Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Фарзандларимиз соғлом бўлса юрт қудратли бўлади

2014 ЙИЛ 19 февраль куни Президентимизнинг “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мустақилликнинг биринчи йилларидан бошлаб юртимизда соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган эди. 2014 йилга “Соғлом бола йили”, деб ном берилиши ҳам давлат сиёсатининг ушбу йўналишдаги узвий давомидир.

Хусусан, мамлакатимизда 1997 йилдан буён ҳар бир йилга, жамият ҳаётининг алоҳида соҳаларида чуқурлаштирилган ўзгартишлар ва ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида ном бериб келинади. Йилларнинг “Оила йили”, “Соғлом авлод йили”, “Обод турмуш йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Баркамол авлод йили”, “Мустаҳкам оила йили”, “Оналар ва болалар йили” ҳамда бошқа номлар билан аталиши халқимизнинг азал-азалдан болажон халқ сифатида ўз ўрнига эгалигини намоён этади. Ҳеч шубҳасиз шуни айтиш мумкинки, фарзандини соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлод қилиб тарбиялаш, улар бахт-саодатини, ёруғ келажагини кўришни ният қилмаган инсон бўлмаса керак, албатта.

Қабул қилинган дастурда, аввало, соғ­лом, баркамол ёш авлодни тарбиялашга ҳамда уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича қатор янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ёки янги таҳрирда қабул қилиш режалаштирилган.

Масалан, “Болаларни улар­­ни жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик барқарорлиги тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, “Таълим тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, “Ўзбе­кис­тон Республикасида ёш­ларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунларга ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.

“Болаларни уларни жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида болаларни уларнинг онгини бузувчи, руҳий жароҳат етказувчи ахборот таъсиридан ҳимоя қилиш, оммавий ахборот воситаларида шафқатсизлик ва зўравонлик тарғиботига йўл қўймасликнинг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизмларига алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, янги таҳрирда ишлаб чиқилиши белгиланган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунга ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишига кенг жалб қилиш, жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳам­да замонавий ва самарали инфратузилмани шакллантириш, юқори малакали спортчиларни тайёрлаш ва уларнинг захирасини яратиш бўйича зарур шарт-шароитлар амалга оширилишини назарда тутувчи тартиблар белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Ўйлаймизки, “Соғлом бо­ла йили” Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилиши белгиланган ва янги таҳрирда қабул қилиниши режалаштирилган қонунларимиз ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳада олиб борилиши белгиланган бошқа тадбирлар соғлом болани тарбиялашда, уларни баркамол авлод этиб вояга етказишда, оналар ва болалар соғлиғи янада мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнайди. Зеро, фарзандлари соғлом юртнинг келажаги қудратли бўлади.

Илҳомжон АБДУСАТТОРОВ, Адлия вазирлиги масъул ходими


Рўйҳатга қайтиш