Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Пенсия тайинлашдаги қонунбузилиш бартараф этилди.


Бухоро вилоят адлия бошқармаси Пешкў туман адлия бўлими томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жиддий эътибор қаратилиб, уларни ўз вақтида ва сифатли ўрганиб чиқиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, Пешкў туман “Малишояк” маҳалла фуқаролар йиғини “Кўсравон” қишлоғида яшовчи фуқаро Мирзоева Муҳаббат Рўзиевна 19 йил иш стажига эга эканлиги, бироқ пенсия миқдори камлигидан ҳамда тайинланган пенсияни ўрганиб беришни сўраб қилган мурожаати туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, фуқаро М.Мирзоева томонидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Пешкў туман бўлимига 2016 йил 30 июндаги ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб ариза билан мурожаат килинган, тақдим этган ҳужжатларига асосан бўлимнинг 2016 йил 7 июлдаги “Пенсия тайинлаш ҳақида”ги 348-сонли қарорига мувофиқ 11 йил 8 ой 14 кун умумий иш стажи ҳисобланиб, 2016 йил 1 майдан ёшга доир пенсия тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 37-моддаси “а”-бандига мувофиқ, 1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқаришда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олиниши белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Мехнат кодекси, Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги 252-сон Низом талаблари туман Пенсия жамғармаси бўлими томонидан қўпол равишда бузилган.

Фуқаро Мирзаева Муҳаббат Рўзиевнанинг 2016 йил 30 июндаги ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб қилган аризаси ва тақдим этган ҳужжатларига асосан бўлимнинг 2016 йил 7 июлдаги “Пенсия тайинлаш ҳақида”ги 348-сонли қарорига мувофиқ 11 йил 8 ой 14 кун умумий иш стажи ҳисобланган, бироқ М.Мирзаеванинг меҳнат дафтарчаси ва Й.Эргашев ширкат хўжалигиниг 14-А иш ҳақи ҳисоблаш дафтарларида 1976 йилдан 1984 йилгача меҳнатда иштирок этиш минимумини бажарилганлиги кўрсатилган бўлишига қарамасдан, 2016 йил 30 июнда ёшга доир пенсия тайинлашда ушбу даврлар тўлиқ йил сифатида қабул қилинмаган.

Туман адлия бўлими томонидан мазкур мурожаатни кўриб чиқишда мансабдор шахслар томонидан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди ва белгиланган тартибда тақдимнома киритилди.

Киритилган таъсир чораси натижасида, туман бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими томонидан фуқаро М.Мирзаевага 2019 йил май ойидан ёшга доир пенсия 272593,75 сўм миқдорда тўланиши белгиланди ва мурожаат қаноатлантирилди.

           

Пешку туман адлия бўлими бошлиғи А.Умаров