Ўзбекча
Бухоро вилояти
адлия бошқармаси
расмий веб сайти
Телефон:
Ишонч телефони:
(+998 65) 223-78-51
(+998 65) 223-21-20
(+998 65) 223-74-16

ЛОЙИҲА

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида

1-модда. Ушбу қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари

Ушбу Қонун мақсади давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳисобланади.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари қуйидагилар:

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қабул қилинадиган қарорлар учун жавобгарлигини ошириш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан кенг фойдалана олишларини таъминлаш;

фуқароларнинг ахборот учун конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш шаклларини кенгайтириш;

жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисида хабардор қилиш процедураларини белгилаш.

2-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжати

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжати ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши қуйидагиларга тааллуқли эмас:

ишлов берилиши давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан амалга ошириладиган шахсий ма’лумотлардан фойдалана олишни таъминлаш билан боғлиқ муносабатлар;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан бошқа давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига уларнинг ўз ваколатларининг амалга оширилиши билан боғлиқ ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш тартиби;

тақдим этиш хусусиятлари бошқа қонун ҳужжатларида кўзда тутилган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотнинг айрим турлари.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти очиқлигини таъминлашнинг асосий принциплари

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг асосий принциплари қуйидагилар:

уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги, ошкоралиги, фойдалана олиш мумкинлиги ва ишончлилиги;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни қидириш, олиш, узатиш ва тарқатиш эркинлиги;

фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги, уларнинг ор-номуси ва иш юзасидан обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига, юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этилганда уларнинг иш юзасидан обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя қилиш.

4-модда. Фойдалана олиш чекланган давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборот

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдалана олиш, агар кўрсатилган ахборот қонунда белгиланган тартибда давлат сири ёки қонун билан ҳимояланадиган бошқа сирдан иборат маълумотларга киритилган бўлган ҳолларда чекланади.

Фойдалана олиш чекланган ахборотга тегишли маълумотлар рўйхати, шунингдек кўрсатилган маълумотларни фойдалана олиш чекланган ахборотга киритиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

5-модда. Ахборотдан фойдаланувчи ва унинг ҳуқуқлари

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот қидирувини амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчи ҳисобланади.

Ахборотдан фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисида ҳаққоний ахборотни олиш;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисида ахборотни олишдан бош тортиш;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдалана олиш ҳуқуқини ва уни амалга оширишнинг белгиланган тартибини бузувчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳужжатлари ва (ёки) улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракат қилмасликлари) устидан белгиланган тартибда, шу жумладан юқори турувчи органларга шикоят қилиш.

6-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари қуйидагилар ҳисобланади:

давлат ҳокимияти ва бошқарув органи ваколатланган мансабдор шахсларининг чиқишлари ва баёнотлари;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг ахборот хизмати ёки бошқа ваколатли таркибий бўлинмаларининг хабарлари;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг расмий веб-сайти материаллари;

оммавий ахборот воситалари материаллари;

қонун ҳужжатлари тақиқламаган бошқа манбалар.

7-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг ахборот хизмати

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг ахборот хизмати (бундан кейин – ахборот хизмати) ахборотни тайёрлаш ва тарқатиш функцияларини бажарувчи, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан Ўзаро ишлашни таъминловчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг таркибий бўлинмаси ёки зиммасига ушбу функцияларни бажариш юкланган шахс ҳисобланади.

Ахборот хизмати турли жамоат тадбирлари (интервю, матбуот конференциялари, брифинглар ва ҳ.)ни ташкил этиш, ахборот хабарлари (пресс-релизлар, бюллетенлар ва ҳ.к.)ни тарқатиш йўли билан оммавий ахборот воситаларида давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолиятини ёритиш бўйича чораларни кўради.

Ахборот хизмати расмий ахборот ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган маълумотларни тарқатишнинг бошқа шаклларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

Ахборот хизмати фаолиятини ташкил қилиш тартиби давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан белгиланади.

8-модда. Оммавий ахборот воситалари вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдалана олишларини таъминлаш

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўз фаолиятларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқарув органи қошида оммавий ахборот воситалари вакилларининг аккредитация қилинишини амалга оширишлари мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўтказиладиган муҳим тадбирлар тўғрисида оммавий ахборот воситаларининг аккредитация қилинган вакилларига олдиндан хабар қиладилар, ўз касбга доир мажбуриятларини бажаришда уларга ёрдам кўрсатадилар.

9-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг асосий усуллари қуйидагилар:

давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкора қилиш (эълон қилиш);

давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни расмий веб-сайтда жойлаштириш ва янгилаш;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўладиган хоналарда ва жойларда жойлаштириш;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш;

ахборотдан фойдаланувчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг коллегиал кенгашларида иштирок этишларини таъминлаш;

ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровлари асосида оғзаки ва ёзма шакллардаги ахборотни тақдим этиш.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органи фаолиятининг очиқлигини таъминлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

10-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиш (эълон қилиш)

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиш (эълон қилиш) қонун ҳужжатларига мувофиқ оммавий ахборот воситалари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади.

11-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг расмий веб-сайти

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг расмий веб-сайти (бундан кейин – расмий веб-сайт) бу органга тегишли ва унинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ресурс ҳисобланади.

Расмий веб-сайтда, одатда, қуйидагилар жойлаштирилади: давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг структураси, функциялари, вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, реквизитлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг раҳбарияти тўғрисидаги ахборот;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг иш тартиби, шу жумладан фуқароларни қабул қилиш тартиби;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан қабул килинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги ахборот ва уларнинг матнлари;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан тақдим этиладиган хизматлар рўйхати ва уларни кўрсатиш тартиби;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органи ихтиёрида бўлган ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари рўйхати (маълумотлар банки, реестрлар, регистрлар);

расмий тадбирлар (кенгашлар, учрашувлар, брифинглар, ҳайъатлар ва б.), шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқарув органи раҳбарларининг ташрифлари тўғрисидаги маълумотлар;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги таҳлилий маърузалар, ахборот характеридаги шарҳлар;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг ваколатига тегишли бўлган давлат ва бошқа дастурларнинг амалга оширилиши, шунингдек ҳисобот даври давомидаги фаолиятнинг шахсий режалари тўғрисидаги маълумотлар;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан ўтказиладиган очиқ конкурслар, ким ошди савдолари ва бошқа тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар;

фуқароларнинг мурожаатлари ва фойдаланувчиларнинг сўровларини кўриб чиқиш тартиби, шунингдек тегишли сўровни расмийлаштиришнинг тахминий намунаси;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органига келиб тушган мурожаатлар ва сўровларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги умумлаштирилган ахборот.

Расмий веб-сайтда қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборот ҳам жойлаштирилиши мумкин.

Расмий веб-сайтдаги ахборот давлат тилида тақдим этилиши керак. Расмий веб-сайт бошқа тиллардаги версияларга эга бўлиши мумкин.

Расмий веб-сайтда давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан жойлаштириладиган ахборотга сана қўйилиши ва у мунтазам янгиланиб турилиши керак. Ахборотни янгилаш тезлиги давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан белгиланади, аммо ҳафтасига камида бир мартадан кам бўлмаслиги керак.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг раҳбари расмий веб-сайтда жойлаштириладиган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар бўлади.

12-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган хоналар ва жойларда жойлаштириш

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари эгаллаб турган хоналарда ёки шу мақсадлар учун ажратилган бошқа жойларда тегишли орган фаолияти тўғрисидаги жорий ахборот билан фойдаланувчиларни таништириш учун ахборот стендлари ва (ёки) шунга ўхшаш вазифадаги бошқа техник воситаларни жойлаштиришлари мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот қуйидагилардан иборат бўлиши керак:

давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг иш тартиби, шу жумладан фуқароларни қабул қилиш тартиби;

фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан тақдим этиладиган хизматлар рўйхати ва уларни кўрсатиш тартиби;

қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборот.

13-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этадилар.

14-модда. Ахборотдан фойдаланувчилар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг коллегиал кенгашларида иштирок этишларини таъминлаш

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг коллегиал кенгашлари очиқ Ўтказилади, қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари очиқ кенгашларда ахборотдан фойдаланувчиларнинг, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларининг иштирок этишлари имкониятини таъминлайдилар. Иштирок этиш тартиби давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг тегишли регламентлари билан белгиланади.

15-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш тўғрисида сўров

Ахборотдан фойдаланувчи бевосита ҳамда ваколатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштириладиган ўз вакили орқали давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги оғзаки ёки ёзма шаклдаги (шу жумладан электрон шаклдаги) сўров билан давлат ҳокимияти ва бошқарув органига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ахборотдан фойдаланувчининг сўрови, агар бошқаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаган бўлса, рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирилмаган муддат ичида кўриб чиқилиши лозим.

Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервю беришларини ташкил қилиш тўғрисидаги сўрови етти кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилади.

Агар сўров давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг ваколатига кирмаса, бу сўров рўйхатга олинган кундан бошлаб уч кун давомида сўралаётган ахборотни тақдим этиш ваколатига эга Ўша органга юборилади ва бу ҳақда фойдаланувчига хабар қилинади.

Агар давлат ҳокимияти ва бошқарув органи олинган сўров бўйича бошқа давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг ваколати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлмаса, у ҳолда сўров рўйхатга олинган кундан бошлаб уч кун давомида фойдаланувчига тегишли жавоб юборилади.

Фойдаланувчининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш тўғрисидаги сўрови рад этилган ҳолда фойдаланувчига сабаблари асосланган тегишли рад этиш жавоби юборилади.

16-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги сўровга тақдим этиладиган талаблар

Жисмоний шахснинг сўровида фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши, сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Юридик шахснинг сўровида ушбу сўровни амалга ошираётган ташкилотнинг номи, юридик манзили, ушбу ташкилот мансабдор шахсининг фамилияси ва исм-шарифи кўрсатилиши, сўров моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Ахборотдан фойдаланувчини идентификация қилиш имконини берадиган кўрсатилган маълумотларга эга бўлмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

Сўров давлат ҳокимияти ва бошқарув органига ёки ваколатига сўровда қўйилган масалалар бўйича ахборотни тақдим этиш кирадиган мансабдор шахсга юборилади.

Белгиланган тартибда берилган сўров кўриб чиқилиши шарт.

17-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдалана олишни таъминлашда ушбу органларнинг мажбуриятлари

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари қуйидагиларни таъминлашга мажбур:

ахборотнинг ўз вақтида тақдим этилиши, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш муддатлари ва тартибига риоя қилиш;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисида тақдим этилаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги;

ўз ваколатлари доирасида тақдим этилаётган ахборотнинг тўлиқлиги.

Ваколатли ҳокимият органлари (Олий Мажлис Палаталари, Халқ депутатлари кенгашлари), улар қўмиталари, комиссиялари ўзларининг фаолиятлари тўғрисидаги ахборотнинг, шу жумладан режалаштирилаётган кенгашлар ва тадбирлар, кўриб чиқилиши кўзда тутилаётган масалалар, муҳокама қилинаётган масалалар бўйича овоз бериш натижалари ва қабул қилинган қарорлар тўғрисидаги олдиндан бериладиган ахборот ва ш.к.нинг ўз вақтида ошкор этилиши (эълон қилиниши)ни таъминлашга мажбурлар.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

18-модда. Низоларни ҳал этиш

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги цоҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

19-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

20-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу қонун билан мувофиқ ҳолатга келтириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Ҳукумат қарорларини ушбу Қонун билан мувофиқ ҳолатга келтирсин;

давлат бошқарув органлари томонидан ушбу Қонунга зид келадиган уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилинишини таъминласин.

21-модда. Ушбу қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ойдан кейин кучга киради. 



Фотосуратлар
Видеолавҳалар
Lex.uz дан излаш


Фойдали манбалар

Orphus hatolitlarni tekshirish tizimi