Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Соғлом бола- Оила бахти

Соғлом боланинг дунёга келиши отанинг ҳам қони тоза, тани ва

руҳи соғлом бўлишига боғлиқ. Бошқача айтганда, оилада

соғлом гўдак кулгиси янграши учун она ҳам, ота ҳам

соғлом ва аҳил бўлиши керак.

И.Каримов

Оиланинг мустаҳкамлиги кўпгина омилларга, жумладан улардан асосийси - она ва боланинг саломатлигига боғлиқдир.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш самарадорлигини оширишда оила институти муҳим ўрин тутади. Жамиятнинг бошланғич бўғини — оиланинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани замирида ҳам ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад мужассам.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби оилага бағишланиб, 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.

Юртимизда оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётан саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, ёш авлод истиқболига, бахт-иқболига қаратилган.

Соғлом оилани шакллантириш, болаларни туғма ва наслий касалликлар билан туғилишини олдини олиш мақсадида никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августда 365-сон “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарори қабул қилинди ва унинг ижросини таъминлаш 2004 йил 1 январдан бошлаб ФҲДЁ органлари ва тиббиёт муассасалари зиммасига юклатилди. Бу амалиёт бугунги кунда соғлом оила муҳитини яратишда ўз самарасини бермоқда.

Никоҳланувчи шахслар ушбу Низомга мувофиқ 2004 йилдан бошлаб психик, наркологик, таносил касалликлари, сил касаллиги ва ОИВ/ОИТС юзасидан тиббий кўрикдан ўтиб келмоқдалар.

Шу ўринда эътироф этиш жоизки, тиббий кўрикнинг соғлом оила барпо этишдаги роли ва аҳамиятини ёшларимиз теран англаб етмоқда. Никоҳга кириш учун ариза берган никоҳланувчилар (асосий қисми 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган йигит-қизлар)нинг деярли барчаси ўз хоҳиш-иродаси, ихтиёри билан тиббий кўрикка йўлланма олиб, шифокорлар текширувидан тўлиқ ўтиб келаётгани, ўзи ва бўлғуси турмуш ўртоғининг саломатлиги ҳақида маълумотга эга бўлгани ҳолда никоҳдан ўтаётгани ёшларимизда соғлом фарзанд кўриш ва соғлом насл қолдириш масъулияти ортаётганидан далолат беради. Республика ФҲДЁ органлари томонидан 2015 йил давомида 600 мингга яқин никоҳланувчи шахсларга тиббий кўрикка йўлланма берилган.

Республиканинг ҳар бир ФҲДЁ бўлими ва Никоҳ уйи қошида “Ёш оила қурувчилар мактаби” ташкил этилган бўлиб, ушбу ўқув машғулотларида тегишли мутассади ташкилот вакиллари, жумладан ҳокимият, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, психолог, имом-хатиб, тиббиёт ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жалб этилиб, тиббий кўрикнинг аҳамияти, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари ҳақида ҳамда қонуний никоҳсиз бирга яшаб келаётган оилаларни олдини олиш бўйича тушунтиришлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, 2015 йилда Адлия вазирлиги ва Республика “Оила” илмий-амалий Марказининг ФҲДЁ органлари қошида ташкил этилган “Ёш оила мактаби” ўқув машғулотларида семинар-тренинглар жорий этиш ҳақида қарори қабул қилинди ва чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ушбу қарор мустаҳкам оилаларни барпо этиш, ёш никоҳланувчиларнинг ҳуқуқий билим ва малакаларини ошириш, оилада тиббий ва экологик тарбия ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида қабул қилинди.

Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар қаторига қонун насл-насаб шажараси бўйича тўғри туғишган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасидани муносабатлар киритилган.

Тиббиёт соҳаси мутахассислари (айниқса, скрининг маркази мутахассислари) бугунги кунда эрта никоҳ ҳамда яқин қариндош уруғлар ўртасида (асосан шаърий) тузилган никоҳларнинг оқибатида дунёга ногирон ва ирсий касалликларга чалинган болалар туғилаётганликларини таъкидлаб ўтмоқдалар.

Амалиётда эрта никоҳ қурган қизлар ўз хомилаларини жуда кам ҳолатларда 9 ойгача етказа олар эканлар.

Олдимизда катта савол туғилади нима сабабдан эрта никоҳлар хали ҳам мавжуд. Баъзи ота-оналар ўз фарзандлари ва бўлажак невараларининг келажагига эътиборсиз ва бефарқ бўлмоқдалар.

ФҲДЁ бўлими томонидан никоҳ ёшига етмаган никоҳланувчиларни никоҳларини қайд этиш ҳақидаги аризаларини қайтарилиши ва улар томонидан тушунтиришларига қарамасдан баъзи ота-оналар вояга етмаган фарзандларини эрга бериш холатлари учрамоқда.

Айрим, (ҳужжатсиз) “имомлар”томонидан балоғат ёшига етмаган, ФҲДЁ бўлимида никоҳларини қайд этмаган (аввалги никоҳидан ажрашмаган) фуқароларнинг (шаърий) никоҳлари ўқилмоқда. Натижада ёлғиз оналар томонидан туғилишлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Никоҳ тузишда диний маросимларга амал қилиш инкор этилмайди, чунки бу никоҳга кирувчиларнинг шахсий эътиқодига боғлиқ бўлиб, улар никоҳни қонуний қайд этишдан олдин ёки кейин диний расм-русумларга биноан ўтказишлари мумкин. Шаърий никоҳ эр-хотинга тегишли бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг вужудга келиши учун асос бўлмайди. Никоҳ белгиланган тартибда ФҲДЁ органларида қайд этилганидан бошлаб эр-хотин ўртасида ва улардан туғилган болада ҳам қатор ҳуқуқ ва мажбуриятлар пайдо бўлади.

Оиланинг мустаҳкамлиги, ундаги соғлом муҳитнинг барқарорлиги сўзсиз фарзандлар камолотига хизмат қилади. Ҳали мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган, ўз қизиқиши ва лаёқатига кўра бирор касб-ҳунарни эгалламаган ёш қизларнинг зиммасига оила масъулиятини юклаб қўйиш оилавий муносабатларнинг дарз кетиши, гоҳида жисмоний ва ақлий жиҳатдан тўғри ривожланмаган болаларнинг туғилиши каби нохуш оқибатларга олиб келаётгани ҳам сир эмас.

Қизларни болалик, ўсмирлик давриданоқ репродуктив саломатлигига катта аҳамият бериб тарбиялаш ота-она, айниқса онанинг зиммасига юклатилган масъулиятли вазифа бўлиб ҳисобланади.

Эрта ёшда ҳомиладор бўлиш, туғиш жараёнида она ва боланинг соғлигига хавф солиши мумкин. Маълумки, 15-17 ёшгача қизлар тўлишиб, бўйлари ўсиб қолади, аммо бу ҳали уларни она бўлиш учун тайёр эканликларини билдирмайди. Қизлар 15-17 ёшга тўлгани билан уларда, ҳомилани тараққий этиши ва бола туғиш учун нормал шароит вужудга келмаган бўлади. Тос суяклари ривожланмаганлиги сабабли, туғиш жараёнида жарроҳлик усулидан фойдаланишга тўғри келиши мумкин. Қизлар 20 ёшдан кейин жисмонан ва руҳан она бўлишга тайёр бўладилар. Эрта турмуш қуриш кўпинча фарзандсизликка, боланинг ой куни етмай чала туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Аёллар учун фарзанд кўришнинг энг қулай даври 20-35 ёш оралиғи хисобланар экан.

Жисмонан тўлиқ шакилланмаган қиз болани хомиладор бўлиши бўлажак фарзанд учун хавфли эканлиги, яъни тўлиқ ривожланмаган бачадонда (эмбрион) бола соғлом ва тўлиқ ривожланиши мумкин эмас экан. Болани туғиш жараёнида жисмонан заиф бўлган онанинг психикасига (руҳига) ҳам салбий таъсир қилиши ва келгусида нохуш оқибатларга олиб келиши, яъни нафақат болани ҳаттоки она соғлиғига ҳам эрта фарзанд кўриш салбий таъсир қилиши аниқдир.

Халқимиз келажак авлоднинг етук, жисмонан баққуват, руҳан соғлом бўлиши учун оилага жиддий муносабатда бўлиб, бўлажак оила аъзоларининг нафақат ҳозирги мавқеи, ижтимоий, иқтисодий ҳолати, маълумоти, саломатлиги, билим савияси сўраб суриштирилади, балки иложи борича етти авлоди ҳақида ҳам маълумотга эга бўлиш учун ҳаракат килинади.

Агар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларга риоя қилиниб оила қурилса, у мустаҳкам бўлади, келажак авлод баркамоллигини, қолаверса, ҳалқимизнинг келажагини соғломлаштиришни таъминлайди.

Жамиятнинг асосий таянчи ҳисобланган оилани мустаҳкам бўлиши учун фуқаролар йиғинларининг, қолаверса мутасадди барча ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилиши уйлаймизки кутилган натижаларни беради.

З.Каримова, Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси 


Рўйҳатга қайтиш