Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Соғлом бола йилининг ҳуқуқий асослари

Халқимиз азал-азалдан эртанги куннинг эгалари, эзгу ишларнинг давомчилари бўлмиш фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб келган. Бугун эса, бу масала ҳар қачонгидан ҳам теран мазмун касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддасига мувофиқ, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Шунингдек, асосий қонунимизнинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиши ва тарбиялашга мажбурлиги, давлат ва жамият етим болаларни, ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларининг рағбатлантирилиши мустаҳкамлаб қўйилган. Бу конституциявий меъёрлар бир қатор бошқа қонунлар билан кафолатланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Оила, Меҳнат кодексларида, “Таълим тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва шу каби кўплаб қонун ҳужжатларида бола ҳуқуқларига, уларни ҳимоя қилиш шаклларига оид қоидалар мустаҳкамланган.

Вояга етмаганлар ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида, 2008 йил 7 январда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун юртимизда болаларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни камол топтиришга йўналтирилган яна бир муҳим ҳужжатларидан бири бўлди. Бола ҳуқуқлари соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш механизмини такомиллаштириш йўли билан болаларни, жумладан, етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг амалдаги тизими самарадорлигини ошириш ушбу қонуннинг асосий мақсади ҳисобланади.

Шунингдек, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 21-бандида бола асраб олиш тизими мавжудлиги эътироф этилиб, унда болани асраб олиш фақат ваколатли органлар томонидан ҳал этилиши белгиланган. Бинобарин, мамлакатимизда Конвенцияда эътироф этилган ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш учун барча шарт-шароит ва ҳуқуқий асослар яратилган.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Фуқаролик-процессуал кодекси “Фарзандликка олиш”га оид янги 311-боб ҳамда 2851, 2857-моддалар билан тўлдирилди. Оила кодексининг бир қатор моддаларига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Аниқ айтадиган бўлсак, мазкур қонун билан фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилиши, болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар фарзандликка олиш тўғрисидаги аризани фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судига, фуқаролик ишлари бўйича вилоят ёки Тошкент шаҳар судига берилиши мустаҳкамланди.

Жумладан, Оила кодексининг “Болалар муассасаларига жойлаштирилган болалар учун алимент ундириш” ҳақидаги 107-моддаси матни ҳам янги таҳрирда баён этилди. Ушбу модданинг аввалги матнида, вояга етмаган болани ота-онасидан олиб, уни болалар тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини чиқаришда судлар томонидан ота ва онанинг ҳар биридан ушбу муассаса фойдасига Кодекснинг 99-моддасида белгиланган миқдорда алимент ундириш белгиланган бўлса, эндиликда алиментлар муассаса фойдасига эмас, балки айнан боланинг фойдасига ундирилиши, яъни бунда ундирилган алиментлар тарбия муассасасига топширилаётган боланинг номига очилган банк ҳисоб варағида жамланиши ва у вояга етганда унга тўланиши мустаҳкамлаб қўйилди. Маълумки, авваллари болани фарзандликка олиш учун фарзандликка олинаётган боланинг ота-онаси розилиги талаб этилар ҳамда уларнинг боланинг фарзандликка олинишига розилиги ёзма шаклда баён этилиши етарли ҳисобланарди. Эндиликда эса ота-онанинг боланинг фарзандликка олинишига розилиги нотариал тартибда тасдиқланган ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола жойлашган муассаса раҳбари томонидан тасдиқланган ёки фарзандликка олиш амалга оширилаётган жойдаги ёхуд ота-она яшаб турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тасдиқланган аризада баён этилган бўлиши зарурлиги белгиланди. Айни чоғда суднинг фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиқарилгунигача ота-она фарзандликка олинишига берган розилигини қайтариб олишга ҳақли эканлиги ҳам қонунда алоҳида белгиланган (Кодекснинг 159-моддасидаги 3 ва 4-қисмлар янги таҳрири).

Маълумки, боланинг келажакда қандай инсон бўлиб вояга етиши кўп жиҳатдан унинг қандай оилада тарбия топганига боғлиқ. Лекин ҳаётда оила муҳити турлича бўлган, қисмати билан ота-онасиз қолган болалар ҳам йўқ эмас. Шундай болаларга, одатда, васийлик, ҳомийлик белгиланади.

2014 йил 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуни ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож вояга етмаганларнинг ижтимоий-иқтисодий, қўйингки барча қонуний манфаатларини кўзлайди. Мазкур Қонун бу борадаги барча муаммоларга ойдинлик киритади.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши замирида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уни кафолатлаш борасидаги улкан мақсадлар қамраб олинди.

Бухоро вилояти адлия бошқармаси ташаббуси ва кўмагида Бухоро шаҳар 1 –сон давлат нотариал идораси нотариуслари томонидан жорий йилда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига оид қонун ҳужжатларини аҳоли ва ёшлар ўртасида тушунтиришга қаратилган тарғибот ишлари маҳаллаларда, мактабларда, турли ташкилотларда, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам равишда олиб борилмоқда. Бу эса ўз навбатида амалдаги ва янги қабул қилинаётган қонун ва қонун ости ҳужжатларининг мазмун моҳиятини аҳолига, ҳар бир ўқувчи ва ёшларга етказишга, уларнинг ҳуқуқий маданиятини янада оширишга хизмат қилади.

Зеро, фарзандларимизнинг соғлом, баркамол вояга етиши, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши фаровон келажагимиз пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади

Д.Бозорова,

Бухоро шаҳар 1-сон Давлат нотариал идораси нотариуси 


Рўйҳатга қайтиш