Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Соғлом авлод – юрт келажаги

Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли,
оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади.

Ислом Каримов

Ҳар бир инсон ҳаётида оила муҳим аҳамиятга эга. Чунки оила деб аталмиш муқаддас тушунчада инсон ҳаётининг мазмун-моҳияти ўз аксини топган. Шу боис оила қуриш ва уни мустаҳкам сақлаш ниҳоятда маьсулиятли бурч саналади. Қуйида оила пойдевори ҳисобланган қиз болани ўстириш, уни тарбиялаш, оила қуришга тайёрлаш борасидаги айрим мулоҳазаларни билдиришни лозим деб топдик.

Қиз болани авайлаб ўстириш, унга яхши тарбия бериш биринчи галда онанинг вазифаси ҳисобланади. Чунки она оилада том маьнодаги маьнавий маслаҳатчидир. Шу боис ўғил ҳам, қиз бола ҳам дардини биринчи бўлиб онога айтади. Аксарият ҳолларда фарзандлар онанинг маслаҳати бўйича иш тутади. Ана шундай масъулиятли дамда уй бекасининг ҳар бир сўзи, унинг ўгити, маслаҳати ёшлар ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб етади. Таькидлаш жоизки, оила қуриш мураккаб ва масьулиятли вазифа. Айниқса, қиз бола учун у умр савдоси демакдир. Ана шу жараёнда унинг адашиши, хато қилиш, шошма-шошарлик билан бирор бир хулосага келишга ҳаққи йўқ. Умр давомида бир маротаба танлаш ҳуқуқига эга бўлган қиз болага она энг тўғри йўлни кўрсатиши зарур. Албатта, ҳар бир она фарзандига ёмонлик тиламайди. Оила қўрғони бутлиги учун кафил бўлган оналаримиз зиммасига улкан вазифа ётади. Ҳар қандай оила ўз жигар гўшасини, айниқса қиз боланинг бошқа оилага бориб қўним топиши учун ўз салоҳияти, турмуш тажрибаси, бошқача айтганда, оила деб аталмиш муқаддас қўрғонни бошқаришдаги донолигини ишга солиши керак.

Касб тақозосига биноан ҳар куни ёки кун ора оилавий можароларга гувоҳ бўламиз. Кўп йиллик кузатишларимиз натижасида шундай хулосага келдикки, оиланинг барқарорлиги ва мустаҳкамлиги кўп жиҳатдан қиз боланинг ёшликда олган тарбиясига боғлиқ экан. Чунки қиз бола бошқа оиланинг синовларидан ўтиб, унинг тенг ҳуқуқли аьзоси, кейинчалик эса уй бекаси бўлишига тўғри келади. Шу боис, оналар қизларини оилага тайёрлаш учун кўп меҳнат қилишлари лозим. Бу масалага катта масьулият билан ёндашишлари зарур. Ҳозирки пайтда айрим оналарнинг қиз тарбиясига совуққонлик билан қараётгани ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бундай аёллар фарзандларини “ўз уйида яйраб қолсин” деб, уларга уй-рўзғор юмушларини тўла-тўкис ўргатмайди. Шунингдек, ҳурмат-иззат, сабр-қаноат қилиш борасида ҳам насиҳат ва маслаҳат берилмайди. Бунинг ўрнига балоғат ёшига етган қизларга қимматбаҳо сеп йиғиш, уларга ясан-тусан қилиб кийинтиришга зўр беришмоқда. Натижада ўзга хонадонга келин бўлган қиз овқат пишириш, кир ювиш, бичиш тикишни билмай, уялиб қолмоқда. Бу эса ҳар хил оилавий жанжалларга сабаб бўлмоқда. Айрим ҳолларда эса иш ажрашишгача етмоқда. Шу боис қиз болани оилага тайёрлашга оналар жиддий эьтибор бериши лозим. Халқимиз қиз болани палаҳмон тоши дейди. Ҳақиқатдан ҳам, қиз боланинг тақдири анча мураккаб, шу сабабли қизлар ҳамма нарсага тайёр бўлиши, оналари эса уларни бунга тайёрлашлари зарур. Яна бир оғриқли муаммо шундан иборатки, ҳозирда баьзи ота-оналар қизларини балоғат ёшига етмаса ҳам турмушга бермоқдалар. Улар фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимига ҳам мурожаат қилмай, “Оила кодекси”га зид равишда қизларни эрта турмушга узатиб юборишмоқда, шу ўринда ҳақли бир савол туғилади, хўш ҳали балоғатга етмаган фарзандларимизни нега бахтига зомин бўламиз. Нега мажруҳ бола туғилишига йўл қўямиз. Ахир ҳали балоғатга етмаган қиз бола оила деб аталмиш катта ғилдирак чархига дош бера олмай бахтсиз бўлиб қолмоқда-ку. Нега шуни вақтида ўйлаб кўрмаймиз.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, оналар оила қўрғони бутлигига бевосита кафил ҳисобланади. Чунки оналар шоир таьбири билан айтганда, бу дунёнинг юкини елкаларида кўтариб, ҳар биримизни фаровон яшашимизга хизмат қиладиган буюк зотлардир. Шу боис оналар олдида ҳамма бош эгади. Шундай экан, улар ўзларининг буюклигини билган ҳолда иш тутсалар, оила деб аталмиш буюк қўрғон доимо бут бўлади. Бу асрлар синовидан ўтган ҳақиқатдир.

Инсон аслида бахт ва эзгулик учун дунёга келади, шу орзу-умид билан яшайди. Лекин бу билан иш битмайди, у шу ниятга етиш учун интилиши, ғайрат кўрсатиши, яхшилик кўриши учун яхшилик қилиши лозим. Инсоннинг шаклланишида, ҳаётда ўз ўрнини топишида, эл-юрт ичида иззат-ҳурматга сазовор бўлишида, юксак одоб-ахлоқ қоидаларини ўзида мужассам этишида оила асосий ўринни эгаллайди. Оила шундай маконки, унда ҳаётнинг давомийлигини таьминловчи шахс шаклланади, этник маданият, урф-одатлар, ахлоқий миллий қадриятлар сақланади ва ривожлантирилади, жамият тараққиётини белгиловчи иқтисодий ва маьнавий ҳаёт пойдевори қўйилади ва мустаҳкамланади. Оила аҳил ва тотув бўлса жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришади, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради.

Тахмина Джўраева, Бухоро шаҳар “Никоҳ уйи” инспектори  


Рўйҳатга қайтиш