Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

КОНСТИТУЦИЯ БАЙРАМИ ТАДБИРИ


Шу кунларда барчамиз тинч вафаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллигини кўтаринки кайфият билан нишонламоқдамиз.

Ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў - эътибори унинг Конституцияси билан белгиланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган бош Қонундир. Уни ишлаб чиқишда шахсан Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлик қилган бўлсалар, муҳокама этишда, бутун халқимиз иштирок этди.

Конституцияда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари, ривожланган хорижий давлатларнинг ҳуқуқий амалиёти ҳамда ўзбек давлат тарихчилиги анъаналари, кўп асрлик миллий урф-одатларимиз, буюк аждодларимизнинг тарихий тажрибалари ва инсонпарварлик ғоялари чуқур сингдирилганлигини унинг ҳар бир моддасидан англаш мумкин.

Жорий йилнинг 17 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллиги муносабати билан адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги идораларда самарали фаолият юритган фахрийлар учун ташкил этилган байрам тадбирида айнан юқоридаги фикрлар таъкидлаб ўтилди.

1.jpg Байрам тадбирида адлия бошқармаси раҳбарияти, ходимлари, бошқарма ва унинг тизимидаги идораларда самарали фаолият юритган фахрийлар, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини оширишда адлия бошқармаси билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, туб моҳиятига кўра ўзида илғор миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этган, бутун халқ ва барча қатламларнинг манфаатларини ифодаловчи мустақил Ўзбекистон Конституцияси Ватанимиз тараққиётида янги даврни бошлаб берди.

Ўтган давр мобайнида халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккури, ақл-заковатининг кўзгуси бўлмиш Конституциямизнинг ҳаётий негизи нақадар мустаҳкам эканлигига, у халқаро талабларга ҳар томонлама мос келишига ишонч ҳосил қилдик.

Хусусан, куни кеча юртимизда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов фикримизнинг ёрқин далилидир. Унда фуқаролар ўзларининг Конституциясида белгиланган сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланиб, ватанимиз, халқимиз ҳаётидаги муҳим воқеанинг фаол иштирокчиси сифатида тараққиёт йўлимизни янада мустаҳкамлашга, Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишга, шу мақсад йўлида халқни бирлаштиришга қодир, деб билган муносиб номзодга овоз бердилар.

1.jpg Дарҳақиқат, Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, бугун Ўзбекистонимиз босиб ўтган мустақил тараққиёт йўлини холисона баҳолар эканмиз, ўтган давр мобайнида биз эришган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, авваламбор, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан - йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў - эътиборининг тобора юксалиб бораётгани – буларнинг барчаси Конституциямизнинг асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, тамойил ва нормаларнинг ҳаётбахш самараси десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Бош Қомусимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиғини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра ҳар ким эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Буларнинг барчаси, республикамиз фуқаролари сингари азиз бухороликларнинг келгусидаги ҳаёт тарзини янада яхшилаш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш каби эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Шу боис, Конституциямизни доимий ва чуқур ўрганиш, уни ҳаётимизнинг дастуруламалига айлантириш ва шу асосда ҳуқуқ ва эркинликларимизни рўёбга чиқариш ҳамда бошқа кишиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш барчамизнинг бурчимиздир.

1.jpg Тадбир давомида барча давлат нотариал идоралари ҳамда ФХДЁ органлари ўртасида “Энг фаол нотариал идора” ва “Энг яхши ФҲДЁ органи” ҳамда “Йилнинг энг фаол ҳуқуқ тарғиботчиси” кўрик-танловининг якуний босқичи ҳам ўтказилиб, адлия бошқармасида самарали фаолият юритаётган, кўрик-танлов ғолиблари ҳамда фахрийларга фахрий ёрлиқлар, дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда онгу-тафаккуридаги ўсиш суръатлари-Конституциямизда белгиланган қоида ва тамойиллар шарофати дандир.