Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Оила-миллат келажаги

Мустақил ватанимизнинг ривожланиши ва ислоҳотларнинг мувафаққияти республикамизда қабул қилинаётган қонунлар сони билан белгиланмайди, балки кўп жиҳатдан халқнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти даражаси, амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинаётган қонунлар мазмунини англаб етиши ҳамда уларга амал қилиш даражасига боғлиқдир.

Конституциямиз асосида қабул қилинган қонунлар, Фуқаролик ҳамда Оила кодексларининг ҳаётга жорий этилиши оила муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш ва такомиллаштириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур кодекслар, айниқса Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси халқаро ва умуммиллий қадриятларни ўзида мужассамлаштирган ҳуқуқий манба бўлиб, унда оилавий муносабатларда, бола тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, шахсий ва мулкий ҳуқуқларда эр-хотин ҳуқуқларининг тенглиги, оналик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши, вояга етмаган болалар таъминоти, оилавий муҳитдан маҳрум бўлган болалар ҳуқуқларини муҳофазалаш, болаларни фарзандликка олиш, мурувватга муҳтож болаларга яшаш, тарбияланиш ва таълим олиш учун шароитлар яратиш, ўз фикрини эркин ифода этиш ҳамда ҳуқуқларини мустақил равишда ҳимоялаш масалаларига алоҳида аҳамият берилган.

Оила кодексининг аксарият моддалари фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш идораларида жамиятнинг энг кичик ва бирламчи бўғини бўлган оилани тузиш, унда туғиладиган фарзандларнинг туғилишини давлат рўйхатига олиш, болаларнинг насл-насаби ва қариндошлигини белгилаш, далолатнома ёзувларини қайд этиш орқали болаларга оналик ва оталик фактларини ўрнатиш, фуқароларнинг, жумладан болаларнинг фамилияси, исми ва ота исмини ҳужжатлар асосида тасдиқлаш ва ўзгартириш, фарзандликка олиш, оталикни белгилаш, далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш фуқаролик ҳолатларини расмийлаштириш орқали фуқароларнинг жамиятда маълум бир шахс сифатида ўрин топиши, давлат томонидан ўзига берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиши учун ҳуқуқий асос яратилади.

Ўзбек халқи жамиятни барқарор сақлашнинг маҳалла ва оила каби ишончли ва анъанавий усулларига эгадир. Айнан шулар мамлакатимизнинг асосидир. Оила ва маҳалла аҳолига ўтиш даврининг кўпгина муаммоларини ҳал қилишга, яхши анъаналарнинг давомийлигини сақлаб қолишга ва янги мазмун билан бойиб боришига ёрдам беради.

Ўзбекистонимизда мустақил давлатчиликни муҳим белгиси ҳисобланмиш Конституция, аввало, миллатнинг юзи халқнинг эрки ифодаси, жамият тараққиётининг асосидир. Оила эса жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Оила- фуқаролик жамиятининг таянч нуқтаси барқарор ва тинч тузилмаси. Чунки бу муқаддас даргоҳда нафақат инсон дунёга келади балки у маънан ва ахлоқан тарбия топади. Соғлом авлодни вояга етказиш, соғлом оилавий муҳитни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор масаласи сифатида эътироф этилгани бежиз эмас. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Соғлом оила вужудга келиши учун энг аввало жамият ва давлат қайғуриши, шунга замин яратиб бериши лозим. Шундагина мустаҳкам оила дунёга келади. Оила соғлом бўлса, жамият соғлом, мамлакат қудратли, юрт тинч-осойишта бўлади”.

Конституциямизнинг 63 –моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, деб қатъий белгиланган .

2014 йилнинг “ Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши энг аввало, оилада фарзандга, дунёга келаётган ҳар бир болага бўлган эътибор жамиятимизнинг асосий бўғини оила институтини янада ривожлантириш, жисмонан соғлом маънавий етук, ҳар томонлама ривожланган, баркамол авлодни тарбиялаш, маҳалланинг мавқеини ошириш, оила барқарорлигини таъминлашдек эзгу мақсадларга қаратилган.

Зеро, Президентимиз И.Каримов айтгандек, бугунги кунда биз ҳеч кимдан кам бўлмайдиган демократик давлат, халқимиз учун озод ва фаровон ҳаёт қуриш мақсадлари билан яшар эканмиз, оила институтини янада мустаҳкамлаш, бу борада олиб борилаётган ишларимизни янги босқичга кўтариш алоҳида аҳамият касб этади.

“Соғлом бола йили”да айнан оилаларни жамият ва давлат ҳаётидаги ролини, ёш авлодни тарбиялаш ва шакллантиришдаги, юртимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишдаги аҳамиятини оширишда куч ва имкониятларни сафарбар этиш – барча давлат ва жамоат ташкилотларининг асосий вазифасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти айтганларидек, “Фарзандлари соғлом юрт - қудратли бўлади, қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлади”, - деб бежизга таъкидлаган. Соғлом боланинг туғилиши, энг аввало, онанинг соғлиғига боғлиқ. Шу сабабдан ҳаётга қадам қўяётган ёш оилаларни эъзозлаш, оёққа туриб олиши учун давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда.

Бу борада адлия бошқармаси томонидан ҳам амалга оширилиши зарур бўлган вазифалардан келиб чиққан ҳолда “Соғлом бола йили”да асосий фаолият йўналишлари белгилаб олинган.

Маълумки, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жисмоний ва маънавий баркамол ёш авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада жонлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 1 июлдаги ПҚ–1144-сонли қарори билан 2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тасдиқланиб, ушбу Дастурда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш тизимини такомиллаштириш, соғлом бола туғилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинган.

Оила жамиятнинг табиий ва асосий ҳужайрасини ташкил этади. Жамият ҳар хил катта-кичик оилалардан иборат. Бу оилалар қанчалик даражада мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятида оила ўзига хос ва ўзига мос ижтимоий бирлашмани ташкил этади. Жамиятда оиланинг бу хусусияти биринчи галда унинг жамият манфаатлари билан боғлиқлигида ҳамда ижтимоий вазифаларида ифодаланган. Маълумки, оилалар ижтимоий ҳимояланган бўлсагина, давлат ҳам қудратли ва иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлади.

Шундай қилиб, жамиятда маънавий-маданий баркамол инсонлар тинч-тотув, аҳил, иймон-эътиқодли оилалардан етишиб чиқади. Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда оилага жамиятнинг асоси, муҳим бир бўғини сифатида қаралади, бу нафақат шахсий масала, балки у ижтимоий аҳамият касб этади. Зеро, комил инсон – ҳар томонлама фаровон, бекаму кўст, соғлом оилада тарбия топади, улғаяди. Шу ўринда, соғлом авлодни вояга етказиш, соғлом оилавий муҳитни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор масаласи сифатида эътироф этилгани бежиз эмас, фарзандларимиз келажагимиз давомчилари. Улар учун масъул шахслар ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариши, фуқароларимизда, айниқса ёшларимизни ўзини ҳурмат қилиш баробарида бошқа шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларига, қонунларимизга ҳурмат назари билан қараш, ўз манфаатларини амалга оширишда бошқаларнинг манфаатларига зиён етказмаслик руҳида тарбиялашимиз, ҳуқуқий маданиятни оширилишига эришишимиз йўлида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтирилишига, ҳамкорликни самарали йўлга қўйишимиз даркор. Шундагина кўзлаган мақсадимизга эришишамиз деб ўйлайман.

А.АминовБухоро вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи 


Рўйҳатга қайтиш