Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Жамоатчилик назорати: кишилик жамиятида янги мезон.


Жамоатчилик назорати: кишилик жамиятида янги мезон.

Мамлакатимизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирокини таъминлаш, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг самарали механизмларини яратиш, жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ўзбекистонда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ўтказилмоқда. Аввало, Конституциямизда давлатнинг жамият олдидаги масъуллиги мустаҳкамлаб қўйилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасига мувофиқ давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар. Асосий қонунда бундай нормаларнинг акс этиши, жамоатчилик назорати институтига конституциявий-ҳуқуқий мақом берди. Шу билан бирга, жамоатчилик назоратини амалга оширишга оид қонунчилик тизимининг шаклланишига замин яратди. 

Республикамизда, жамоатчилик назорати институтининг изчил ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этадиган қатор қонунлар қабул қилинди. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Юқоридаги қонун ҳужжатларининг мантиқий давоми сифатида 2018 йил 12 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди ва у ўз навбатида ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Кўплаб ривожланган мамлакатлар тажрибасида учрамайдиган бундай яхлит қонуннинг қабул қилиниши, кенг жамоатчилик томонидан ижобий кутиб олинди.

Мазкур Қонун билан жамоатчилик назоратининг субъектлари, уни амалга ошириш шакллари ва ҳуқуқий механизмлари аниқ белгилаб берилди.

Қонунга кўра жамоатчилик назорати субъектлари сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари белгиланган.

Дарҳақиқат, жамият ҳаётидаги энг долзарб, аҳолини, уларнинг муайян қатламини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш учун жамоатчилик назоратини амалга ошириш муҳим. Масалан, коррупцияга қарши кураш, аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти раҳбарларининг қонун ҳужжатларига зид равишда айрим соҳа (таълим, тиббиёт ва ҳ.к.) вакилларини мажбурий ишларга жалб этиш каби аҳолини ташвишга солаётган, мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига, аҳолининг кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган соҳалар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш зарур.

Қонунда жамоатчилик назорати қандай шаклларда амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Хусусан, қонунда жамоатчилик назорати давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар; давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш; жамоатчилик муҳокамаси; жамоатчилик эшитуви; жамоатчилик мониторинги; жамоатчилик экспертизаси; жамоатчилик фикрини ўрганиш; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш каби шаклларда амалга оширилиши назарда тутилган.

Айнан ушбу шакллар орқали давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини ўрнатиш, бу орқали таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мумкин.

Демак, ҳар бир фуқаро ва фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик назоратининг субъекти сифатида жамоатчилик назорати шаклларидан фойдаланган ҳолда давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда бевосита иштирок этиши мумкин экан.

Бироқ, бу ҳуқуқлардан фойдаланишда фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўйилмаслигини эсда тутиш лозим. Шунингдек, жамоатчилик назоратини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг тарқатилиши қонун билан чекланган бўлса, унинг махфийлигига риоя этилиши шарт.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур қонун ҳуқуқий амалиётимизда янги ҳужжат, назорат-синов десак ҳам тўғри бўлади.

Хулоса қилиб айтганда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг самарадорлигини оширишга, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш механизмининг янада такомиллашувига хизмат қилади.

 

Нодавлат нотижорат ташкилотлар

бўлими бошлиғи Ж.Тилавов