Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Коррупция: унинг тарихий илдизлари, коррупцияга қарши кураш усуллари

Коррупция –– бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.

Биз қуйида коррупциянинг тарихий илдизларига ва унга қарши курашиш хусусида фикр юритмоқчимиз.

Коррупция (лот. Corrumpere — бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.

Кўп ҳолларда бу атама сиёсий элитадаги бюрократик аппаратга қарата ишлатилади. Коррупция кўплаб давлатларнинг жиноят ва маъмурий қонунчилиги билан ҳуқуққа қарши ҳаракат сифатида таъқиб қилинади.

Макроиқтисодий ва сиёсий-иқтисодий тадқиқотлар, коррупция — давлатларнинг иқтисодий ўсиши ва ривожланишига улкан тўсиқ эканлигини кўрсатди. Юртбошимиз И. А. Каримов ўзининг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарида коррупциянинг Ўзбекистоннинг ўз тараққиёти йўлида ривожланишига улкан тўсиқ бўлиши мумкинлигини баён қилган эди.

Коррупциянинг тарихий ўзаклари жуда жуда қадимга бориб тақалиб, бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ўша даврларда бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинган. Бироқ давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказийлашуви коррупциянинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди. Коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади. Қадимги давлатларни айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солганлиги бизгача сақланиб қолган манбалардан маълум. Чунки бу ҳолат давлатнинг обрўсига жуда қаттиқ путур етказарди. Дунёнинг етакчи динларида ҳам биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ қораланади. Жумаладан, Инжилда “Совғаларни қабул қилма, чунки совға кўрни кўрадиган қилади ва ҳақиқатни ўзгартиради” дейилган бўлса, Қуърони Каримда “Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар” дейилган.

XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб жамият давлат бошқарув аппаратининг иш сифатига тоборо кўпроқ таъсир кўрсата бошлади. Бу ўша даврда қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган. Жумладан, 1787 йилда қабул қилинган АҚШ Конституциясида пора олиш АҚШ президентини импечментга тортиш мумкин бўлган икки жиноятнинг бири сифатида кўрсатиб ўтилган. Сиёсий партияларнинг вужудга келиши ва уларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрнининг ошиб бориши XIX-XX асрларда ривожланган давлатларда коррупциянинг дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан анча камайишига олиб келди.

Ушбу иллатни тадқиқ қилган бир қатор йирик мутахассислар қуйидаги факторларни коррупцияни юзага келтирувчи омиллар сифатида кўрсатади.

Икки хил маънони англатувчи қонунлар — ушбу вазият ҳуқуқни қўлловчи мансабдор шахс томонидан қонунларни турлича қўллаш имконини яратади. Шунингдек, айрим мутахассислар жиноят, маъмурий қонунчиликдаги “вилка” санкцияларни ҳам коррупцияга қулай шароит яратиши мумкинлиги ҳақида фикр юритишган. Яъни, санкциянинг аниқ миқдори йўқлиги судьяда уни ўз ҳоҳишига қараб қўллашга шароит яратиб беради.

Аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги — аҳоли томонидан қонунларни билмаслик ёки тушунмаслик мансабдор шахсга ўзининг шахсий манфаати йўлида қонунлардан фойданишга қулай шароит яратади.

Мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нотинчлиги — мамлакатдаги нотинчлик биринчи навбатда аҳоли онгида ҳаётда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ, деган мутлақо ахлоққа зид нуқтаи назар шаклланишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида коррупцияга қулай шароит яратади.

Ижро ҳокимиятининг бирлиги тамойилинининг бузилиши — айнан битта фаолиятнинг турли инстанциялар томонидан тартибга солиниши:

аҳолининг давлатни назорат қилишдаги суст иштироки;

давлат секторидаги хизмат қилаётган хизматчилар даромадларининг хусусий секторда топиш мумкин бўлган даромадлардан камлиги;

иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибга солиниши;

инфляциянинг юқори даражаси;

мамлакат юқори бошқарув органларининг аҳолидан узилиб қолганлиги;

мамлакатдаги диний ва ахлоқ қоидалари.

Жаҳон мамлакатларида коррупцияга қарши курашнинг қуйидаги усуллари мавжуд.

Ички назорат —бу усул бошқарув аппаратининг ўзида назоратни кучайтирувчи тузилмалар (ҳар хил ички инспекциялар ва бошқа назорат органлари тузиш орқали) яратишни тақазо этади. Бу тузилманинг асосий вазифаси ходимларнинг ички этикет қоидаларига риоя қилишини назорат қилишдир. Ҳозирги кунда бизнинг юртимизда ҳам бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида айнан шу вазифани бажарувчи ички тузилмалар яратилган.

Ташқи назорат — бу усулда ижро аппаратидан мустақил тузилмаларнинг мустақиллигини ошириш назарда тутилиб, айнан ушбу тузилмалар орқали коррупцияга қарши самарали кураш олиб борилади. Яъни, суд ҳокимиятининг максимал даражада мустақиллигига эришиш оммавий ахборот воситаларига кўпроқ эркинлик бериш ва ҳ.к.

Сайлов тизими орқали курашиш —демократик давлатларда сайланган вакилларни коррупция учун жазолашнинг асосий усулларидан бири кейинги сайловларда унга овоз бермаслик ҳисобланади. Коррупцияга сайловлар орқали таъсир ўтказиш энг самарали усул ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашда юқори натижаларга эришган Швеция, Сингапур, Гонконг, Португалия каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашда муҳим ўрин эгаллайди.

Бунда Конституциявий назорат органлари, ҳуқуқ-тартибот органларининг аҳамияти ортади. Яъни, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган нормаларни конституциявий назорат органи томонидан конституцияга зид деб топиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш каби методлардан унумли фойдаланиш ушбу давлатларни коррупция даражаси жуда паст бўлган давлатлар қаторига олиб чиққан. Биз қуйида Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда қўлланилган усуллар ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз.

Сингапур давлати 1965 йил мустақилликка эришгач коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида турар эди. Лекин бу иллатга қарши ўтказилган бир қатор тадбирлар бу давлатда коррупциянинг минимал даражага тушишига олиб келди. Биринчи навбатда бу ерда бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиб суд тизимининг мустақиллиги оширилди (судьяларнинг даромадлари ва имтиёзларини ошириш эвазига). Шу билан бирга коррупция жиноятлари учун санкциялар оғирлаштирилиб, фуқароларга коррупцияга қарши жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишда бош тортганлиги учун жуда катта молиявий санкциялар белгиланди. Бир қатор давлат идораларида оммавий “тозалашлар” ўтказилиб бу жараёнлар телеканаллар орқали бутун мамлакатга намойиш қилинди. Юқорида санаб ўтилган омилларнинг ҳаммаси Сингапурни қисқа муддатларда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатида илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Шунингдек, давлат хизматчисининг аҳлоқ стандартларига риоя этишини қаттиқ назорат остига олиш ҳам Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири бўлиб хизмат қилади.

Юртбошимизнинг юқорида эсланган асарида “жиноятчилик, коррупция бизнинг ўз хавфсизлигимизга ҳам, халқаро хавфсизликка ҳам таҳдид солувчи реал манбадир. Бинобарин, мазкур ҳодисага қарши кураш масалалари биргина бизга тааллуқли эмас. Шунинг учун ҳам биз жиноятчилик ҳақида бутун жаҳон ҳамжамияти қайғурмоғи лозим, деб ҳисоблаймиз. Суверен Ўзбекистон халқи ва раҳбарияти эса улар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр ва буни дунёни поклаш, унинг хавфсизлигини таъминлаш ишига қўшилган ҳисса, деб билади” деб фикр билдирган эди.

Жиноятчи унсурларнинг хўжалик муносабатлари тизимини шакллантириш жараёнида фаол ва хуфёна иштирок этиши жамиятда ахлоқсизлик вазиятини туғдириши, бу эса ўз навбатида, мамлакат учун ҳам, жаҳон ҳамжамияти учун ҳам номақбул жиноий бозор иқтисодиётининг алоҳида тури шаклланишига олиб келишини кейинчалик БМТ томонидан ҳам тан олиниб, 2003 йил 9 декабрда Мексиканинг Мерида шаҳрида коррупцияга қарши курашишда давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш мақсадида 3 кун давом этган конференция ташкил этилди. Бу конференция давомида 100 дан ортиқ давлат томонидан Коррупцияга қарши ҳақаро конвенция имзоланди. Конференциянинг биринчи иш куни (9 декабрь) БМТ томонидан бутун дунёда коррупцияга қарши кураш куни деб эълон қилинган. Ушбу конвенциянинг қабул қилиниши ва кучга кириш (2003 йил 31 октябрь) дунё мамлакатларининг коррупцияга қарши курашдаги ҳамкорлигини янги поғонага кўтарди.

Конвенцияда коррупциянинг ривожланиши уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа жамият учун хавфли бўлган салбий омилларга қарши курашга улкан тўсиқ бўлиши мумкинлигига алоҳида урғу берилган.

Ушбу Конвенциянинг мақсади қуйидагилардан иборат:

— коррупцияга қарши қаратилган юқори самарали чора тадбирларни қабул қилиш ва уларни мустаҳкамлаш;

— коррупцияга қарши курашда ҳалқаро ҳамкорликни кенгайтириш, енгиллаштириш ва қўллаб қувватлаш.

Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига 2008 йил 7 июлдаги ЎРҚ-158-сонли Қонуни билан қўшилган бўлиб, ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Адлия вазирлиги коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда бошқа Иштирокчи-давлатларга ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган органлар сифатида белгилаб қўйилган.

Ушбу Конвенцияда назарда тутилган ва коррупция сифатида эътироф этилиши мумкин бўлган қилмишлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг бир қатор моддалари билан жиноий қилмиш сифатида таъқиб қилинади.

Коррупцияга қарши курашда жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики фақатгина жиноий қонунчиликни оғирлаштириш йўли билан бу салбий иллатга қарши курашиб бўлмайди (ХХР да жуда кўп миқдорда пора олганлик учун ўлим жазоси мавжуд). Бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш лозим бўлади.

Ж.Сирожев, Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси 


Рўйҳатга қайтиш