Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Соғлом ва мустаҳкам оила - юрт таянчи

Инсон аслида бахт ва эзгулик учун дунёга келади, шу орзу-умид билан яшайди. У шу ниятга етиш учун интилиши, ғайрат кўрсатиши, яхшилик кўриши учун яхшилик қилиши лозим. Инсоннинг шаклланишида, ҳаётда ўз ўрнини топишида, эл-юрт ичида иззат-ҳурматга сазовор бўлишида, юксак одоб-ахлоқ қоидаларини ўзида мужассам этишида оила асосий ўринни эгаллайди. Оила шундай маконки, унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи шахс шаклланади, этник маданият, урф-одатлар, ахлоқий миллий қадриятлар сақланади ва ривожлантирилади, жамият тараққиётини белгиловчи иқтисодий ва маънавий ҳаёт пойдевори қўйилади ва мустаҳкамланади. Оила аҳил ва тотув бўлса, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилди, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради.

Оила аҳиллиги, баркамол фарзандлар жамият мустаҳкамлиги ва маънавий етукликнинг гаровидир. Давлатнинг қудрати – соғлом фикрли, билимли, ахлоқ-одобли, халқ, миллат, Ватан тақдири учун жонни тиккан инсонлар тимсолида янада яққол намоён бўлади.

Мамлакатимиз мустақиллиги йилларида Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсатнинг устивор йўналишлари: аёлларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини ошириш, оилани ҳар томонлама мустаҳкамлаш, оилада ва таълим тизимида ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган муҳим ишларнинг негизида ҳам айнан шу ғоя ётибди. Миллат генофондини сақлаш айнан шундан бошланади. Эр ёки хотин насл-насабидаги мавжуд ирсий касалликлар келгуси авлодлар тақдири, миллат келажаги учун ҳам хавфлидир. Оиласининг бахт-саодатини, роҳат-фароғатини ўйлаган одам шу масалаларни ҳам назардан четда қолдирмаслиги шарт.

Турмуш қуришга аҳд қилган йигит ва қизнинг ўзаро розилиги ва бир-бирига майли, муҳаббати асосида қурилган никоҳ мустаҳкам бўлади. Шу никоҳ асосида дунёга келган фарзанднинг бахти барқарордир. Фарзанд оиланинг гултожи – эр-хотин ўртасидаги муҳаббат ришталарини боғловчи қимматли кўприк. Ҳаётнинг ширинлиги, қайноқлиги, аччиқ-чучуклиги, тасодифларга бойлиги - фарзанд билан.

Абдурауф Фитрат айтганидек, “... Уйланишнинг биринчи мақсади фарзанддир...”. Ҳар бир ёш соғлом оила қуришни, соғлом фарзандлар кўришни, уларни соғ-саломат вояга етказиб, уларнинг бахтини, камолини кўришни, ўз навбатида невара ва чевараларга бош бўлишни орзу қилади. Агар оила фарзанд кўриш бахтидан маҳрум бўлса, ёки ногирон фарзанд дунёга келса-чи. Бу бахтсизликни мен аввало она сифатида, қолаверса, давлатнинг ваколатли орган вакили сифатида ҳеч кимга раво кўрмасдим.

Шу бахтсизликни олдини олиш, наслимиз ва келажагимиз соғлигию камолини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низоми тасдиқланди.

Ушбу низом 2004 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилди. Унга кўра барча никоҳланувчи шахслар ёшидан, нечанчи никоҳлигидан ва бошқалардан қатъий назар, тегишли тартибда тиббий кўрикдан ўтишлари ва соғликлари ҳақидаги тегишли маълумотномани никоҳдан ўтиш учун ариза берган ФҲДЁ бўлимига тақдим қилингандан кейингина, никоҳлари қайд қилинади. Келажагимиз ёшлар қўлида, шундай экан ёшларимиз соғлиги, наслимизнинг соғлиги учун ҳаммамиз масъул эканлигимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

Г.Насретдинова, Бухоро шаҳар 2-сон ФҲДЁ бўлими инспектори


Рўйҳатга қайтиш