Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Соғлом ва баркамол авлод юрт таянчи

Мустақиллигимизнинг илк кунларидан жисмонан соғлом ва маънан етук баркамол авлодни тарбиялаш устувор вазифа этиб белгиланганлиги ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг мантиқий давоми бўлди. Фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол ўсиши ота-она бахти, оила қувончи эканлиги билан бирга, юртимизнинг бугуни ва келажагини белгиловчи муҳим омил саналади.

2014 йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда болалар туғилиши, таълим-тарбияси, оилада соғлом муҳитни, унинг иқтисодий ва маънавий-ахлоқий асосоларини мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳа ривожига ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалалар акс эттирилган.

Биринчи навбатда, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, янги қоида ва меъёрларни ишлаб чиқариш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастурига бағишлаб саккизта қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш режалаштирилган. Булар “Болаларни жисмоний ва маънавий ривожига зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Аҳолининг санитария-эпидемиолог барқарорлиги тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар шулар жумласидандир.

Дастурда оилада меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳити, юксак аҳлоқий ва маънавий қадриятларни барқарор қилиш, ёш оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўз иқтидорини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг кундалик рўзғор юмушларини енгиллаштириш каби вазифалар белгиланган. Хотин-қизлар, болалар ва ўсмирларнинг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида ҳар ойда соғломлаштириш ҳафталиклари ташкил этилади, шунингдек етакчи тиббиёт муассасалари мутахассислари иштирокида олис туманларда яшовчи 145 минг нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Янги оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари, санатория-курорт объектлари барпо этиш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби вазифалар давом эттирилиши белгилаб берилган.

Қишлоқ оилаларини замонавий уй-жой билан таъминлаш, уларнинг турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилиши, 2014 йилда намунавий лойиҳалар асосида 11 минг якка тартибдаги уйлар қурилиши, икки минг ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатда ишлаб чиқарилган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун фоизсиз ссудалар берилиши кўзда тутилган.

Жорий йилда соғлом фарзандлар туғилиши ва уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун шарт-шароитларни янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилган. МДҲ мамлакатларида ўхшаши бўлмаган замонавий кўп тармоқли болалар марказини қуриш ва уни юқори технологик тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Йил давомида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва ўқувчиларининг 6.6 миллионга яқини чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилади, қишлоқларда яшайдиган оналарнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 400 нафар ҳомиладор аёл махсус поливитаминлар билан таъминланадиган бўлди.

Дастурда мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш, уларни тубдан таъмирлаш ва жиҳозлаш, янгиларини қуришга йўналтирилган аниқ вазифалар белгиланган. Болаларни мактабга тайёрлаш бўйича мутлақо янги дастурларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши белгиланган бўлиб, уларда болаларнинг ақлий, ахлоқий эстетик ва жисмоний ривожланиши кўзда тутилган.

“Соғлом бола йили” Давлат дастурининг қабул қилиниши бизнинг турар жойларнинг обод бўлиши ҳамда мамлакатда ота-она меҳридан маҳрум ва имконияти чекланган болаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилишига янада катта эътибор қаратиладиган бўлди. 2015-2017 йилларда меҳрибонлик уйлари, ихтисослашдотирилган мактаб-интернатлар ва мактабгача тарбия муассасаларининг моддий-техник базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш, ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ўқув-тарбия жараёнини тубдан такомиллаштириш масалалари кўрилади ва шунга ўхшаш кўплаб улкан ишлар амалга оширилади.

Ж.Камолов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими  


Рўйҳатга қайтиш