Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Қимматбаҳо металлар олтин изловчилар усулида қонуний тарзда қазиб олинади


Мамлакатимизда янги иш ўринларини ташкил қилиш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бироқ шунга қарамасдан, мамлакатнинг айрим ҳудудларида ижтимоий тангликнинг кучайиши, шу жумладан, қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш билан боғлиқ криминоген вазият сақланиб қолаётганлиги кузатилмоқда.

Маълумотларга кўра, бугун Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ноқонуний равишда қимматбаҳо металларни қазиб олиш тизимли тус олган бўлиб, уларнинг яширинча айланиши ва чет элларга олиб чиқиб кетиш ҳолатлари тез-тез кузатиляпти. Биргина 2015‒2018 йилларда 214 киши ноқонуний равишда олтин қазиб олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Президентимизнинг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳадаги мавжуд ана шу муаммо ва камчиликларни бартараф этиш назарда тутилган бўлиб, унга кўра, 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини тадбиркорлик таваккалчилиги асосида амалга оширишга рухсат берилди.

Айни шу фаолиятни тартибга солишга қаратилган, 2019 йил март ойида қабул қилинган Ҳукумат қарори билан Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, эндиликда ҳар йили 1 февралгача Вазирлар Маҳкамаси қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун бериладиган ер қаъри участкалари рўйхатини тасдиқлайди.

Ҳукуматнинг жорий йил мартда қабул қилган яна бир қарори билан эса Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун 2019 йилда фойдаланишга бериладиган ер қаъри участкаларининг рўйхати тасдиқланди.

Мазкур рўйхатга асосан Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳудудида жами 405 та ер қаъри участкалари ҳақидаги маълумотлар белгилаб берилди.

Қимматабҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун лицензиялар “E-IJRO AUKSION”даги савдо якунлари бўйича 3 йил муддатга берилади.

Маълумотларга кўра, юртимиздаги Консой, Темирқобиқ, Каттаич, Соп, Кескан, Оқчобсой номли конларининг 590 гектардан ортиқ майдонларида 3 минг килограммдан зиёд олтин захиралари ҳисобга олинган.

Ушбу фаолият билан Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар шуғулланиши мумкин.


Давлат геология қўмитаси ер қаъри участкаларининг рўйхати тасдиқланганидан сўнг 5 кунда аукционни ўтказиш учун маълумотларни тайёрлайди. Маълумотлар тайёрланганидан сўнг, 1 кунда аукцион ўтказиш бўйича қарор қабул қилинади. Қарорда ер участкасининг номи ва жойлашган жойи; ер участкаси жойлашган жойнинг фотосурати; ер участкаси майдони; аукционнинг бошланғич нархи; ер участкасидан фойдаланишни амалга ошириш муддати; ер участкасидан фойдаланиш шартлари кўрсатилади. Аукционда иштирок этиш учун аризалар “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази”нинг веб-сайтида қабул қилинади. Аризаларни қабул қилиш аукциондан икки кун олдин соат 13.00 да якунланади.

Аризачи веб-сайтдан иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтади ва унга автоматик тарзда шахсий кабинет ва ҳисоб рақам очилади. У ўз  ҳисоб рақамига ер участкасининг 5 фоизи миқдорида закалат пулини жойлаштириши лозим. Ер участкасининг дастлабки нархи 7,5 миллион сўм этиб белгиланади.

Аукцион ғолиби 3 кунда ер участкасини пулини тўлаши керак. Белгиланган муддатда пул тўланмаса, аукцион натижаси бекор қилинади ҳамда ғолибдан кейин ер участкасининг нархи бўйича энг юқори ставкани қўйган аукцион иштирокчисига ер участкасини олиш ҳақида таклиф юборилади.

Аукцион баённомаси Давлат геология қўмитасига – аукцион ғолибига лицензия расмийлаштириш ва туман ҳокимлигига – аукцион ғолибига ер участкасини ажратиш ҳақидаги қарорни қабул қилиш учун асос бўлади.

Қазиш ишлари бошланишидан аввал маҳаллий ҳокимият органлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси ёзма хабардор қилиниши шарт.

Олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни реализация қилиш “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоий кон-металлургия комбинати” ДКга, шунингдек, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ва якка тадбиркорларга келишилган нархларда амалга оширилади.

Бунинг учун, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси мамлакат ҳудудларида олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни сотиб олувчи ихтисослаштирилган қабул кассаларини очади.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилади.


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими