Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Обод турмушнинг соғлом фарзандлари

Ер юзида эртанги куни, авлодлари тақдири ҳақида қайғурмайдиган бирон бир халқ бўлмаса керак. Наслининг, миллатининг ор-номусини, ғурур, ифтихорини, истиқболини ўйлайдиган ҳар бир одам ортида соғлом зурриёт, соғлом авлод қолишини истайди. Бу бутун инсониятга хос фазилат. Айниқса, бизнинг болажон халқимиз ўзи емаганни, ўзи киймаганни боласига илинади, эртаси бугунидан порлоқ бўлсин, дея ният қилади. Ҳаёти мазмунини фарзандлар бахту камолида кўради, унинг порлоқ келажаги йўлида бор-йўғини аямайди.

Дарҳақиқат, энг олий мақсад ва орзуларимиз фарзандларимизнинг бахту иқболи, камоли билан боғлиқ. Муҳтарам Презедентимиз таъбири билан айт­ганда, "...барча эзгу ниятларимизнинг марказида фар­занд­ларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом ва баркамол қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини қуриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялаш орзуси туради". Бу бежиз эмас. Чунки, ёш авлод ҳар қандай мамлакатнинг қудратини белгилаб берувчи улкан куч ҳисобланади.

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтариб келинмоқда. Бу олижаноб мақсад йўлида қилинган улкан ишларни болаларимизнинг соғлом туғилиши ва улғайиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, қолаверса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда кўришимиз мумкин. Янги 2014 йилнинг "Соғлом бола йили" деб аталиши эса соғлом она – соғлом бола умуммиллий дастурларимиз доирасида амалга оширилиши лозим бўладиган яна бир қадам дейиш мумкин.

Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимида сўзлаган маърузасида бу ҳақда тўхталар экан, жумладан шундай деди, – Азал-азалдан ҳар қайси ота-она ўз боласининг соғлом ва баркамол, 
ақл-заковатли, бахтли бўлишини истайди. Шундай фарзандни вояга етказиш, унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш – ота-онанинг энг улуғ, энг муқаддас орзуси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Соғлом болани вояга етказишда оналар ва болалар саломатлигини асрашга хизмат қиладиган тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бўлғуси келин-куёвларнинг никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби жорий қилинган. Бундан кўзланган мақсад соғлом оила қуриш, соғлом болани дунёга келтириш билан боғлиқдир. Соғлом бола деганда, нафақат жисмонан, балки руҳан, маънан соғлом болани тушунишимиз керак. Бундай фарзандни тарбиялаш учун ҳеч қандай жиҳатни назардан четда қолдирмаслик зарур. Уларнинг яхши ўқиши, сиҳат-саломатлиги, спорт билан шуғулланиши ва турли зарарли одатлар, ёт ғоялардан ҳимояланиши, буларнинг ҳаммаси бирдек муҳим.

Соғлом бола йилининг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида гапирар эканмиз, – дейди ўз маърузасида Президентимиз, – халқимиз ўртасида кенг тарқалган "Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур", деган ҳикматли иборани яна бир бор эсга олишимиз ўринли бўлади. Бу йўлдаги энг муҳим омил – ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмасдан, бошини баланд кўтариб яшайдиган, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, халқимиз интилаётган келажаги буюк давлатни барпо этишга қодир бўлган баркамол авлодимиз, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Бугунги кунда фарзандларимизнинг нуфузли фан олимпиадалари ва спорт соҳасида жаҳон ареналарида эришаётган муваффақиятлари бу ғамхўрлик ва эътиборнинг намунасидир.

Дарҳақиқат, биз таянчимиз ва суянчимиз, ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлган болаларимизга, фарзандларимизга ишонч билан қарашимиз, уларнинг комил инсон бўлиб тарбияланишига жиддий эътибор беришимиз лозим. Бу миллатимизга, халқимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром ифодасидир. Зеро, Соғлом бола йилида мамлакатимизда қилиниши лозим бўлган ишлар эзгу мақсадларга хизмат қилиши, шубҳасиздир.

Х.Бобанов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими


Рўйҳатга қайтиш