Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

Сайёр қабуллар мурожаатлар ечимига хизмат қилмоқда.


Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми ва усуллари жорий этилгани мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди. Одамларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш юртдошларимизнинг адолатга, давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Хусусан, адлия ходимларининг мурожаатларни жойига чиққан ҳолда, сайёр қабуллар орқали қабул қилиш амалиёти кенг йўлга қўйилганлиги халқимизнинг адлия идораларига нисбатан ишончини ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Жорий йилнинг 27 август куни Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Т.Очилов томонидан аҳоли мурожаатларини эшитиш ҳамда уларнинг муаммоли масалаларига амалий ечимини топишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Бухоро туман Сўфикоргар МФЙда сайёр қабул ўтказилди.



Сайёр қабулда 50 дан ортиқ фуқаролар иштирок этди, адлия ходимлари томонидан янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонининг мазмун моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш юзасидан маърузалар қилиниб, фуқаролардан уй-жой қуриш учун ер ажратиш, электр ва газ таъминоти, моддий ёрдам, иш ҳақи ҳамда меҳнат ва бандлик масалалари юзасидан қилинган жами 27 та мурожаат кўриб чиқиш учун назоратга олинди.

 

Тадбир давомида фуқаролар томонидан билдирилган барча масалалар бирма-бир тингланиб, ҳуқуқий тушунтиришлар бериш билан бирга, уларнинг ечими юзасидан жойида қаноатлантириш даражасига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди.

Жумладан, фуқаро А.Олимовнинг ҳамда А.Тойиров ногиронлиги сабабли таянма аравача билан таъминлашни сўраб қилган мурожаати, фуқаро Қ.Чориевнинг қулоғи яхши эшитмаслиги сабабли эшитиш мосламаси билан таъминлашни сўраб қилган мурожаатлари жойида ҳал этилиб, фуқаролар А.Олимов ва А.Тойировларга ногиронлик аравачси, фуқаро Қ.Чориевга эса эшитиш мосламаси берилиши таъминланди.

 

Шунингдек, тадбир давомида соғлиқни сақлаш ходимларини жалб қилган ҳолда кўчма тиббий хизмат кўсатиш “Мобиль Поликлиника”лари ёрдамида аҳолини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш чоралари кўрилди ҳамда маҳалла аҳолисига арзон ун маҳсулотларини харид қилиш имконияти яратиб берилди.

Мухтасар айтганда мазкур сайёр қабул давомида фуқароларнинг дарду ташвишлари эшитилди ҳамда уларга имкон даражасида ўша куннинг ўзидаёқ амалий ёрдамлар кўрсатилди. Вақт ва ўрганиш талаб этиладиганлари ижроси бўйича мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.