Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Бахтли оила – жамият кўрки

Жамиятнинг асосий ижтимоий вазифаларидан бири бўлган соғлом авлодни тарбиялаш оила фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир. Жисмонан соғлом, маънан кучли ва ақлан етук соғлом авлодни яратиш – оиланинг энг асосий ижтимоий вазифаларидандир.

Ҳозирги кунда давлатимиз олдида турган муҳим масалалардан бири бу – фуқароларнинг ҳуқуқий ва тиббий маданиятини юксалтириш орқали ҳар бир оиланинг фаровонлигини таъминлаш, ҳар томонлама соғлом оилаларни вужудга келтириш, маънан ва жисмонан соғлом авлодни вояга етказишдан иборатдир.

Зеро, Президентимиз айтганларидек, “Оила ҳақида гапирар эканмиз, авваламбор оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканини тан олишимиз даркор”.

Оилада соғлом фарзанд туғилиши учун аввало уни дунёга келтирувчи ота ва она жисмонан ва ақлан, маънан соғлом бўлиши, болани дунёга келтириш ва вояга етказишга ҳар томонлама тайёр бўлиши талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65–моддасига асосан оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади. Оналик ва болаликни ҳамда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётда тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш, аёллар соғлигини муҳофаза қилиш, соғлом оила ва баркамол авлодни барпо этиш, аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, никоҳдан ажралиш каби салбий ҳолатларни бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган устувор вазифалардир. Зеро, миллат ва мамлакат келажаги, унинг ижтимоий ва маданий салоҳияти соғлом авлодни дунёга келтирувчи оналаримиз, улардан туғиладиган маънан ва ақлан теран фарзандларимизга боғлиқдир.

Давлатимиз томонидан соғлом оилани шакллантириш борасида жуда кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, фақат уларни амалда қўллаш ва халқ онгига чуқур сингдириш лозим бўлади.

Шарқда оила муқаддас ҳисобланади. Оилада фарзанд тарбиясига аҳамиятли бўлиш ва уларни соғлом тарбия топишига азалдан халқимиз бефарқ бўлмаган. Фарзанд тарбиясида оиланинг муқаддаслиги, оила аъзоларини ҳурмат қилиш ва уларга меҳрибон бўлишлик асрлар давомида сингдириб келинган.

Оилада фарзанд тарбиясини ташкил этиш борасида халқимиз асрий тажрибага эга бўлиб, мазкур тажриба мазмуни шарқона одоб-ахлоқ, ҳаё-ибо, покизалик ҳисси билан йўғрилган панд-насиҳатлар, мутафаккирларнинг қарашлари, илмий-назарий ва амалий ғоялардан ташкил топган. Ўзбек оилаларида бошқа миллат оилаларига нисбатан қизлар тарбиясида миллий қадриятларга муҳим аҳамият қаратишади. Чунки оилани мустаҳкамлигини, соғлом фарзандлар тарбиясини, баркамол авлодни вояга етказишда ўтмишга, бувиларимиз ўгитлари-ю, тарихдан бизгача етиб келган қадриятларга амал қилишимиз соғлом оила муҳитини яратиб келаётганимизга яққол мисолдир. Асрлар давомида оилавий муносабатларни йўлга қўйишда ана шу тажрибага таяниб иш кўрилади. Оилаларни мустаҳкам бўлишида энг муҳим шартларидан бири бу ёшларни, хусусан, қизларни оила қуриш, мустақил оилавий ҳаётни ташкил этиш, оилада соғлом руҳий муҳитни қарор топтириш, фарзандлар тарбиясини самарали ташкил этиш жараёнига муваффақиятли тайёрлашдир.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз тараққиёти ёшлар қўлида экан, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол, маънавий етуклигини таъминлашга, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга кўпроқ эътибор қаратиш лозим.

М.Қўшаева, Ғиждувон туман ФҲДЁ бўлими мудираси 


Рўйҳатга қайтиш