Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Режали текшириш ўтказиш даврийлиги ўзгартирилди

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони талаблари асосида 2015 йил 20 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан бир қатор қонун ҳужжатлари қаторида “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига ҳам тегишли ўзгартиш киритилди.

Жумладан, Қонуннинг ушбу моддаси олдинги таҳририда аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берувчи махсус ваколатли давлат органи, барча аудиторлик ташкилотларида лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларига аудиторлик ташкилоти томонидан риоя этилишини назорат қилиши ҳамда уч йилда кўпи билан бир марта мазкур масалалар юзасидан текширув ўтказиши белгиланган эди.

Эндиликда, ушбу моддага киритилган ўзгартишга мувофиқ микрофирма ва кичик корхоналар жумласига кирувчи аудиторлик ташкилотларида текширув режали тартибда фақат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан тўрт йилда кўпи билан бир марта ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, қайд этилган Фармонда белгиланган меъёрларга асосан бошқа тадбиркорлик субъектлари билан бир қаторда аудиторлик ташкилотларида ҳам молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, яъни бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни ўрганишни талаб этмайдиган режали текширишлар муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги белгиланди.

Мухтасар айтганда, қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартишлар мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун янада кенгроқ имконият яратади.

Абдурасул БОБОМУРОДОВ, Давлат солиқ қўмитаси шўъба бошлиғи 


Рўйҳатга қайтиш