Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Бола ҳуқуқларининг кафолатлари

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизда жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Ватанимиздаги ривожланишлар ва ислоҳотларнинг мувафаққияти республикамизда қабул қилинаётган қонунлар сонига эмас, балки кўп жиҳатдан халқнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражаси, амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинаётган қонунлар мазмунини англаб етиши ҳамда уларга амал қилиш даражасига боғлиқдир.

Соғлом бола туғилиши, баркамол авлод таълим-тарбияси, ёшлар ҳуқуқларига оид нормалар энг аввало бош қомусимиз ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз аксини топди.

Хусусан, Конституциянинг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга экани, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлиги, мактаб ишлари давлат назоратида экани, 45-моддасида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани, 63-моддасида оила жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга экани, 65-моддасида оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгиланган.

Конституциямиз асосида қабул қилинган қонунлар, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал ҳамда Оила кодексларининг ҳаётга жорий этилиши оила муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш ва такомиллаштириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур кодекслар, айниқса Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси халқаро ва умуммиллий қадриятларни ўзида мужассамлаштирган ҳуқуқий манба бўлиб, унда оилавий муносабатларда, бола тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, шахсий ва мулкий ҳуқуқларда эр-хотин ҳуқуқларининг тенглиги, оналик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши, вояга етмаган болалар таъминоти, оилавий муҳитдан маҳрум бўлган болалар ҳуқуқларини муҳофазалаш, болаларни фарзандликка олиш, мурувватга муҳтож болаларга яшаш, тарбияланиш ва таълим олиш учун шароитлар яратиш, ўз фикрини эркин ифода этиш ҳамда ҳуқуқларини мустақил равишда ҳимоялаш масалаларига алоҳида аҳамият берилган.

Оила кодексининг аксарият моддаларида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш идораларида жамиятнинг энг кичик ва бирламчи бўғини бўлган оилани тузиш, унда дунёга келадиган фарзандларнинг туғилишини давлат рўйхатига олиш, болаларнинг насл-насаби ва қариндошлигини белгилаш, далолатнома ёзувларини қайд этиш орқали болаларга оналик ва оталик фактларини ўрнатиш, фуқароларнинг, жумладан болаларнинг фамилияси, исми ва ота исмини ҳужжатлар асосида тасдиқлаш ва ўзгартириш, фарзандликка олиш, оталикни белгилаш, далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш фуқаролик ҳолатларини расмийлаштириш орқали фуқароларнинг жамиятда маълум бир шахс сифатида ўрин топиши учун ҳуқуқий асослар келтирилган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган ҳолда БМТ томонидан бу соҳада қабул қилинган 6 та халқаро шартнома қатнашчисига айланди.

Республикамиз биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 9 декабрдаги “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш ҳақида”ги Қарорига мувофиқ ушбу Конвенцияни ратификация қилиб, кейинчалик,

- ирқий камситилишнинг барча турларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро Конвенция;

- фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт;

- иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт;

- аёллар камситилишининг барча турларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция;

- қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг шавқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши Конвенцияларга қўшилган.

Шунингдек, инсон ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича қонунларнинг узвий давоми сифатида 2008 йил 
7 январда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонунга асосан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифати боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, боланинг камситилишига йўл қўймаслик, боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, болалар ҳуқуқлари ва имкониятларининг тенглигини таъминлаш, бола ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлаш, болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва аҳлоқий камол топишига кўмаклашиш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, болаларда ватанпарварлик, фуқаролик, бағрикенглик ва тинчликсеварлик туйғуларини тарбиялаш, болани Ўзбекистон халқининг тарихий ва миллий анъаналари, маънавий қадриятлари ҳамда жаҳон маданияти ютуқлари билан таништириш, боланинг шахсини, унинг илмий, техникавий ва бадиий ижодкорлигини ривожлантириш, болалар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, болада ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, бола ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик қилиш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, болаларнинг ижтимоий кўникмасига, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни камайтиришга кўмаклашишдан иборатлиги белгиланди.

Бундан ташқари, 1994 йилда ишлаб чиқилган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ташкил этилган “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги концепцияси бугунги кунда ёш авлодни турли ҳуқуқбузарликлар, диний экстремизм, гиёҳвандлик ҳамда “оммавий маданият” каби иллатлардан асраб-авайлаб, ўзларининг бўш вақтларини фойдали ва мазмунли ўтказишнинг, ёшларни касбга йўналтиришнинг муҳим омили бўлмоқда.

Республикамизда бола ҳуқуқлари, уни дунёга келтирувчи аёлнинг ҳуқуқлари ҳар жиҳатдан таъминланган. Буни Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг аёлнинг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмаслиги, аёлнинг никоҳ тузилгандан кейин эрининг ўлими, никоҳдан ажратилганлиги ёхуд никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилганлиги туфайли никоҳ тугаганидан сўнг 300 (уч юз) кун ичида туғилган боласи никоҳда туғилган бола ҳисобланиши каби 39 ва 60-моддаларида кўриш мумкин.

Аммо, айрим жойларда болалар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлиб қаровсиз қолаётганлиги ёки яқин қариндошлари тарбиясида ота-онасидан узоқда яшаётганлиги, айрим ота-оналарнинг ўз болаларининг тақдири билан қизиқмаётганлиги ёки уларнинг тақдирига бефарқ қараётганлиги оқибатида болалар вояга етгунига қадар ҳам туғилиши қайд этилмасдан келинаётганлиги каби нохуш ҳолатлар мавжуд.

Боланинг шу онадан туғилганлиги, яъни оналик факти фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи томонидан тиббий муассасанинг ҳужжатларига кўра, бола тиббий муассасада туғилмаган ҳолда эса, бошқа далилларга асосан белгиланиши дунёга келган боланинг насл-насабини белгилаш асослари бўлиб, ҳисобланади.

Минг афсуслар бўлсинки, ота-оналар орасида фарзандларининг туғилганлигини маҳалла-куй, таълим муассасаларининг ҳамда ФҲДЁ органлари ходимларининг аралашуви ва қистовларидан кейингина қайд қилдираётганлар ҳам йўқ эмас.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Рспубликаси Оила Кодексининг 205-моддасига кўра, болаларнинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, болалар туғилган жойдаги ёки ота-онадан бирининг доимий яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномарини ёзиш органида бир ой муддат ичида амалга оширилиши лозим.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 69-моддасига асосан бола исм, ота исми ва фамилия олиш ҳуқуқига эга.

Лекин амалиётда шундай ҳолатлар ҳам учраб турадики, боланинг туғилишини қайд эттириш учун мурожаат қилган ота ёки она миллатимизга, динимиз ва тилимизга хос бўлмаган исмни қўйиш, болага фамилия бермаган ҳолда ота исмига турли қўшимчаларни қўшиш орқали гувоҳнома ёзиб беришни талаб қилади. Аммо бундай болалар мактабгача тарбия муассасаларига, мактабга боргандан кейин ноқулай фамилия, исм ёки ота исми берилиши оқибатида бошқа болалардан ажралиб туриши уларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади ва ўзини бошқа болалардан камситилган сифатида сезишига сабаб бўлади.

Муқаддас ислом динимизнинг асоси саналган Қуръони Каримда инсонлар бажариши лозим бўлган фарз амаллари баён қилинган бўлиб, улардан бири ота-онанинг фарзандига чиройли исм қўйишидир.

Оқибатда эса ота-оналар ўз хатосини кеч бўлсада, тушуниб етади ва боланинг исми, фамилияси, ота исмини ўзгартириш учун ФҲДЁ органларига мурожаат қилишади.

Юртимизда бола ҳуқуқлари устувор қўйилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги 352-сонли қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексига ўзгартиришлар киритилиб, фарзандликка олиш туман шаҳар ҳокимининг қарорига асосан эмас, балки фуқаролик ишлари бўйича туман, туманлараро ёки шаҳар судларининг ҳал қилув қарорларига асосан расмийлаштирилиши белгиланди.

Чунки вояга етмаганларнинг манфаатларини кўзлаб чиқариладиган фарзандликка олиш ҳақидаги ҳал қилув қарорлари албатта судьялик лавозимини эгаллаган олий маълумотли ҳуқуқшунослар томонидан фуқаролик ишларида мавжуд бўлган далиллар атрофлича ўрганилган ҳолда қабул қилиниши лозим.

Фарзандликка олиш ҳақида қарорларни чиқариш судларга олиб берилиши натижасида фарзандликка олиш ҳаракатларини фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд қилиш жараёнида юзага келадиган бир қанча ноаниқликларнинг олди олинди.

Мана шундай ҳуқуқий асослари мавжуд бўлган давлатда инсон ҳуқуқларининг камситилишига йўл қўймаслигимиз, ҳаётимиз давомчиси, миллатимиз шаъни ҳисобланган болаларимизни ҳуқуқий ва маънавий жиҳатдан ҳимоя қилишимиз ҳамда қўллаб-қувватлашимиз керак.

Бунинг учун мутасадди ташкилотлар болалар келажаги учун масъул шахслар ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариши, фуқароларимизда, айниқса ёшларимизни ўзини ҳурмат қилиш баробарида бошқа шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларига, қонунларимизга ҳурмат назари билан қараш, ўз манфаатларини амалга оширишда бошқаларнинг манфаатларига зиён етказмаслик руҳида тарбиялашимиз, ҳуқуқий онг ва маданиятни оширилишига эришишимиз йўлида ҳамкорликни яхши йўлга қўйишимиз даркор. Буни давр, миллий қадриятларимиз ва қонунчилигимиз тақозо этмоқда.

М.Рўзиева, Когон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси в.в.б. 


Рўйҳатга қайтиш