўйхатга олиш мажбурияти юклатилган.

Юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга тўғридан-тўғри қуйилмалар киритаётган хорижий инвесторлар учун максимал даражада қулай инвестиция муҳитини яратиш, республика ҳудудларида хорижий сармоялар ва замонавий технологиялар жалб этилиши рағбатлантиришини кучайтириш, хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кафолатлар ва имтиёзлар тизимини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги ПФ-4434-сонли “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Юқоридаги Фармонга асосан хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўллашга ҳақлидирлар.

Жумладан, мазкур Фармон билан, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ доллари миқдоригача бўлса 3 йил муддатга, 3 миллиондан- 10 миллион АҚШ долларигача бўлса 5 йил муддатга, 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда 7 йил муддатга солиқ имтиёзлари берилган.

Қиймати 50 миллион АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида, ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш бюджет маблағлари ҳамда бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, тижорат банклари томонидан хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти билан боғлиқ қўшимча талаблар ва чекловлар ўрнатилиши қатъиян тақиқланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур фармонга асосан Давлат мулкини хорижий инвесторларга сотишда тендер (танлов) савдоларини ўтказиш бўйича Давлат комиссиясига хорижий инвесторларнинг буюртманомалари бўйича хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни барпо этиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг балансида бўлган паст ликвидли объектларни аниқ инвестиция мажбурияти остида инвестор билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан танлов ўтказмасдан «ноль» харид қиймати бўйича сотиш ҳуқуқи берилди.

Шу каби бир қатор норматив ҳужжатлар қабул қилиниши тадбиркорларимизга кенг йўл очиб берилаётганлигининг исботидир.

Тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очиб бериш ва турли имкониятлар яратилиш мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлайди ва халқимиз турмуш-тарзи фаровонлигини кафолатлайди.

Бухоро вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Р.Джураев