Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Соғлом бола йили қонунчиликнинг такомиллашуви

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистонда “ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот инсон учун, инсон манфаати учун” тамойили дадил илгари сурилди ва у изчиллик билан амалга оширилмоқда, бир сўз билан айтганда, инсон манфаатлари улуғланди.

Шу жиҳатдан, ҳар йили Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан ўтказиладиган байрам тантаналарида Юртбошимиз томонидан кириб келаётган йилга ном бериш яхши анъанага айланди. Ҳар бир йилни номлашда жуда чуқур маънони илғаш мумкин: уларда давлат ва жамиятнинг инсон ҳақида, унинг манфаатлари ва эҳтиёжларига катта эътибор ва ғамхўрлик ифодаси кўринади. Йилларнинг барчаси замирида халқимизнинг фаровонлигини ошириш, инсонни улуғлашга қаратилган юксак тушунча сингдирилганига гувоҳ бўламиз. Энг муҳими, эълон қилинган ҳар бир йилда Давлат дастури қабул қилиниб, кенг миқёсдаги амалий ишларнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинади.

Ўтган йиллар давомида бошланган хайрли ишларни давом эттириш мақсадида Конституциямизнинг 21 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда Давлатимиз раҳбари таклифи билан 2014 йил мамлакатимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилинди.

2014 йил 19 февралда Президентимизнинг “Соғлом бола йили” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Давлат дастурининг I бўлими “Қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишга қаратилган янги қоида ва нормаларни ишлаб чиқиш” деб номланиб, бу борада тегишли қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш лозимлиги белгилаб берилди.

Қонун ижодкорлиги доимий ҳаракатдаги жараён бўлиб, давр тақозоси ва тараққиёт унинг олдига доимо янги-янги вазифалар қўйиши табиий.Давлат дастурининг мазкур бўлими ҳам бевосита қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёни билан боғлиқ бўлганлиги сабабли уни шакллантириш ҳар йилгидек Адлия вазирлигига юклатилди. Зеро, Адлия вазирлиги қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Мазкур бўлимда жами 9 та қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилган.

Жумладан, “Болаларни уларнинг жисмоний ва руҳий ривожланишига салбий таъсир қилувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси болаларни улар онгини бузувчи, жароҳатловчи ахборот таъсиридан ҳимоя қилишни, оммавий ахборот манбаларида шафқатсизлик ва зўравонлик тарғиб қилинишига йўл қўймасликнинг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш мақсадида ишлаб чиқилмоқда.

Ахборот-коммуникация технологиялари тобора ривожланиб бораётган, салбий ахборот хуружлари таъсири кучайган ҳозирги вақтда ушбу Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болаларнинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан баркамол бўлиб вояга етишини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлади.

Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришни, шу жумладан, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилишни, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни, замонавий ва самарали спорт инфратузилмасини шакллантиришни, юқори тоифали спортчилар ва спорт захирасини тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга доир талабларни жорий этишга қаратилган.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш, аҳоли кенг қатламларини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этишни таъминлаш йўлида хизмат қилади.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик хотиржамлиги тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси аҳолининг санитария-эпидемиологик хотиржамлигини таъминлашнинг қонунчилик асосларини яратишга қаратилган бўлиб, унда, жумладан, болаларнинг таълим-тарбия, маданият, спорт ва бошқа муассасаларига қўйиладиган санитария-эпидемиологик талабларни; касалликлар профилактикаси бўйича талабларни, шу жумладан, аҳоли, айниқса болаларни эмлаш, соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш, санитария нормалари ва қоидаларига риоя этишни таъминлашни; мактабгача, умумий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими босқичларида болаларни санитария ва гигиена асосларига ўқитишга доир чора-тадбирларни жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли, айниқса, болалар соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш, санитария норма ва қоидалари бажарилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

“Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги 222–II-сонли «Лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари рўйхати тўғрисида»ги қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси нодавлат таълим муассасалари фаолиятини эмас, балки нодавлат таълим фаолиятини лицензиялашни назарда тутади. Қонун лойиҳаси таълим беришдаги мавжуд чекловларни бартараф этишга қаратилган:

ҳозирги кунда нодавлат таълим фаолияти билан фақат “муассаса” шаклидаги ташкилотлар шуғулланиши мумкин, Ваҳоланки, қонун ҳужжатларида юридик шахсларнинг бошқа ташкилий-ҳуқуқий шакллари ҳам назарда тутилган бўлиб, улар ҳозирги кунда таълим фаолияти билан шуғулланиш учун “муассаса” сифатида қайта рўйхатдан ўтишга мажбурлар;

бундан ташқари, мавжуд қонунчилик таълим фаолияти билан шуғулланишни истаган фуқаролар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан чеклаган.

Янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ёшларга оид сиёсатнинг қонунчилик асосларини такомиллаштиришга, шу жумладан, ёшларга оид сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилашга, ёшларга оид сиёсатни амалга ошириш учун давлат ҳокимияти органларининг масъулиятини кучайтиришга, вояга етмаганларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга мақсадида ишлаб чиқилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ёшларга оид давлат сиёсатини юритишда тўпланган бой тажрибани қайта кўриб чиқиш ва уни янада такомиллаштириш, ёшларга оид давлат сиёсатининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, ёшларнинг фуқаролик жамияти институтлари фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш орқали жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кенгайтириш, истеъдодли ёшларнинг илмий ва ижодий салоҳиятларини бекаму-кўст рўёбга чиқаришлари, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш ва бу борада уларга қўшимча шарт-шароитлар ҳамда имтиёзлар яратиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг «Йод танқислиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси импорт қилинадиган ёки республикада ишлаб чиқарилувчи озиқ-овқат учун ишлатиладиган барча тузларни йод билан мажбурий тўйинтириш тўғрисидаги нормани киритишни назарда тутади. Қонуннинг қабул қилиниши аҳоли, айниқса, унинг йод танқислиги касалликларига чалинишга мойил қатламларини асраш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.

«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун маъмурий жарималар миқдорини оширишни, жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилганлик ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарғиб қилинганлиги учун маъмурий жазо чораларини белгилашни назарда тутади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2014–2018 йилларда аҳоли репродуктив саломатлигини, хотин-қизлар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида»ги қарори лойиҳаси аҳолининг репродуктив саломатлигини, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар сифатини янада яхшилашни ҳамда оналар ва болалар орасида касалланиш ва ўлим даражасини камайтиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни назарда тутади.

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунларини болаларнинг республика давлат музейларига бепул кириши кунлари этиб белгилаш, аҳолининг музейларга бепул кириши учун ҳар йили «Музейлар ҳафталиги»ни ўтказиш, аҳолининг, айниқса ўқувчи ёшларнинг дам олишини мазмунли ташкил этиш, тарихий ўтмишни ҳурмат қилишни ва тарихий қадриятларни эъзозлашни шакллантиришни назарда тутади. Лойиҳанинг қабул қилиниши аҳоли, айниқса ёшларнинг маданий билимларини ошириш, уларнинг миллий ва жаҳон маданияти, тарихига қизиқиши ва билимларини ошириш, ўз тарихий негизларини англаш ва маънавиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Шубҳасиз, Давлат дастурининг I бўлимида назарда тутилган қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш учун ҳуқуқий пойдевор бўлиб, жамиятимизнинг фаровонлиги ва гуллаб яшнаши, пировардида Юртбошимиз таъбири билан айтганда, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида хизмат қилади.

Хуршид Худайбердиев, Мустафо Ходжаев, Адлия вазирлиги 

Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси масъул ходимлари 


Рўйҳатга қайтиш