Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур

Халқимиз азал-азалдан эртанги кунининг эгалари, эзгу ишларининг давомчилари бўлмиш фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб келган. Бугун эса бу масала ҳар қачонгидан ҳам теран мазмун касб этмоқда.

Ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан баркамол ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилиши амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг ўзига хос хусусиятларидан бири бўлиб ҳисобланади. Зотан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, келажак авлод ҳақида қайғуриш, соғлом, баркамол наслни тарбиялаб етиштиришга интилиш бизнинг миллий хусусиятларимиздандир.

Маълумки, мамлакатимизда болаларнинг ҳар томонлама камол топиши учун барча шарт-шароитларни яратиш имконини берадиган, вояга етмаганлар орасида тарбиявий ишларни кучайтиришга кўмаклашадиган қонун ҳужжатлари қабул қилинган.

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг ратификация қилиниши билан ҳукуматимиз халқаро ҳамжамият олдида ушбу муҳим ҳужжатнинг барча қоидалари мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддасида қайд этилганидек, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.

Шунингдек, Конституциянинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиши ва тарбиялашга мажбурлиги, давлат ва жамият етим болаларни, ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларининг рағбатлантирилиши, 65-моддада фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатьи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши мустаҳкамлаб қўйилган. Бу конституциявий меъёрлар бир қатор бошқа қонунлар билан кафолатланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Оила, Меҳнат кодексларида, “Таълим тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва шу каби кўплаб қонун ҳужжатларида бола ҳуқуқларига, уларни ҳимоя қилиш шаклларига оид қоидалар мустаҳкамланган.

Вояга етмаганлар ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2008 йил 7 январда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонун юртимизда болаларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни камол топтиришга йўналтирилган яна бир муҳим қонун ҳужжатлардан биридир. Бола ҳуқуқлари соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш механизмини такомиллаштириш йўли билан болаларни, шу жумладан, етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг амалдаги тизими самарадорлигини ошириш ушбу қонуннинг асосий мақсади ҳисобланади.

Бундан ташқари, 2014 йил 3 январда матбуотда эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуни ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож вояга етмаганларнинг ижтимоий-иқтисодий, қўйингки барча қонуний манфаатларини кўзлайди. Мазкур Қонун бу борадаги барча муаммоларга ойдинлик киритди.

Президентимиз ташаббуслари билан жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши замирида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уни кафолатлаш борасидаги улкан мақсадлар қамраб олинди.

Зеро, фарзандларимизнинг соғлом, баркамол вояга етиши, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши фаровон келажагимиз пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади

Нусрат Жахонов, Вобкент туман ФҲДЁ бўлими мудири  


Рўйҳатга қайтиш