Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Бухоро шаҳрида “Ҳуқуқий билимлар куни” флешмоби бўлиб ўтди.


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ташаббуси билан ташкил этилган “Ҳуқуқий билимлар куни” флешмоби жорий йилнинг 12 октябрь куни Бухоро шаҳрининг “Нодир девонбеги” мадрасаси ҳудудида ўтказилди.

Тадбирда вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, солиқ, божхона, маданият, бандлик, соғлиқни сақлаш, фавқулотда вазиятлар бошқармалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз фаолиятини тарғиб қилишга ҳамда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган кўргазмали материаллари билан иштирок этди.

Тадбир давомида фуқароларга нотариат, давлат хизматлари кўрсатиш соҳаси, интеллектуал мулк, сайлов, таълим ҳуқуқлари бўйича ҳамда меҳнат миграцияси ва коррупцияга қарши кураш, тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш, бола ҳуқуқлари, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва бошқа масалалар бўйича тайёрланган 12 турдаги 1200 тадан ортиқ буклет ва флаерлар, шунингдек ҳуқуқий маълумотларни тезкор етказишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни тарғиб қилувчи “Telegram” мессенжеридаги “Huquqiy axborot” канали, бошқарманинг “Facebook”даги саҳифаси ҳамда “Lex.uz” сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлар тўғрисидаги 1000 тадан ортиқ тарқатма материаллари тарқатилди.

2000 дан ортиқ турли ёшдаги аҳоли қатламини қамраб олган тадбирда “Нодир девонбеги” мадрасаси ҳудудида жойлаштирилган плакатлар ва тарқатилган буклетларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада оширишга қаратилган маълумотлар содда ва тушунарли шаклларда намойиш этилди.

Шунингдек, флешмобда иштирок этган ташкилотлар томонидан ҳуқуқий ахборот бурчаклари ташкил қилиниб, санъаткорларнинг мусиқий дастурлари ҳамда фольклор ва миллий марказларнинг чиқишлари намойиш қилинди.

Мазкур тадбир давомида давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан жами 9 та сайёр нотариал ҳаракатлари амалга оширилиб, давлат хизматлари марказлари томонидан эса 18 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Тадбирда иштирок этган адвокатлар ва ташкилотларнинг юридик хизмат ходимлари томонидан 80 дан ортиқ бепул ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, флешмоб доирасида бўш иш ўринлари ҳамда ногирон ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.

Фавқулотда вазиятлар бошқармаси ҳамда ёнғин хавфсизлиги бошқармалари томонидан кўргазмали материаллар ва анжомлар билан иштирок этилиши таъминланиб, фавқулотда ҳодисалар ҳамда ёнғин хавфсизлиги бўйича аҳолини қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

Шунинг билан бирга, тадбирда Бухоро вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари ҳам иштирок этиб, тадбиркор аёллар ўзлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларини намойиш қилишди.

Бундан ташқари, тадбдирда китоб ярмаркаси ташкил этилиб, ярмаркада ижтимоий-сиёсий, бадиий публицистик адабиётлар, жаҳон адабиёти дурдоналари ва болалар адабиётлари намойиш қилинди.

Флешмоб иштирокчиларига “Ҳуқуқий ахборот” каналининг имкониятлари ва қулайликлари ҳақида тушунтирилиб, каналга аъзо бўлишлари бўйича чоралар кўрилди.

Тадбир давомида ҳуқуқий мавзуда тайёрланган тест саволларини тўғри ишлаган иштирокчиларга адлия бошқармаси томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек тадбирда республикамизнинг Самарқанд, Навоий, Наманган, Фарғона, Андижон, Қашқадарё ва бошқа вилоятларидан келган меҳмонлар, Қозоғистон, Россия, Корея, Хитой, Малайзия ва Англиядан келган чет эллик саёҳатчилар ҳам иштирок этишди.

Чет эллик саёҳатчиларга адлия бошқармасининг ходимлари томонидан тадбирнинг мазмуни инглиз, хитой ва рус тилларига таржима қилиб берилди.

Мазкур тадбир тафсилотлари Бухоро вилоят телерадиокомпанияси ва “Истиқлол-ТВ” телерадиокомпаниялари томонидан тасвирга олинди ҳамда бошқарманинг “Фейсбук” ва “Инстаграмм” ижтимоий тармоқларида ёритилди.








 

                           Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими.