Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Мустаҳкам оилада –соғлом бола

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор экан, биз кўзлаган мақсадларга эришишда ҳаётимизнинг таянчи ва суянчига айланган оиланинг ўрни бениҳоя каттадир.

Истиқлолнинг даслабки йиллариданоқ, мамлакатимизда оила манфаатларини ҳимоялашнинг ҳуқуқий, маънавий - ахлоқий асосларини умуминсоний ва миллий қадриятлар муштараклигида янада бойитиш, чуқур билимли, касб-малакаси шаклланган маънавий ва жисмоний соғлом авлодни вояга етказиш борасида кенг қамровли ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, Конституциямизнинг алоҳида бобида оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгиланди. Оила, фуқаролик, уй-жой кодеслари ва бошқа қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларнинг азалий қадриятлари ўз ифодасини топди.

Шунингдек, ўтган йиллар давомида Президентимизнинг аҳоли даромадларини ошириш, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорлик, касаначилик, ҳунарманчилик ва оилавий бизнесни ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорлари қабул қилинди, мақсадли давлат дастурлари ҳаётга тадбиқ этилди.

Хусусан, 2014 йилни 2013 йилнинг мантиқий давоми сифатида “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши алоҳида аҳамиятлидир. Шу муносабат билан мамлакатда халқнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, фаровонлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш вазифаларини амалга оширишга ресурслар ва имкониятларни сафарбар қилиш, давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида “Соғлом бола йили” давлат Дастури қабул қилинди. Ушбу дастурда оилага алоҳида эътибор берилди.

Ҳар бир инсон ҳаётида оила муҳим аҳамиятга эга. Чунки оила деб аталмиш муқаддас тушунчада инсон ҳаётининг бор мазмун-моҳияти ўз аксини топади. Шу боис оила қуриш ва уни мустаҳкам ниҳоятда масълиятли бурч саналади. Қуйида оила деб аталмиш қўрғоннинг чироғи ҳисобланган ёшларни, соғлом болани ўстириш, уларни тарбиялаш, оила қуришга тайёрлаш борасидаги айрим мулоҳазаларни билдиришни лозим деб топдик.

Жамиятимизда эрта никоҳ натижасида юзага келаётган муаммоларни ногирон фарзандларнинг дунёга келишини олдини олиш ва бундай оқибатлар келиб чиқишига йўл қўймаслик учун соғлом оила муҳитини яратиш асосий вазифамиздир. Зеро, президентимиз таъкидлаганларидек, “Соғлом ва баркамол авлод вужудга келиши учун, энг аввало жамият ва давлат қайғуриши, шунга замин яратиб бериши лозим. Шундагина мустаҳкам оила дунёга келади. Оила соғлом бўлса, жамият соғлом, мамлакат қудратли, юрт тинч-осойишта бўлади”.

Оила шундай маконки унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи шахс шаклланади, этник маданият, урф-одатлар, ахлоқий қадриятлар сақланади ва ривожлантирилади, жамият тараққиётини белгиловчи иқтисодий ҳамда маънавий ҳаёт пойдевори қўйилади ва мустаҳкамланади. Оила аҳил, тотув бўлса жамият тинчлик ҳамжиҳатликка эришади, юртда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг устивор йўналишлари – аёлларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини ошириш, оилани ҳар томонилама мустаҳкамлаш, оилада ва таълим тизимида ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг негизида ҳам айнан шу ғоя ётади.

Ҳар бир ёш мустаҳкам оила қуришни, соғлом фарзандлар кўришни, уларни саломат, тўрт мучаси соғ вояга етказиб, уларнинг бахтини, камолини кўришни, ўз навбатида, невара ва чевараларга бош бўлишни орзу қилади. Агар оила фарзанд кўриш бахтидан маҳрум бўлса ёки ногирон фарзанд дунёга келса-чи.

Шу бахтсизликни олини олиш, наслимиз ва келажагимиз соғлигию камолини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги Қарори билан “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Ушбу Низомнинг ҳам замирида эрта никоҳ ва унинг салбий оқибатларининг олдини олиш ётади.

Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, кейинги вақтларда барча эътибор ёшларимиз ҳаётига, соғлигига қаратилмоқда. Агар улар ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлсаларгина, юртимиз келажаги янада порлоқ, халқимиз ҳаёти тинч ва осуда, турмуши фаровон бўлишига шак-шубҳа йўқ.

Б.Шарипов,

Бухоро вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси 


Рўйҳатга қайтиш