Ўзбекча
Бухоро вилояти
адлия бошқармаси
расмий веб сайти
Телефон:
Ишонч телефони:
(+998 65) 223-78-51
(+998 65) 223-21-20
(+998 65) 223-74-16

Мустақиллик-қўшалоқ байрам!

Истиқлол йилларида юртимиз кундан кунга чирой очиб, маҳалларимиз обод бўлмоқда. Бунда бевосита мамлакатимиз президентининг саъй ҳаракатлари алоҳида ўрин эгаллайди. Юртбошимиз раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсатнинг асосий мазмун-моҳияти – ҳар томонлама етук ёш авлодни камол топтиришдан иборатдир. Бинобарин, 2013 йилнинг “Обод турмуш йили” деб эълон қилингани ҳам келажак ҳақида қайғуриш, деб изоҳласак бўлади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда “Оила соғлом экан жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамлакат барқарордир”.IMG_4393.jpg

Бугун оиланинг беназир нуфузи, улкан ижтимоий аҳамиятга молик воқелик экани ҳеч кимда шубҳа туғдирмайди. Оила жамиятнинг асосий ҳужайраси ва ижтимоий таянчидир. Ҳар бир оиланинг бахтиёрлиги ва фаровонлиги пировард натижада жамиятнинг барқарорлиги, гуллаб яшнаши ҳамда фаровонлиги шартидир.

Бугунги кунда фуқаролар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар уларнинг янада ватанга муҳаббат ва юртга садоқат руҳи ила хизмат қилишларига замин яратмоқда.

Азалдан ўзбек халқи бунёдкор, гўзалликка ошно миллатдир. Ушбу байрам арафасида ҳам шундай бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Зеро, ободлик кўнгилдан бошланади.

Ҳукуматимиз томонидан адлия органлари олдига қўйилган муҳим вазифалардан бири – фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи тузилмалар фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш саналади.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, адлия бошқармаси томонидан Қоракўл, туманида ФҲДЁ бўлими ва давлат нотариал идоралари учун янги бино қурилди.

Мазкур бинонинг фойдаланишга топширилганлиги ҳам давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар ва имкониятларнинг бир кўриниши десак муболаға бўлмайди. Ушбу ажойиб бино инсонларнинг, айниқса, Қоракўллик ёшлар учун байрам туҳфаси бўлиб, уларнинг энг бахтиёр ва шодиёна кунларида хизмат қилиши ва ҳамиша гавжум масканлардан бирига айланиши муқаррар.DSC_0808.JPG

Тантанали очилиш маросими аввалида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи А.Халилов, Қоракўл туман ҳокими М.Нўъмонов, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Баҳромова, туман ФҲДЁ бўлими мудираси О.Шукуруллаева ва туман ёшлари номидан Б.Муродовалар ўз табрик ва миннатдорчилик сўзларини изҳор этдилар.

Бино туман фахрийлари иштирокида очилиб, унинг калити ёшларга топширилди. Айнан мустақиллик арафасида ўзларининг никоҳ тўйлари билан бирга таваллуд топган кунларини нишонлаётган келин-куёвлар учун ушбу кун қўшалоқ байрам бўлди. Тадбир давосида туман фахрийлари томонидан қўшалоқ байрамларимиз кўпаяверсин, мустақиллигимиз абадий бўлсин дея дуо қилинди.

Шунингдек, тадбир сўнгида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги муносабати ҳамда смарали меҳнати, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасини ривожлантиришда қўшаётган ҳиссаси учун бошқарма ва унинг тизимидаги бир неча ходимлар “Фахрий ёрлиқ”, қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

З.Имомова, 

Адлия бошқармаси масъул ходими 




Озод элда обод турмуш

Замонавий ва миллийликни ўзида акс эттирган кўркам иморатлар, кенг ва текис йўллар, серҳосил боғлару, йўл чеккасида салобат тўкиб турган манзарали дарахтлар – ободликдан нишона. Булар барчаси обод турмушимиз, фаровон ҳаётимизнинг ўзига хос жиҳатларидир. Аввало, ободлик кўнгилдан бошланади. Имони бут, қалби пок, луқмаси ҳалол, раҳнамоси тўғрилик, нияти эзгулик бўлган инсон кўнгли обод бўлиб, у кўнгиллардан кўнгилларга кўчади. “Ободлик” тушунчаси кенг қанот ёзиб, кўнгилдан оилага, сўнг маҳалла, қишлоққа, юртга тарқайди. Ободликнинг аксини тотув, ибратли оилалар мисолида кўриш фикримизнинг асосидир. Яшаб турган маҳалла аҳлининг бир-бирига суянчиқ ва ҳамкор бўлиб ёш авлод тарбиясида муваффақият қозониб, уй – рўзғорнинг тўкис ва фаровон бўлишига эришаётгани том маънодаги ободликдир. Юртимизда бундай оилаларнинг жуда кўплиги жамиятимизнинг улкан тиргаги ва ривожлантирувчи кучидир.

Минг йиллар давомида аждодлардан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг ҳеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг асосий қонунимиздан ўрин эгаллаганлиги таҳсинга сазовор. Асосий қонунимизда инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқиёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда.

Давлатнинг буюклиги Ватаннинг озод ва ободлиги, инсоннинг комиллиги, халқнинг эркин ва фаровон ҳаёти билан белгиланади. Обод ҳаёт авваламбор фаровонлик, тўкинчилик, мўл – кўлчилик, қут – барака, арзончилик маъносини ўзида мужассам этади. Зеро, обод юртда файз – барака бўлади, одамлар ўртасида меҳр – оқибат ҳукм суради, турмуш фаровон бўлади.

Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида замонавий спорт иншоотлари барпо этилиб, халқаро андозалар даражасида жиҳозланиб, миллионлаб ёшларимизнинг кўплаб спорт турлари билан мунтазам шуғулланишга имконият яратилмоқда. Спорт ёшларнинг жисмоний ва маънавий гўзалликка эришишида энг яқин кўмакчидир. Ортда қолган йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар натижасини бутун Республика миқиёсида кўриш мумкин.

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида тарихий ва маданий ёдгорликларни асрашга қаратилаётган эътибор самарасида истиқлол йилларида буюк тарихий обидалар, азиз авлиёларнинг қадамжолари қайта таъмирланиб, кўплаб бетакрор маданият ва санъат кошоналари барпо этилди. Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш борасида амалга оширилган ишлар муҳим аҳамиятга эга. Дарҳақиқат, таълим соҳасида эришаётган муваффақиятларимиз “ўзбек модели”нинг қисқа даврда бераётган самаралари сифатида намоён бўлмоқда. Ўзбекистон 141 мамлакат орасида инсон капиталини ривожлантириш даражаси бўйича 35-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш даражаси бўйича эса 2-ўринни эгаллагани биз учун фахрлидир.

Обод турмуш йилида олдимизда турган энг устувор вазифалардан бири аҳоли бандлигини таъминлаш ишларида фаол иштирок этишдан иборат. Олий ва ўрта махсус касб – ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш, улар ҳаётда ўз ўрнини топиб олиши учун зарур шарт – шароитлар яратиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Ёшларнинг замонавий билим олиши, муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўрнига эга бўлишини ободлик сари илк қадам десак бўлади. Аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга қаратилган хайрли ишлардан бири – банклар томонидан ажратилаётган кредитлардир. Турмушимизнинг обод ва фаровонлигини ошириш мезонларини ҳаёт тарзимизга айлантириш учун ката-катта ишларни ҳамжиҳатликда амалга оширишимиз лозим. Юрагимиздаги буюк яратувчанлик қудрати қалбимизни обод этади. Юртимиздаги ободликларни кўриб кўнгил яйрайди.

Бўсағада йирик спорт байрами мамлакат талаба ёшларининг “Универсиада – 2013 ” мусобақаси турибди. Шу муносабат билан шаҳримиз йўлларини таъмирлаш ва равон қилиш ишларига 12 млрд. 300 млн. сўм маблағ ажратилди. 2013 –“ Обод турмуш” йилида ҳам вилоят манзилли дастурига мувофиқ кўплаб ижтимоий объектлар қурилиши кўзда тутилган. Демак, олдимизда улкан, масъулиятли вазифа турибди.

Ватан равнақи ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, ўз манфаатини шу юрт ва халқ манфаати билан боғлаш, тинчлик ва осудаликни асраш, мустаҳкамлаш учун курашиш барча олижаноб орзу – интилишларимизни амалга оширишнинг муҳим кафолатидир.

“Обод турмуш” йили бунёдкор халқимизни янада катта ишларни режалаштиришга ундаши ва юртимиз янада жамол очиши кафолатидир. Юртдошларимиз ўртасида меҳр оқибат, аҳиллик, бирлик, ёру – биродарлик кўтарилмасин. Диёримиз кундан – кун чирой очиб, турмушимиз обод бўлсин.

З.Имомова, Бухоро вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси  


Тадбиркор аёллар учун сармоялар

“Обод турмуш йили” Давлат дастурида оила мустаҳкамлигини таъминлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги фаоллигини ошириш, ижтимоий-маиший шароитини яхшилаш орқали меҳнатини енгиллаштиришга оид вазифалар белгиланган.

Кам фоизли микросармоялари билан аҳолининг ва ишбилармонларнинг ишончли ҳамкорига айланган “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки ҳам хотин-қизлар тадбиркорлигини ҳар томонлама ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида банк томонидан ишбилармон аёлларга қарийб 14 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилгани бунинг далилидир. Маблағлар асосан ишлаб чиқаришга йўналтирилгани туфайли 6 мингдан зиёд аёл доимий иш ўрнига эга бўлди. Шунингдек, қишлоқларда яшовчи аҳолининг узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган маҳаллий уй-рўзғор буюмларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 3,4 миллиард сўм миқдорида истеъмол кредитлари ажратилди.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлашга хорижий маблағлар ҳам кенг жалб этилмоқда. Халқаро тараққиёт уюшмаси, Германия халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди, Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастурининг лойиҳалари бунга мисолдир. Хусусан, Германия халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фондининг хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида Навоий, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида фаолият юритаётган ишбилармон аёлларга хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, паррандачилик, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни ривожлантириш учун 815 миллион сўмдан кўпроқ миқдорда сармоялар ажратилди.

Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш Фонди (ФОПСИ) билан ҳамкорликда фермер ва тадбиркор аёлларнинг бизнес малакалари ва молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилган “Оила фаровонлигини таъминлаш учун аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш” лойиҳаси ҳам ўз самараларини бераётир. Жорий йилнинг ўтган даврида лойиҳа доирасида 5 минг нафар тадбиркор ва фермер аёлнинг имтиёзли микрокредитлар сўраб ёзган аризаси ижобий ҳал этилиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 10 ноябрдаги “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони банкнинг тадбиркорларга имтиёзли кредит бериш имкониятларини ҳар жиҳатдан кенгайтиришида муҳим омил бўлаётир.

Фармонга кўра, “Микрокредитбанк” кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига бошланғич сармояларни шакллантиришга йиллик 3 фоизли, бизнесни ривожлантириш ва айланма маблағларини тўлдириш учун эса йиллик 6 фоизли микрокредитлар ажратмоқда. Бундан ташқари, корхоналарни замонавий техника билан жиҳозлаш учун кўрсатилаётган микролизинг хизматлари ставкаси йиллик 5 фоизни ташкил этмоқда. Бу тадбиркор хотин-қизларга ўз бизнесини бошлаш ва фаолиятини ривожлантиришда жуда қўл келмоқда.

Банкдан олинган 28 миллион сўмлик кредит эвазига 7 иш ўрни яратилган Ҳазорасп туманидаги “Ҳазорасп ширт” хусусий корхонаси тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Боёвут туманидаги “Бахтиёрбек-Мағрурбек” кўп тармоқли хусусий ишлаб чиқариш фирмаси 24 миллион сўм эвазига ўнга яқин иш ўрни яратди. Бу ерда пластик ромлар ишлаб чиқарилмоқда. Наманган шаҳри “Беруний тикув савдо” хусусий корхонаси қарийб 6 миллион сўм эвазига фаолиятини кенгайтириб, 4 иш ўрни яратди. Фориш туманидаги “Фортекс” хусусий кичик корхонаси эса олинган 20 миллион сўм эвазига жунни қайта ишлашни йўлга қўйиб, олтита янги иш ўрни яратди.

Айни пайтда “Микрокредитбанк” Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТнинг UNWOMEN тузилмаси билан ҳамкорликда “Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқларини ҳаётга кенг татбиқ этиш” лойиҳаси доирасида имтиёзли бошланғич сармоя ажратиш лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Лойиҳа доирасида Қанликўл, Қарши, Тошлоқ, Фориш, Мирзаобод, Юқори Чирчиқ туманларида ўзаро ёрдам гуруҳлари билим даражаси ва салоҳиятини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилди.

Тренингда иштирок этган, кредит олиш учун зарур таъминотга эга бўлмаган беш юз нафардан ортиқ хотин-қизга жорий йилнинг апрель-май ойлари давомида ўзаро ёрдам гуруҳ аъзолари кафиллиги асосида имтиёзли бошланғич сармоялардан фойдаланиш имкониятлари яратиб берилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда “Аёл тадбиркор бўлса...” лойиҳасини эълон қилди. Аҳоли фаровонлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, пировардида бандлик масаласини ҳал қилишга қаратилган ушбу лойиҳа доирасида жорий йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг етмишга яқин аҳоли яшаш пунктида семинарлар ўтказилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда аҳоли иштирокида ўтаётган бундай тадбирларда халқимиз фаровонлигини янада ошириш, жойлардаги мавжуд муаммо ва камчиликларни ҳамжиҳатликда ҳал қилиш йўллари, бу борада яратилган шарт-шароит, имтиёзлар, жумладан, аёллар тадбиркорлиги, оилавий бизнесни ривожлантириш хусусида батафсил маълумотлар берилаётир.

ЎзА


Обод турмушнинг ҳуқуқий асослари

янада мустаҳкамланади

Барчамизга маълумки, давлатимиз раҳбари таклифи билан 2013 йил мамлакатимизда “Обод турмуш йили” деб эълон қилинган. Жорий йилнинг 14 февралида эса Президентимизнинг “Обод турмуш йили” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Давлат дастури 8 та бўлим ва 86 та банддан иборат бўлиб, унда жорий йилда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий сиёсий ҳаётидаги муҳим йўналишлар қамраб олинган.

Унинг 1-бўлими “Мамлакатда барқарорлик ва осойишталикни, хавфсизликни, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатлари муҳофазасини, жамият фаровонлиги ва тараққиёти изчил ўсишини таъминлаш”, деб номланиб, бу борада тегишли қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш лозимлиги белгилаб берилган.

Қонун ижодкорлиги доимий ҳаракатдаги жараён бўлиб, давр тақозоси ва тараққиёт унинг олдига доимо янги-янги вазифалар қўйиши табиий.Давлат дастурининг мазкур бўлими ҳам бевосита қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёни билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, уни шакллантириш ҳар йилгидек Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилди.

Мазкур бўлимда жами 8 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилган.

Булар: “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаларидир.

Юқорида назарда тутилган қонун лойиҳаларидан “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳақида тўхталиб ўтсак.

I. Конституциямизнинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, Давлат дастурида Меҳнат кодексига фуқароларни ижтимоий кафолатини янада такомиллаштиришни назарда тутадиган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасиишлаб чиқиш ҳам белгиланди.

Мақсад ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини давлат грантлари асосида битирган ёшларнинг ишга жойлашишида қўшимча кафолатлар ўрнатиш мезонларини белгилаш ва бу орқали ходимларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш.

Лойиҳада Меҳнат кодексининг тегишли моддасига қўшимчалар киритиш орқали ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини битирган шахсларни биринчи маротаба ишга қабул қилиш вақтида дастлабки синовни ўташ талабини бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълим муассасалари битирувчилари учун ташкилот ва корхоналарда муайян миқдорда иш жойларини банд қилиш масаласи кўриб чиқилади.

Ҳозирги замон талаблари ва ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда лойиҳада ходимларни ишга жойлаштириш борасида тижорат ташкилотларини жалб қилиш масаласи ҳам назарда тутилмоқда. Бунинг мазмуни шундаки, шахс ишга жойлашишида кўмаклашишни сўраб, шу соҳада воситачилик билан шуғулланадиган тижорат ташкилотига мурожаат қилиш, бу ташкилот эса шахсни ўз қобилиятига яраша иш билан таъминлаши ҳамда эвазига муайян миқдорда ҳақ олиши мумкин бўлади. Ўз навбатида, бундай воситачилик хизмати иш берувчининг талабини қондириб, керакли ходимларни танлашга ҳамда иш ўринларини кўпайтиришга кўмаклашади.

Ушбу норманинг қонунга киритилиши иш қидираётган фуқароларнинг ишга жойлашиш имкониятини оширади, бандлик кафолатини кучайтиради, меҳнат бозорини янги ишчи кучи билан таъминлайди.

II. “Обод турмуш йили”да ёш оилаларнинг, унда вояга етаётган фарзандларнинг қадр-қимматини улуғлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада ошириш борасида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш борасида ҳам бир қатор вазифалар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши кафолатланган.

Шунингдек, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда ҳам бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналиши эканлиги кўрсатиб ўтилган. Хусусан, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, унинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, бола ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва бошқалар асосий йўналишлар сифатида белгиланган.

Фарзандликка олиш мураккаб ҳуқуқий институт бўлиб, оила қонунчилигининг муҳим масалаларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда фарзандликка олиш билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низом билан тартибга солиб келинмоқда. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг аризасига ва васийлик ҳамда ҳомийлик органлари тавсиясига кўра туман, шаҳар ҳокими қарори билан амалга оширилади.

Оила кодексида фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилиниши кўрсатилган. Бу қоида ҳам аслида бежизга киритилмаган бўлиб, фарзандликка олинган болаларни асраб-авайлаш, уларга оилада улғайиб, жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиб етишишига шароит яратишга қаратилган. Фарзандликка олишнинг сир сақланмаслиги эса ушбу болалар келажакда ота-онасининг аслида ким эканлигини билиб қолгач, руҳан сиқилиши, “ота-онам”, деб билган шахсларнинг аслида ота-онаси эмаслигини билгач, кўп йил бирга яшаганлигига қарамасдан улар ва тутинган ота-оналар орасидаги муносабатларнинг бузилишига олиб келиши мумкин.

Болаларни фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда ҳоким кўпинча фарзандликка олувчилар билан шахсан учрашмаган ҳолда қарор қабул қилади ва улар ҳақида васийлик ҳамда ҳомийлик органлари тайёрлаган материаллар бўйича сиртдан тасаввурга эга бўлади. Натижада, фарзандликка олиш ҳақидаги ҳоким қарорлари бекор қилинган ва ҳақиқий эмас, деб топилган ҳолатлар ҳам учрамоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, болаларнинг манфаатлари йўлида ва фарзандликка олиш масалаларини ҳал қилишда қонунийликни таъминлаш мақсадида, шунингдек, фарзандликка олиш масалаларини ҳал этиш учун юридик билимларнинг мавжуд бўлиши муҳим аҳамият касб этишини инобатга олган ҳолда, ушбу институтни такомиллаштириш зарурияти пайдо бўлди. Шу сабабли, фарзандликка олиш бўйича ишларни кўриб чиқиш ваколатларини судларга бериш таклиф этилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ суд мустақил ва фақат қонунга бўйсунади.

Суд далилларга ишнинг ҳамма ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқиш асосида ички ишонч бўйича баҳо беради, ҳеч қандай далил суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас.

Шу муносабат билан, ушбу лойиҳа фарзандликка олиш бўйича судларга қўшимча ваколатларни олиб бериш ва келгусида амалиётда судлар томонидан мазкур ваколатларни амалга ошириш, шунингдек, судлар томонидан бевосита қўлланиладиган Фуқаролик процессуал кодекси ва Оила қодексига тегишли ўзгартишларни киритишни назарда тутади.

Шунингдек, халқаро тажрибадан маълумки, кўпгина давлатларда фарзандликка олиш фақат суд тартибида амалга оширилади. Хусусан, АҚШ, Германия, Буюк Британия ва кўпгина МДҲга аъзо (Россия Федерацияси, Украина ва бошқа) давлатларда ҳам мазкур масала суд томонидан кўриб чиқилади.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси болалар ва фарзандликка олувчиларнинг ҳуқуқлари суд томонидан ҳимоя қилинишини таъминлашга, фарзандликка олишнинг сир сақланишига риоя этилишига ва қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, лойиҳада бола тарбия муассасасига жойлаштирилганда суд ота ва онанинг ҳар биридан мазкур боланинг номига очилган банк ҳисобварағига алимент ундирилиши ва ушбу маблағлар жамланиб, бола вояга етганда тўланиши тартибини белгилаш назарда тутилмоқда. Бу эса тарбия муассасасига жойлаштирилган болаларга вояга етгандан сўнг янги ҳаётни бошлаши учун маълум миқдордаги шахсий маблағлар жамғаришга кўмаклашади. Яъни, унда моддий маблағ захираси шаклланган бўлади.

Фуқаролик процессуал кодекси ва Оила кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар миллий анъаналар ва замон талабларини ҳисобга олган ҳолда оила институтини янада такомиллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган ҳамда вояга етмаганларни келгусида янада кучли ҳимояга олишга хизмат қилади.

Ўйлаймизки, Давлат дастурининг 1-бўлимида назарда тутилган қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ва хавфсизликни, фуқаролар ва миллатлараро аҳиллик ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятимизнинг фаровонлиги ва гуллаб-яшнашига хизмат қилади.

Музаффар МАХМАДАМИНОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими 


Эрта никоҳ ва унинг салбий оқибатлари

Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Бухоро юридик ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежида “Оила жамият” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбирда вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармаси, Бухоро шаҳар “Никоҳ уйи” ходимлари ўз маърузалари билан иштирок этдилар.DSCF2450.jpg

Таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида оила институтини мустаҳкамлашмуҳим ўрин тутади. 2013 йилни 2012 йилнинг мантиқий давоми сифатида “Обод турмуш йили” деб эълон қилиниши “Обод турмуш йили” давлат Дастури қабул қилинганлиги, ушбу дастурда 6 та устивор вазифа белгиланиб, унда оила ва жамиятга алоҳида эътибор берилган.

Тадбирнинг асосий мақсади - жамиятимизда эрта никоҳ натижасида юзага келаётган муаммоларни маълум даражада олдини олиш ва йўл қўймаслик, бунда аввало соғлом оила муҳитини яратиш асосий вазифамиздир, зеро, президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек, “Соғлом ва баркамол авлод вужудга келиши учун, энг аввало жамият ва давлат қайғуриши, шунга замин яратиб бериши лозим. Шундагина мустаҳкам оила дунёга келади. Оила соғлом бўлса, жамият соғлом, мамлакат қудратли, юрт тинч-осойишта бўлади”.DSCF2492.jpg

Кейинги вақтларда барча эътибор ёшларимиз ҳаётига, соғлигига қаратилмоқда. Агар улар ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлсаларгина, юртимиз келажаги янада порлоқ, халқимиз ҳаёти тинч ва осуда, турмуши фаровон бўлишига шак-шубҳа йўқ, дея таъкидлашди сўзга чиққанлар.

Бундан ташқари, тадбирда эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, тиббий кўрикнинг аҳамияти, тиббий кўрикдан ўтиш тартиби хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Тадбир сўнгида маърузаларни тинглаган ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Давра суҳбати коллеж ўқитувчилари томонидан алоҳида эътироф этилиб, тадбирни ташкил этган ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. 


Ёш ҳуқуқшунослар: ғолиблар аниқланди

“Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” Миллий Дастури асосида, мамлакатимиздаги юридик соҳага ихтисослашган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг эркин фикрлаш ва нутқ маданиятини ўстириш, улар орасида иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда “Обод турмуш йили”га бағишлаб, Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Микрокредитбанк” ОАТБ ҳамкорлигида “Ёш ҳуқуқшунослар” кўрик танловининг Республика босқичи ўтказилди.

Таъкидлаш керакки, мустақилликнинг илк кунлариданоқ давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида вояга етмаганлар ва ёшлар тарбияси, уларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш борасидаги ислоҳотларни ҳаётимизнинг бошқа соҳалари билан ўзаро чамбарчас боғланган, тизимли, босқичма-босқич амалга ошириладиган миллий дастури белгилаб олинди. Ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолатловчи қонунчилик асосларини яратиш ва ривожлантириш, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ зарур институционал тузилмаларни яратиш, ёшлар ҳуқуқий тарбиясини, соғлиғини сақлаш, соғлом авлодни тарбиялаш, ёшларга давлат томонидан ғамхўрликни кучайтириш каби йўналишларда Ўзбекистон тажрибаси халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилди.

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади - ёшлар иқтидорини жамият манфаатлари йўлида тўла рўёбга чиқиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда кафолатлашга қаратилди. Эътироф этиш керакки, бугунги авлод амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини, янги ижтимоий муносабатларни англаш, уларга мослашиш ва жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга интилади. Бу, ўз навбатида, ҳуқуқий маданиятни шакллантиришнинг янги усул, шакл ва воситаларини ишлаб чиқишни тақозо этади. Шу жиҳатдан мазкур танлов ёшлар фаоллигини ошириш, иқтидорли ёшларни танлаш ва рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этади. Ташкилотчилар томонидан икки йилда бир марта ўтказилиши белгиланган кўрик танлов ҳар йилгидан янгича йўналишда, ёшларнинг бевосита талаб ва таклифлари, уларнинг интилишларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди ва бойитилди.

Танловнинг саралаш босқичида мамлакатимиздаги ҳуқуқшуносликка ихтисослашган ўрта-махсус касб-ҳунар таълими ўқувчилари фаол иштирок этдилар. Саралаш босқичда ғолиб деб топилган 7 та коллеж жамоалари республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Унинг саралаш босқичи ҳам жойларда ёшларнинг фаоллигида ташкил этилди. Ўз билим ва иқтидорини тўлиқ намоён этиб, барча шартларда ғолиб бўлган билимдонлар жамоаси Республика танловида иштирок этиш ҳуқуқни қўлга киритдилар.

Танлов “Таништирув” деб номланган шартдан бошланиб, унда гуруҳлар ўз иштирокчиларини ва таълим олаётган масканини ёшларга хос қарашлар билан таништириш, сўнгги йиллардамамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ўзларининг ҳуқуқий билимлари асосида баён этиш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтиришга қаратилган таклифларни саҳналаштирилган кўринишлар ва кўргазмали қуроллар орқали намойиш этиш имконига эга бўлишди.

Беллашунинг кейинги шартларида ёшлар мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари йўналишидаги билимларини ўзаро синовдан ўтказишган бўлсалар, якуний шартда, жамоалар ташкилий қўмита томонидан берилган ҳуқуқий мавзулар асосидаги саҳнавий кўринишларини йиғилганларга намойиш этишди.

Шундай қилиб, қизиқарли ва ёшларнинг ҳуқуқий билимлар тадбирига айланган танловда ёшлик шижоати ва дўстлик ришталари ғолиб бўлди. Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига асосан, барча шартларда бор билим ва иқтидорини намойиш этган Тошкент юридик коллежи жамоаси биринчи ўрин ҳамда I–даражали диплом, Наманган юридик коллежи жамоаси иккинчи ўрин, II-даражали диплом, Фарғона ҳуқуқшунослик коллежи жамоаси учинчи ўрин ва III-даражали дипом ҳамда ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Адлия вазирлиги

Ахборот хизмати   


Обод турмуш – мустаҳкам оила

Фото0425.jpgБухоро вилоят адлия бошқармаси ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда Бухоро туман Педагогика коллежида МФЙ ходимлари иштирокида “Оила ва жамият” мавзусида семинар тренинг ўтказилди.

Тадбирни Бухоро туман “Маҳалла” фонди раиси У.Рахматов очиб берди. Шунингдек, тадбирда вилоят адлия бошқармаси масъул ходими З.Имомова, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси М.Исмоилова, етакчи мутахассис А.Пулатовлар сўзга чиқиб, жамиятда маҳалланинг роли ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, оилани мустаҳкамлаш ва обод турмушни барпо этишда фаол аёлларни жамият ишларига кўпроқ жалб этиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, оилавий тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларга берилаётган имтиёзлар мавзуларида тушунча ва тавсиялар берилди.Фото0497.jpg

Тадбир баҳс-мунозараларга бой бўлиши учун, МФЙларнинг ходимлари 4 гуруҳ: МФЙ раислари, маслаҳатчилар, котибалар, посбонларга бўлинди. Бунда ҳар бир гуруҳ ўзларининг фаолиятлари жараёнида ҳамда оилавий муносабатларда юзага келаётган муаммоларни плакатларда акс эттириб, ўзаро муҳокама қилиб, бартараф этиш чоралари тўғрисида гапириб ўтдилар.

Тадбирнинг асосий мақсади – оилаларда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишда маҳалланинг ролини кучайтиришга қаратилди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Худди шундай тадбирлар, Бухоро ва Когон шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.


Ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий механизмлар мажмуи

Мамлакатимизда тараққиётнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган йилга ном бериш эзгу анъанага айланган. Шу маънода, 1997 йилдан бошлаб Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар бир йилга алоҳида ном берилиб, ўша йилни белгиланган шиор остида ўтказиш анъанага айланди.

Долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этиш учун тегишли давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, йил давомида амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнга инвестициялар ажратишда нафақат давлат, балки нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари, корхоналар ҳам иштирок этмоқда. Ўтган йиллар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бундай дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши муайян даврда бажарилиши белгиланган вазифаларни юксак самаралар билан амалга ошириш имконини бермоқда.

Президентимизнинг жорий йил 14 февралдаги ПҚ-1920-сон Қарори билан “Обод турмуш йили” Давлат дастури тасдиқланиб, унда халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, фаровонлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш вазифаларини амалга оширишга ресурслар ва имкониятларни сафарбар қилиш, давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплекси белгилаб берилди.

Мазкур Давлат дастури 8 бўлим, 86 банддан иборат бўлиб, унда тегишли вазирлик ва идоралар, амалга ошириладиган тадбирларнинг ижро муддатлари, молиялаш манбалари, мониторинг тизими, қонуний-ҳуқуқий, ташкилий ҳамда иқтисодий механизмлари белгиланган.

Давлат дастурининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги муҳим аҳамияти шундаки, унда жорий йилда бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи, пенсия, нафақалар ва стипендиялар миқдорини ўртача камида 23 фоизга ошириш кўзда тутилиб, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш мақсадида давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 60 фоизи йўналтирилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳамда касаначиликни барқарор ривожлантириш ҳисобидан 970 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Давлат дастурига мувофиқ тижорат банклари томонидан оилавий, хусусий тадбиркорлик субъ­ект­лари, ҳунармандчиликни ривожлантириш, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиши учун кредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш режалаштирилган бўлиб, бундай кредитларнинг умумий ҳажми 269,6 миллиард сўмни ташкил қилади.

Бундан ташқари, Давлат дастурида мамлакатимизда фуқаролар ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатлари муҳофазасини, жамият фаровонлиги ва тараққиёти изчил ўсишини таъминлаш борасидаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш юзасидан бир қатор қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳам режалаштирилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги, ёшларни ишга жойлаштириш шарт-шароитларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига оила инс­титутини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонунлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, Дастурда “Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ижтимоий шерикчилик тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган.

Дастурда аҳоли саломатлигини сақлаш тизимини такомиллаштириш, соғ­лиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уларни замонавий ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, касалликлар профилактикасини кенгайтириш ҳамда уларни даволашнинг илғор тиббий технологиялари ва методларини жорий этиш, пировард натижада — одамларнинг, айниқса, болалар ва оналарнинг соғлиғини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Буни эса, жорий йилда чекка жойлардаги аҳоли пунктларида 32 та қишлоқ врачлик пунктини барпо этиш, 54 та тиббиёт бирлашмасини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилганлиги, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, 11 та вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш режалаштирилганлигида ҳам кўришимиз мумкин.

Таълим савиясини янада такомиллаштириш ва сифатини юксалтириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида эса 217 та умумтаълим мактабини реконструкция қилиш ва 164 та умумтаълим мактабини, 159 та академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларини капитал таъмирлаш, 55 та мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 116 та болалар спорти объектини, олий таълим муассасалари тизимидаги 45 та иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилди.

“Обод турмуш йили” Давлат дастури мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча муҳим йўналишларини қамраб олган. Унинг самарали амалга оширилиши эса халқимизнинг ҳаётини янада яхшилаш, фаровон, тинч ва осуда турмуш кечириши, мамлакатимиз равнақини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.

Дониёрбек УРУНБАЕВ,

Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя этилиши

устидан назорат қилиш бош бошқармаси катта маслаҳатчиси


Фаровонлик, барқарорлик ва тараққиёт кафолати

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 14 февралдаги Қарори билан тасдиқланган “Обод турмуш йили” Давлат дастури мамлакатда халқнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган ўта муҳим ва аҳамиятга молик тадбирлардан таркиб топган.

Хусусан, Дастурда мамлакатда барқарорлик, хавфсизлик ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш, иш билан бандликни ошириш, тадбиркорликни янада ривожлантириш, аҳолини давлат томонидан аниқ манзилли муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, жисмонан ва маънан соғлом авлодни, профессионал, замонавий етук кадр­ларни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ҳар томонлама ошириш, таълим савияси ва сифатини янада юксалтириш, халқ­нинг турмуш даражаси сифатини кўтариш, янги уй-жойлар қуриш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви, электр энергияси ва иссиқлик билан кафолатли таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш, маҳалла инс­титути ва фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, оилаларни янада мус­таҳкамлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли ва мақомини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш каби муҳим устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларни тўлиқ ва ўз вақтида сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг тегишли Фармойишига асосан Республика комиссияси ташкил этилиб, комиссия аъзолари барча ҳудудларга масъул қилиб бириктирилди.

Шу билан бирга, Дастур ижросини кенг кўламда таъминлаш мақсадида ҳар бир вазирлик, маҳаллий давлат ҳокимия­ти органлари, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳудудий ва тармоқ дастурлари, шунингдек, аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши белгиланди.

Қарорда ушбу Давлат дастурининг мақсади ҳамда вазифаларини, уни амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва чора-тадбирларини аҳоли ўртасида мунтазам равишда тарғибот қилиш, кенг жамоатчиликнинг Давлат дастури бажарилиши тўғрисида доимий хабардор бўлишини, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг назарда тутилган тадбирларни амалга оширишдаги аниқ ҳиссаси ёритилишини таъминлаш бўйича тегишли идораларга топшириқ берилди.

Давлат дастурининг 1-бўлимида юклатилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали тарзда ижросини таъминлаш юзасидан адлия органлари зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган бўлиб, бугунги кунда вазирлик томонидан Давлат дастурида ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши назарда тутилган барча қонун лойиҳалари бўйича қизғин ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идора вакиллари иштирокида ишчи гуруҳлар тузилди ҳамда аксарият лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ваколатли идораларга тақдим этилди.

Шунингдек, Давлат дастурининг ушбу бўлимида мамлакатда барқарорлик ва осойишталик, хавфсизлик, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни янада мус­таҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатлари муҳофазасини, жамият фаровонлиги ва тараққиётининг изчил ўсишини таъминлашга қаратилган 8 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилган.

Ушбу қонун лойиҳаларидан бири “Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ло­йиҳасидир.

Давлат дастурида мазкур лойиҳа юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаатлари соҳасидаги муносабатларини қонун йўли билан тартибга солиш, жумладан, мурожаатларни бериш, қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартибини белгилаш, мурожаатларнинг турлари ва шаклларини, хусусан, электрон мурожаатни ахборот-коммуникация технологиялари воситасида аниқлаш, шунингдек, “Электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш доирасида фуқароларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаатлари, шу жумладан, электрон шаклдаги мурожаатлари тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилиши белгилаб қўйилди.

Шу билан бир қаторда, Давлат дастурида ёшларни ишга жойлаштириш шароитларини янада такомиллаштиришга йўналтирилган “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини битирган ёшларни ишга жойлаштириш учун қўшимча шароит ва имкониятлар яратишга, уларни синов муддатисиз ишга қабул қилиш тўғрисидаги нормаларни жорий этишга, халқаро амалиётга мувофиқ ишга жойлаштириш юзасидан хизматлар борасида нодавлат корхоналари фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилиши қайд этилди.

Оила кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида фарзандликка олиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқини судларга бериш, унга мувофиқ тарбия муассасаларига жойлаштирилган боланинг ота-онасидан суд томонидан ундирилган алиментларни ушбу боланинг номига очилган банкдаги ҳисоб рақамида жамлаш ва унга балоғат ёшига етганда тўлаш тартибини жорий этиш каби масалалар белгиланиши Давлат дастурининг энг юксак инсонпарварлик тамо­йилларига асосланганидан далолатдир.

Давлат дастурида аҳоли фаровонлигини янада оширишга ва даромадларининг ўсишига йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш ҳам назарда тутилди.

Бундан ташқари, Давлат дастурида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредит билан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик субъектларини, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш, аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадларни янада кўпайтириш, оилаларнинг фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳам муҳим тадбирлар амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, 2013 йилда Дастур тадбирларини амалга ошириш учун жами харажатлар: 6 655,0 миллиард сўм ва эквивалентда 919,2 миллион АҚШ долларини ташкил этиши, мамлакатимизда аҳолининг турмуш даражасини мустаҳкамлашга бўлган эътибор дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилганидек, энг юқори даражадалигини кўрсатади.

Шерзод РАБИЕВ,

Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи 


Оила - муқаддас даргоҳ

ёҳуд никоҳ аҳди етти ўйлаб бир кесишни тақозо этади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни камолга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида” 2009 йил 1 июлда қабул қилган қарорида қайд қилинганидек, ҳар томонлама баркамол авлодни камолга етказиш мамлакатимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан бири саналади. Зеро, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом авлоднинг жамият олдидаги салмоқли ва серқирра вазифаларни адо этиш соҳасидаги куч ва имконлари бениҳоя катта. Соғлом танда соғ ақл, дейди халқимиз. Чиндан ҳам шундай. Жисмоний ва маънавий соғлом авлод қанчалар тез камолга етган жамиятда тараққиёт одимлари ҳам шунча тезлашади.

Юртимизда баркамол авлодни вояга етказишдек улкан стартегик вазифаларнинг амалий ижросига истиқлолимизнинг илк палласиданоқ киришилгани барчага аён. Бу муҳим ва салмоқли дастурнинг ижобий ечими ФХДЁ органлари фаолиятига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. Давлат дастурида белгиланганидек, аҳоли ўртасида соғлом болалар туғилиши ва уларни тарбиялаш, ёшлар қалбида соғлом ва аҳил оила қуришга нисбатан
ихлос-эътиқод туйғуларини кучайтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш янада қизитиш, белгиланган режалар доирасида ҳудудий ҳамда тармоқ дастурларини, турли алоқадор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш, шу юзадан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уни рўёбга чиқариш шу куннинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Кўзда тутилган улкан ишлар ижросини тизимимизнинг тармоқ дастури учун ўз режа ва тадбирларимизни ишлаб чиқишдан бошлаган бўлсак, эндиликда уни тўла-тўкис рўёбга чиқариш чораларини ишга солаяпмиз. Баркамол авлод ота ва онанинг ҳам маънан, ҳам жисмонан саломатлиги асносида камолга етишини унутмаслик даркор. Дарҳақиқат, соғлом ота-онадан соғлом фарзандлар туғилади. Аммо, жисман ва маънан бардамлик учун фақатгина шунинг ўзи кифоя эмас. Оилавий равнақ ва барқарорлик, фарзанд тарбияси, уларнинг бахти-тахти ва камолида аҳиллик, иноқлик, баҳамжиҳатлик аталмиш ришталарнинг ўрни янада катта эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Ўтказилган тадқиқодлар ҳар томонлама қобил, қодир ва комил инсонларнинг катта кўпчилиги ана шундай намунали хонадонларда камолга етаётганлигини кўрсатаяпти. Шаҳримизда жами 15 та маҳалла мавжуд. Ўтган йил давомида оналар ўлими умуман рўй бермади. Йилнинг ўтган даврида шаҳар бўйича 372 га яқин янги оила вужудга келди. Уларнинг никоҳи ФҲДЁ бўлимида қайд этилди. Ибратли жиҳати шуки, ҳаёт ришталарини бир-бирига боғлаган 50 ёшгача бўлган оилавий жуфтликларнинг бари ниқоҳ саройимизга тиббиёт муассасаларининг хулосалари билан келишди. Бошқача айтганда, оиланинг истиқболдаги барқарорлиги, иноқ, аҳил ва баҳамжиҳатлигига ҳали никоҳ қайд қилинмаёқ пойдевор қўйилди. Бу масаланинг бир жиҳати, иккинчи жиҳати унашиш, қуда-андачилик ва никоҳ тўйи тантаналари билан боғлиқ. Унашишдан кейин бир-бирини обдон ўрганган, синашталик тамойилларини бекаму-кўст бажо келтирган, бир умрлик оила ришталарини томонларнинг юлдузи юлдузига тўғри келганига комил ишонч ҳосил қилингандан сўнг бир-бирига улай олган 
қуда-андаларгина истиқболдаги бахтиёр оиланинг меъморлари бўла олишади.

Биз шаҳар хотин-қизлар ташкилоти, “Камолот” ва “Маҳалла” жамғармалари, бошқа тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бевосита аҳоли ўртасида ўтказаётган юзма-юз мулоқотларда, ФҲДЁ бўлими қошидаги “Оила мактаби” машғулотларида турмушнинг айнан анашу талаб ва тақозоларини тарғиб-ташвиқ қилаяпмиз. Натижалар чакки эмас. Оилавий ажралишлар жорий йилнинг ўтган даврига келиб, ялпи никоҳга нисбатан атиги 2,5 фоизни ташкил этди. Ваҳоланки, бу кўрсаткич муқаддам 
4-4,5 фойизгача кўтарилган эди. Олиб борилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари туфайли шу йилнинг ўзида 2 та нотинч оила никоҳни бекор қилишга қаратилган аризаларини қайтиб олишди. Маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳозирда бўлимимиз таклифига биноан мазкур оилалардаги вазиятни яқиндан ўрганган ҳолда, уларга нисбатан ғамхўрлик ва оталик тадбирларини янада кучайтираяптилар.

Хонадон барқарорлигининг яна бир тилсими юқорида уқдирилганидек, ота ва онанинг жисмоний бардамлиги, репродуктив саломатликда. 
Шу ўринда давлатимизнинг бу борадаги устивор эътибори ва ғамхўрлиги: тиббий кўрик-оила қуришнинг мажбурий шарти қилиб белгиланлигини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Шундай экан никоҳ арафасидаги юз фойизлик тиббий кўрикка унинг афзаллик ва қулайликларини чуқур ва ишонарли тарзда тушунтириш йўли билангина эришиш мумкин. Шу муносабат билан бўлимимиз ҳузуридаги “Оила мактаби” ишини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилди. Дастур ва машғулотлар режаси Президентимиз қарори асосида яна бир бора қайта кўриб чиқилди ва тубдан ўзгартирилди. Мавжуд маҳаллаларнинг барчасида ота-оналар, оила остонасидаги ёшлар, шифокорлар, диний ташкилотлар, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирокида таъсирчан тарғибот-ташвиқот тадбирлари ишга солинаяпти. Диний никоҳни қонун талаби асосида: никоҳи давлатнинг ваколатли органи томонидан қайд этилганидан кейин амалга оширишга қаратилган тадбирлар ҳам яхши натижа бераяпти. Бунда юқори адлия органларининг кўмаги айниқса самарали бўлаётганлигини алоҳида таъкидлаш зарур.

Никоҳланувчи ёшларнинг жисмоний бардамлиги даражасини ошириш чиндан ҳам ҳаётий муҳим ишларнинг бири. Лекин, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар ҳам диққат марказида бўлмоғи зарур. Бу масалада Президентимизнинг “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 2007 йил 18 майда чиқарган Фармони доимо долзарб аҳамият касб этишини унутмаслик зарур. Мазкур Фармон доирасида шу йилнинг ўзида биринчи марта турмуш қурган 30 ёшгача бўлган 10 дан зиёд оилавий жуфтлик ФҲДЁ бўлимимиз кўмагида давлатимизнинг моддий ёрдамидан баҳраманд бўлди. Шу билан бирга ёлғиз оналар сони, оталикни белгилаш ҳолларини камайтириш ва бунга доир аниқлаш ишларини ҳам янада кучайтиришга эришилаяпти.

Оилалар барқарорлиги ўз навбатида юрт равнақи, турмуш тўкинлиги, бир сўз билан айтганда истиқлолимизнинг нурли истиқболларига етаклайди. Ўзбекистон давлати ва ҳукуматининг бу соҳадаги эзгу тадбир ва қадамлари замирида ана шу эзгу орзу-ниятларнинг таг-заминли мазмун-моҳияти, кўтаринки руҳи мужассам. Унда юртимиз фуқароларининг бахт-иқболи, тўкин турмуши учун қилинаётган ғамхўрликларнинг ажойиб намунасини кўрасиз. Ҳимматга ҳиммат билан жавоб бермоқ даркор. Кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳаммани ва ҳар биримизни юрт келажаги, фарзандларимиз камоли, турмушимиз ободлиги учун шижоат ва фидоийлик майдонига чорламоғи зарур.

Зилола Алтибаева,

Хоразм вилояти Питнак шаҳар
ФҲДЁ бўлими мудири  


Ободлик фаровонлик белгиси

Бугун она-Ватанимиз осойишталик мустаҳкам қарор топган, юрт равнақию аҳоли турмуш фаровонлиги изчил ўсиб бораётган мамлакат сифатида жаҳонга танилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, истиқлолнинг илк йилларидаёқ Президентимиз бошчилигида жамиятда инсон ҳуқуқларини юксак қадрлаш, давлат суверенитетини мустаҳкамлаш, хар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш, фуқароларнинг тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларига айланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда, амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари жараёнида инсон манфаатларини таъминлашга устувор эътибор қаратилмоқда. Яъни аҳолининг яшаши, меҳнат қилиши, дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, шаҳарда транспорт инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун янада қулай имкониятлар яратиш мақсадида кўприк ва йўл ўтказгичлар, магистраль йўллар қурилди. Илгари шаҳарларнинг аксарият мавзе ва майдонлари бетон ва асфальтдан иборат бўлиб, ёзнинг жазирама кунларида нафас олиш қийинлашарди. Кейинги йилларда кўчалар, майдон ва хиёбонларда яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Каштан, қарағай, арча, эман, қайин каби ҳавони тозаловчи ва кислород билан бойитувчи дарахтлар ҳамда турли буталар ва турфа гуллар экилиши натижасида юртимизнинг қиёфаси тубдан ўзгарди.

2013 йилнинг Президентимиз ташаббуси билан “Обод турмуш йили” деб номланиши ҳам ўз мазмун-моҳиятига кўра, юқорида қайд этилган йиллар каби инсонпарварлик тамойилларини ўз ичига олган юксак эзгу мақсаднинг мантиқий давомидир. Янги йилга бундай ном берилиши замирида ҳар бир одам, ҳар бир оила, қолаверса, бутун халқимиз кўнглидан ўрин олган вазифаларни амалга ошириш, тарақиётимизни жадаллаштириш, ҳаётимизни янада фаровон қилиш каби эзгу мақсадлар мужассам топганлигини барчамиз яхши англаб турибмиз. Халқимизда “ободлик кўнгилдан бошланади” деган ҳикматли ибора бор. Дарҳақиқат, маънавий-ахлоқий фазилатларга бой, меҳр-оқибат, саховат, аҳиллик ва тинчлик-тотувлик каби инсонийлик мезонлари билан уйғунлашган ҳар бир жойда ободлик ва фаровонлик, тарақиёт ва юксалиш булади.

Сирасини айтганда, бугун юртимизда амалга оширилаётган асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари мамлакатимиз минтақаларини тобора яшартириб, яшнатиб юбораётир. Бу эса одамлар қалбига бахтиёрлик шукухи, эзнулик иштиёқи хамда шукроналик ҳиссини бахш этмокда.

Қувонарлиси, бундай муваффақиятларимиз халқаро миқёсда хам кенг эътирофини топмоқда. Жорий йилнинг апрель ойида мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтадиган “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқни комплекс ривожлантириш ва ўзгартириш, аҳоли ҳаёти сифатини яхшилаш локомотивидир” мавзуидаги халқаро конференция хам бунинг яққол далолатидир.

Шу нуқтаи назардан, ҳар бир инсон турмуш ободлигини, энг аввало, ички дунёсининг ободлиги, маънавиятининг юксаклиги, оиласига, яқинларига, шу аснода Она Ватанга, элу юртга меҳр-муҳаббати ва садоқатидан бошламоқ керак.

Жамшид Эргашев,

Бухоро шахар 5-сон давлат

нотариал идораси нотариуси


Оила фаровонлиги – жамият тараққиёти гарови

Маълумки, ҳар қайси даврда ҳар қайси мамлакат тарақққиёти йўлида жамиятнинг муҳим ва ҳал қилувчи кучи оилани моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бири бўлиб келган.

Шу маънода, мамлакатимизда мустақил демократик тараққиёт йилларида давлатимиз раҳбари И.Каримовнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида Асосий Қонунимизда мустаҳакамланган оиланинг жамиятимизнинг муҳим буғини сифатида тутган ўрни ҳамда ролини оширишга қаратилган кенг қамровли дастурий аҳамиятга эга ислоҳотлар амалга оширилди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда юртимизда ҳар қайси йилга аниқ бир ном бериб, шу асосда махсус давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш яхши анъанага айланиб қолди.

Ҳалқимиз қадимдан оилани муқаддас билган ва унинг шаъни, қадр‑қимматини эъзозлашга катта масъулият билан қараган. Чунки, инсон оила бағрида ўсиб, улғаяди, вояга етади. Қолаверса, бола қалбида барча яхши фазилатлар, ғоя ва эзгуликлар оила муҳитида шаклланади.

Оила мустаҳкамлигини таъминлашда, авваломбор, ҳар қайси хонадондаги маънавий иқлимни ўзаро ҳурмат, ахлоқ-одоб, инсоний муносабатлар бўлсагина бола тарбиясида ижобий таъсир қилади.

Мумтоз ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асаридаги қахрамонларнинг ўзаро муомала ва мулоқотлари, уларнинг ҳатто кичик фарзандларини ҳам “сиз”лаб гапириши мисолида ота-боболаримизнинг оила маънавиятига қанчалик катта эътибор берилганлигини кўриш мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги кунда ҳам юртимизда ана шундай гўзал ахлоқ мезонлари билан яшаб келаётган, ўғил-қизларини шу руҳда тарбиялаётган кўплаб ибратли оилалар барчада ҳавас уйғотади.

Илмий кузатишларга қараганда, инсон ўз умри давомида оиладиган барча ахборотларнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврида олар экан. Боланинг онги асосан 5-7 ёшда шаклланиши айни шу даврда унинг қалбида оиладаги муҳит таъсирида маънавиятнинг илк куртаклари намоён бўла бошлайди. Одамзот учун бир умр зарур бўладиган табиий кўникма ва хусусиятлар, ҳар қайси боланинг ўзига хос қобилияти, атрофидаги одамлар билан муомаласи, тенгдошлари орасида қандай тутиши, дунёқараши буларнинг барчаси, авваломбор, унинг туғма табиати, шу билан бирга, оилада оладиган тарбиясига узвий боғлиқ эканини ҳаёт тажрибаси кўп мисолларда тасдиқлаб беради, шу даврда бола ҳамма яхши-ёмон нарсани тушуниб, англаши оиладаги, ён-атрофдаги барча вокеа-ҳодисаларни, уларнинг замиридаги таассуротларни ўзига сингдириб олади. Боланинг ота-онасига, бобо ва бувиларига меҳри ва ҳурмати, ўзининг ўраб турган муҳитга нисбатан муносабати кундан-кунга такомиллашиб боради.

Истиқлол йилларида жамиятнинг етакчи ва ҳал қилувчи буғини бўлган оила тинчлиги ва тотувлигини янада мустаҳкамлаш ҳар бир фуқаронинг вазифаси эканлигига алоҳида эътибор қаратилди. Муҳтарам юртбошимизнинг эзгу мақсад сари турган саъй-ҳаракатлари эвазига миллат маънавияти ва маърифати йулида ўз ҳаётини ватан тақдири билан боғлаган қанчадан-қанча аждодларимизнинг орзусини рўёбга чиқариш имкониятига эга бўлдик.

Албатта, дунёда турли дунёқарашга, турли анана ва фазилатлар ҳамда миллий ривожланиш йулига эга миллатлар, ҳалқлар кўп. Лекин, ҳам тарихан, ҳам бугунги кун нуқтаи назари билан қараганда улар орасида Ўзбекистон ўзига хос, таъбир жоиз бўлса, ўрнак олгулик барқарор тараққиёт мактабига энг асосийси қайси соҳа бўлмаси билимли фидоий ва шижоатли ёшларига эга миллат сифатида ҳалқаро майдондаги обру эътибори тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Мамлакатимизда ёш авлодни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг комил фарзанд бўлиб вояга этиши йулида амалга ошаётган ислоҳатлар ҳақида бораркан, бу борада бола тарбияси, авваломбор, оиладаги мухитга боғлиқлиги, аждодларимиздан қолган бой маънавий меросни, энг яхши бунёдкорлик ғояларини ёшлар онгига сингдириш ва бу билан бирга уларнинг ватанга содоқати, халқпарварлик рухида тарбиялашда ўз аксини топади.

Шу маънода, яқинда қабул қилинган “Обод турмуш йили” давлат дастурида ижтимоий-иқтисодий ва қонунчилик соҳасини янада ислоҳ этишга қаратилган бир қатор тадбирлар, миллий тараққиёт йўлимизнинг бош мезони “Кучли давлатдан кучли жамият сари” тамойилини ҳаётимизга босқичма-бочқич тадбиқ этишнинг муҳим гарови бўлиб хизмат қилади.

Нилуфар САТТАРОВА,

Кашқадарё вилоят адлия бошқармаси

Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий маърифат

бўлими етакчи маслаҳатчиси  


Обод уйда пок инсонлар яшайди

Обод ҳаёт деган тушунча азал-азалдан халқимизнинг онгу тафаккурида авваламбор фаровонлик, тўкинчилик, мўл-кўлчилик, қут-барака, бозорларда арзончилик маъносини ўзида мужассам этиб келади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда халқ фаровонлиги тушунчаси Ватан равнақи ва юрт тинчлиги деган, биз учун энг азиз ва муқаддас бўлган қадриятлар билан биргаликда миллий ғоямизнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этмоқда.

2013 йилнинг Президентимиз ташаббуси билан “Обод турмуш йили” деб номланиши ҳам ўз мазмун-моҳиятига кўра, инсонпарварлик тамойилларини ўз ичига олган юксак эзгу мақсаднинг мантиқий давомидир. Янги йилга бундай ном берилиши замирида ҳар бир одам, ҳар бир оила, қолаверса, бутун халқимиз кўнглидан ўрин олган вазифаларни амалга ошириш, тараққиётимизни жадаллаштириш, ҳаётимизни янада фаровон қилиш каби эзгу мақсадлар мужассам топганлигини барчамиз яхши англаб турибмиз. Халқимизда: “Ободлик кўнгилдан бошланади”, деган ҳикматли ибора бор. Дарҳақиқат, маънавий-ахлоқий фазилатларга бой, меҳр-оқибат, саховат, аҳиллик ва тинчлик-тотувлик каби инсонийлик мезонлари билан уйғунлашган ҳар бир жойда обод­лик ва фаровонлик, тараққиёт ва юксалиш бў­лади.

Одамнинг ўз уйи, ўз юртини ҳар томонлама гўзал ва обод қилиб, шундан ўзи мамнун бўлиб яшаши инсон умрига маъно-мазмун беради. Шу маслак ҳаётимизга ўзгача шукуҳ бахш этади. Давлатимиз раҳбари “Обод турмуш йили” муносабати билан қабул қилинган давлат дастурида Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталикни, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларнинг қадрига етиш ва ҳимоялаш туйғуларини кучайтириш, аҳоли фаровонлигини, унинг реал даромадларини ошириш, бандлик масаласини ечиш, давлат томонидан бериладиган аниқ манзилли ижтимоий ёрдам тизимини такомиллаштириш, инсон саломатлигини мустаҳкамлаш вазифаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Киши ўқиб изланиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, турмуши ободлиги ва фаровонлиги йўлида меҳнат қилиши учун аввало соғ-саломат бўлиши керак. Шунда у бор куч-ғайратини оила ва жамият манфаатига сафарбар қила олади, тинч ва фаровон ҳаёт кечиришга интилади. Шу маънода, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва аҳоли саломатлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани замирида шу эзгу мақсад мужассам. Сўнгги йилларда тиббиёт соҳасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фуқаролар соғлигини таъминлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Барча вилоятларда она ва бола перинатал ҳамда скрининг марказлари ташкил этилди, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техника базаси яхшиланди. Уларнинг фаолиятини замон талаби даражасида ташкил этиш ўз самарасини бераяпти. Қишлоқ жойларда ҳомиладор аёллар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан поливитаминлар билан таъминланмоқда. Натижада ўтган 21 йил давомида мамлакатимизда оналар ва болалар ўлими кескин камайди, аёлларнинг ўртача умр кўриши 75 ёшга етди. Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур йилнинг “Обод турмуш йили” деб номланиши халқимизнинг турмуш шароитларини янада яхшилаш, янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Қачонки ҳар қайси уйда, ҳар қайси маҳаллада яшаётган одам тинчлик ва осудаликнинг қадрига етиб, уни мустаҳкамлашни, ҳимоялашни ўзининг бурчи деб билса, тинчлик учун курашсагина, бу мақсадга эришиш мумкин. Ҳар бир инсон турмуш ободлигини, энг аввало, ички дунёсининг ободлиги, маънавиятининг юксаклиги, оиласига, яқинларига, шу аснода Она Ватанга, элу юртга меҳр-муҳаббати ва садоқатидан бошламоқ керак. Шуни комил ишонч билан айтишимиз мумкинки: “Обод уйда пок инсонлар яшайди”.

Ф.Исламова,

Самарқанд шаҳар 4 – сон давлат

нотариал идорасининг нотариуси


Обод турмуш йили: эзгу мақсад ва муҳим вазифалар

Мамлакатимизда ҳар бир йилга шу давр ичида тараққиётнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган ном бериш эзгу анъанага айланган. Долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этиш учун тегишли давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, йил давомида амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнга инвестициялар ажратишда нафақат давлат, балки нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари, корхоналар ҳам иштирок этмоқда. Ўтган йиллар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бундай дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши муайян даврда бажарилиши белгиланган вазифаларни юксак самаралар билан амалга ошириш имконини беради. Айни пайтда истиқболдаги бир неча йил учун замин яратиб, ривожланиш йўналишларини белгилаб олишга кўмаклашади. Энг муҳими, буларнинг барчаси аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини янада оширишга қаратилган ишлар изчиллигини таъминлаш, жамиятимиз, халқимиз ва мамлакатимизнинг янада равнақ топишига хизмат қилади.

Президентимиз Ислом Каримов 2012 йил 7 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2013 йилни Обод турмуш йили, деб эълон қилди.

Ушбу эзгу мақсадлар “Обод турмуш йили” Давлат дастурида ўзининг тўлиқ ифодасини топди. Унда белгилаб берилган чора-тадбирлар ўтган йилларда ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ишларнинг мантиқий давомидир.

“Обод турмуш йили” Давлат дастури 8 бўлим ва 86 банддан иборат бўлиб, уларда мамлакатимизнинг жорий йилда ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳамда сиёсий ҳаётини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳар бир оилада ва, умуман, жамиятимизда ижтимоий барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш йўллари аниқ белгиланган.

Дастурда режалаштирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси давлат ва нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, мамлакатимизнинг барча фуқаролари қатнашишини тақозо этади. Уларни бажарадиган муайян ижрочилар – тегишли вазирлик ва идоралар, амалга ошириладиган тадбирларнинг ижро муддатлари, молиялаш манбалари, мониторинг тизими, қонуний-ҳуқуқий, ташкилий ҳамда иқтисодий механизмлари белгиланган.

Мамлакатимизда барқарорлик ва осойишталик, хавфсизлик, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамият фаровонлиги ва равнақини изчил юксалтириш мазкур Давлат дастурининг муҳим устувор йўналишлари этиб белгиланган. Ушбу ижобий жараённи таъминлаш мамлакатимизда барча жабҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор, жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишни изчил давом эттириш кафолати, кучли бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлида эришаётган ютуқларимизнинг муҳим омилидир.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шаклланган қонунчилик базасини янада такомиллаштириш энг муҳим вазифалардандир. Давлат дастурида тўртта қонун – Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги, ёшларни ишга жойлаштириш шарт-шароитларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, “Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ижтимоий шерикчилик тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Аҳоли фаровонлиги ва реал даромадлари муттасил ўсишини таъминлаш, бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолига, аввало, ижтимоий эҳтиёжманд қатламлар ва кам таъминланган оилаларга давлат томонидан манзилли ҳимоя ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш “Обод турмуш йили” Давлат дастурининг муҳим йўналишларидандир. 2013 йилда бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи, пенсия, нафақалар ва стипендиялар миқдорини ўртача камида 23 фоизга ошириш кўзда тутилган. Ижтимоий соҳани янада ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш мақсадида Давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 60 фоизи йўналтирилади.

Дастурда янги ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектларини қуриш, хизмат кўрсатиш, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик соҳаларини ривожлантириш, касаначиликни кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган. 2013 йилда, биринчи навбатда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳамда касаначиликни барқарор ривожлантириш ҳисобидан 970 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.

Давлат дастурига мувофиқ тижорат банклари томонидан оилавий, хусусий тадбиркорлик субъектлари, ҳунармандчиликни ривожлантириш, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиши учун кредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш режалаштирилган. Жорий йилда бундай кредитларнинг умумий ҳажми 269,6 миллиард сўмни ташкил қилади.

Дастурда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида саноатни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган. Уларда саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, ҳудудий корхоналарни маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширишга жалб этиш, бўш ётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Қишлоқ аҳолисини боғдорчилик фаолиятига жалб этиш, узумчилик, чорвачилик ва ипакчиликни ривожлантириш ҳам аҳоли бандлиги ҳамда даромадларини оширишга хизмат қилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун янги корхоналар барпо этиш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича 288 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Қайта ишлаш ҳажмлари, жумладан, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги учун замонавий мини-технологияларни жорий этиш ҳисобидан кўпайтирилади.

“Электрон ҳукумат” тизимини жадал шакллантириш ҳам муҳим ва долзарб вазифадир. Интернет тармоғида “бир дарча” режимида фаолият юритадиган интерфаол давлат хизматлари ягона порталини яратиш мўлжалланган бўлиб, бу иқтисодий фаолият субъектлари ва бошқарув органларининг ўзаро муносабатларини сезиларли даражада соддалаштириш имконини беради.

2013 йилда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга оид ишлар давом эттирилади. Шу мақсадда аҳоли саломатлигини сақлаш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уларни замонавий ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, хасталикларнинг олдини олишни кенгайтириш ҳамда даволашнинг илғор технология ва услубларини жорий этиш, пировард натижада фуқаролар, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Чекка жойлардаги аҳоли пунктларида 32 қишлоқ врачлик пунктини барпо этиш, 54 тиббиёт бирлашмасини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, 11 вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш режалаштирилган. Уларнинг барчаси, шунингдек, 13 вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази замонавий ташхис ва даволаш ускуналари билан жиҳозланади.

Инсон капиталига инвестицияларни йўналтириш – изчил иқтисодий ривожланиш ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг муҳим шартидир. Шу мақсадда жорий йил Давлат дастурида жисмоний ва маънавий соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, замонавий ҳунарларни пухта эгаллаган мутахассисларни тайёрлаш, таълим даражасини янада такомиллаштириш ва унинг сифатини ошириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга ошириладиган ишларнинг ҳар томонлама самарадорлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида 217 умумтаълим мактабини реконструкция қилиш ва 164 умумтаълим мактабини, 159 академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларини капитал таъмирлаш, 55 мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 116 болалар спорти объектини, олий таълим муассасалари тизимидаги 45 иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Уларнинг барчаси зарур ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланади. Шу билан бирга, болалар соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳам кўзда тутилган.

Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда ушбу жараённинг маънавий-ахлоқий жиҳатига эътибор қаратиш, уларда миллий ғурур, ўзликни англаш туйғуларини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу ишлар доирасида 2013 йилда ёшларнинг касбий кўникма ва шахсий фазилатларини ривожлантириш учун таълим оромгоҳлари фаолият кўрсатади, болалар ҳамда ёшларнинг фойдали ва маданий дам олишини ташкил этиш янада юқори даражага кўтарилади.

“Обод турмуш йили” Давлат дастурида халқимизнинг турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини янада ошириш, муносиб яшаш ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш, янги турар жойлар қуриш, замонавий йўллар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви, электр ва иссиқлик энергияси билан кафолатли таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, 2013 йилда 553 қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида 10 мингта якка тартибдаги уй-жой қурилади, мамлакатимиз аҳолисини, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолисини сув, газ ва канализация хизматлари, электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш бўйича лойиҳалар амалга оширилади, минглаб километр янги юқори вольтли электр узатиш линиялари, сув чиқариш ҳамда газ тақсимлаш тармоқлари объектлари барпо этилади ва мавжудлари реконструкция қилинади.

Дастурда замонавий йўллар, муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилган. Умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини капитал таъмирлаш, шунингдек, қишлоқ жойларда узунлиги 239,1 километр бўлган янги, туташган автомобиль йўлларини барпо этиш, шаҳарларда янги кўчалар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш режалаштирилган.

Маҳалла халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шу муносабат билан 2013 йилги Давлат дастурида маҳалла институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, жойларда ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга оид масалаларни ҳал этишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш, ёш ҳамда кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, маҳаллалар ва турар жой массивларининг ташқи қиёфасини яхшилаш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштиришга оид муҳим комплекс чора-тадбирларни бажариш режалаштирилган.

Маҳаллаларнинг қиёфасини янада яхшилаш, уйларнинг олд қисми ва томларини, кўчалар ва йўлакларни таъмирлаш, болалар спорт майдончаларини қуриш, энергия тежовчи технологияларни қўллаш орқали ташқи ёритиш тармоқларини ривожлантириш, санитария шароитларини яхшилаш ҳам дастурда белгиланган вазифалар сирасига киради. Маҳаллалар ҳудудларида 15 миллион туп манзарали ва 29,5 миллион туп мевали дарахт ниҳоллари, шунингдек, 10 миллион туп гул ҳамда буталар экиш кўзда тутилган. 2013 йилда маҳаллаларни ободонлаштириш, қишлоқда экологик турмуш шароитларини яхшилаш масалаларини ҳал этишга нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб қилиш орқали қишлоқларнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш бўйича “Обод уйим” лойиҳаси амалга оширилади.

Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларни аниқ манзилли асосда ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар истиқболда ҳам изчиллик билан амалга оширилади.

Маҳаллаларда йил давомида халқимизга хос тинчлик-осойишталикка интилиш, меҳр-мурувват, ўз халқининг тарихи ҳамда маданиятини ҳурмат қилиш каби қадриятларни тарғиб этадиган маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ташкил этилади.

Жорий йилда ҳам мамлакатимизда оилани янада мустаҳкамлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва мавқеини, ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида аёллар бандлигини таъминлаш ва фаолиятини муносиб рағбатлантириш, уларга ўзини намоён этиши ҳамда уй-рўзғор юмушларини енгиллаштириш учун қулай ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича бажарилаётган ишлар янада ривожлантирилади.

Хусусан, Давлат дастурини ҳаётга татбиқ этиш доирасида “Ёш оилалар учун турар жой” дастурини, имтиёзли кредитлар тақдим этиш орқали, айниқса, қишлоқ жойларда хотин-қизлар тадбиркорлигини ҳар томонлама ривожлантириш ва молиялаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Шу мақсадда “Оила фаровонлигини янада ошириш мақсадида аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш” лойиҳаси рўёбга чиқарилади.

Дастурда қайд этилган тадбирларни амалга ошириш учун жами 6655 миллиард сўм ёки 919,2 миллион АҚШ долларига тенг маблағ йўналтирилади. Шунинг 3312,4 миллиард сўмини давлат бюджети ва давлатдан ташқари жамғармалар, 1917,9 миллиард сўмини ижрочилар ва ҳомийлар, 1424,7 миллиард сўмини тижорат банкларининг кредитлари ташкил қилади. Шунингдек, 664,6 миллион доллар ҳажмида халқаро ташкилотлар, молия институтларининг маблағлари ва грантлар жалб этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, барча туман ва шаҳарларда “Обод турмуш йили” Давлат дастурини амалга ошириш бўйича комиссиялар ташкил этилади. Уларнинг вазифалари Давлат дастурида кўзда тутилган тадбирларнинг сўзсиз, тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, тегишли ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда бажаришдан иборатдир.

Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича республика комиссияси зиммасига давлат ва хўжалик бошқарувининг республика органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг унда белгиланган тадбирларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажаришига доир ишларни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.

Мухтасар айтганда, “Обод турмуш йили” Давлат дастури мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча муҳим йўналишларини қамраб олган. Унинг самарали амалга оширилиши эса халқимизнинг ҳаётини янада яхшилаш, фаровон, тинч ва осуда турмуш кечириши, мамлакатимиз равнақини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.

ЎзА  


 «Обод турмуш йили»

Давлат дастури тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

2013 йилнинг «Обод турмуш йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан мамлакатда халқнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, фаровонлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш вазифаларини амалга оширишга ресурслар ва имкониятларни сафарбар қилиш, давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида:

1. «Обод турмуш йили» Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин, қуйидагилар уни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:

а) мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни, фуқаролар тотувлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатлари муҳофазасини таъминлаш;

б) аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг изчил ўсишини таъминлаш, иш билан бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолини, биринчи навбатда, унинг ижтимоий ночор қатламларини ва кам таъминланган оилаларни давлат томонидан аниқ манзилли муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш;

в) аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уларни замонавий ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, касалликлар профилактикасини кенгайтириш ҳамда уларни даволашнинг илғор тиббий технологиялари ва методларини жорий этиш, пировард натижада – одамларнинг, айниқса болалар ва оналарнинг соғлиғини мустаҳкамлаш;

г) жисмоний ва маънавий соғлом, уйғун камол топган ўсиб келаётган авлодни, профессионал, замонавий даражада тайёрланган кадрларни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ҳар томонлама ошириш, таълим савиясини янада такомиллаштириш ва сифатини юксалтириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

д) халқнинг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, янги уй-жойлар қуриш, замонавий йўллар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик сув, электр энергияси ва иссиқлик билан кафолатли таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

е) маҳалла институтини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, жойларда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, ёш ва эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам беришни яхшилаш, маҳаллалар ва уй-жой мавзеларининг ташқи қиёфасини сифат жиҳатидан яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш вазифаларини ҳал этишда уларнинг роли ва аҳамиятини ошириш;

ж) оилаларни янада мустаҳкамлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли ва мақомини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда аёлларнинг иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳаларидаги фаолиятини муносиб рағбатлантириш, уларнинг ўз иқтидорини намоён қилиши ва уй-рўзғордаги ишларини енгиллаштириш учун қулай ижтимоий-маиший шароитлар яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 13 декабрдаги Ф-3940-сон фармойишига мувофиқ тузилган Республика комиссиясига «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг бажарилишини ташкил этиш ва мониторингини олиб бориш вазифаси юклансин.

3. «Обод турмуш йили» Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Республика комиссияси (Ш.М.Мирзиёев) қуйидагиларни таъминласин:

бир ҳафта муддатда – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва тегишли ҳудудларнинг ҳокимлари бошчилигида Давлат дастурини амалга ошириш бўйича тегишли комиссиялар тузиш, уларга Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг сўзсиз, тўлиқ кўламда ва ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан шахсий масъулиятни юклаш;

икки ҳафта муддатда – вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир вазирлик ва идора, ҳудуд, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича «Обод турмуш йили» ҳудудий ҳамда тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви республика органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар даражасида тасдиқланган Давлат дастурига киритилган йўналишлар ва тадбирларни тўлиқ ва ўз вақтида бажариш ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатиш;

ҳар чорак якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига тасдиқланган «Обод турмуш йили» Давлат дастури тадбирларининг бажарилиши тўғрисида ахборот тақдим этиш.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари:

«Обод турмуш йили» Давлат дастурининг мақсади ва вазифаларини, уни амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва чора-тадбирларини аҳоли ўртасида мунтазам, тизимли ва кенг ёритилишини;

кенг жамоатчиликнинг Давлат дастури бажарилиши тўғрисида доимий хабардор бўлишини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга оширишдаги аниқ ҳиссаси ёритилишини таъминласинлар.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.

И. КАРИМОВ

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Тошкент ш.,

2013 йил 14 февраль,

ПҚ-1920-сон



Фотосуратлар
Видеолавҳалар
Lex.uz дан излаш


Фойдали манбалар

Orphus hatolitlarni tekshirish tizimi