Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Соғлом бола соғлом оилада камол топади

Халқимизда қадимдан оилага муқаддас даргоҳ сифатида қаралган. Чунки оила нафақат ҳаёт абадийлигини, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган гўша, балки давлат ва миллат келажагини белгилайдиган қўрғон ҳамдир.

Шу боис оилани мустаҳкамлаш нафақат мамлакатимизда, балки бутун жаҳонда сиёсат даражасига кўтарилган масалалардан бири ҳи­собланади. Буни БМТ Бош Ассамб­лея­сининг 1993 йил 20 сентябрдаги ялпи йиғилишида 1994 йилдан бошлаб 15 май — Халқаро оила куни, деб белгиланганидан ҳам билиб олиш мумкин. Бундан кўзланган мақсад инсоният диққат-эътиборини одамларнинг ўз орзу-умидлари, бахт-саодати ҳамда тинчлигини таъминлайдиган маскан — оиланинг мустаҳкам бўлишига қаратишдан иборатдир.

Бугунги кунда оилани мустаҳкамлаш, никоҳдан ажралиш ҳолатларини камайтириш борасида дунё олимлари томонидан изланишлар олиб борилмоқда. Масалан, Европа психологлар уюшмаси томонидан ўтказилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, эрта турмуш қурган ёшларнинг деярли барчасида узоқ муддатли руҳий сиқилиш кузатиларкан. Бундан таш­қари, бу ёшга хос ўйинқароқлик, қизиққонлик ва бошқа жиҳатлар оила масъулиятини ҳис қилишга тўсқинлик қилиши, бу эса никоҳнинг келажагига хавф солиши аниқланган. Кейинги пайтларда ғарб мамлакатларида кўпайиб бораётган ажралишлар шу билан изоҳланган.

Европалик социологлар эса эрта турмуш қуриш оилаларнинг емирилишига сабаб бўлаётган хатарлардан бири, дея эътироф этишмоқда. Аниқланишича, бундай никоҳларнинг салкам 82 фоизи ажралиш каби нохуш ҳолатлар билан тугаркан.

Республика “Оила” илмий-амалий маркази томонидан ўтказиб келинаётган социологик тадқиқотларнинг хулосаларида таъкидланишича, никоҳдан ажрашишнинг асосий сабабларидан бири бу — эрта никоҳларнинг қайд этилишида экан. Шу сабабли улар никоҳ ёшини узайтириш лозимлигини таъкидлаганлар.

Шу ўринда яна бир маълумот, ўлик туғилган болалар ва пренатал ўлимларнинг аксарияти, айнан 16-18 ёшда ҳомиладор бўлган аёллар эканлигини кўриш мумкин.

Юртимизда соғлом оилани шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги қарори билан “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Жондор туман ФҲДЁ бўлими, туман ҳокимлиги, ҳу­қуқни муҳофаза қи­лувчи идоралар, соғ­лиқни сақлаш, маҳаллалар ҳамда бошқа манфаатдор муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари”, “Қариндош — уруғлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олишда жамоатчилик ўрни” каби мавзуларда 50 дан ортиқ тарғибот тадбирлари, 10 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар амалга оширилган.

Бундан ташқари, фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги “Ота-оналар университети”, ФҲДЁ қошидаги “Оила дорилфунуни” томонидан мунтазам ўтказилаётган тарғибот тадбирлари бу борадаги долзарб масалаларни ўз вақтида бартараф этишга хизмат қилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ота-оналар томонидан никоҳ ёшига етмаган фарзандини эрта турмушга узатиш ёки уйлантиришга оид 41 та ҳолат аниқланиб, тушунтириш ишларидан сўнг эрта никоҳ қуришнинг олди олинди.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатларнинг барчаси соғлом оилани шакллантириш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш учун хизмат қилмоқда.

Ғ.Ахатов, Жондор туман ФҲДЁ бўлими инспектори


Рўйҳатга қайтиш