Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

Имконияти чекланган фуқаролар адлия эътиборида!


Мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган, турли сабабларга кўра ногирон бўлиб қолганларнинг жамиятга қўшилиши учун барча шароитларни яратиб бериш ҳамда уларни рағбатлантириб бориш давлатимизнинг ижтимоий соҳада олиб бораётган сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир. Бу борада республикамизда бир қатор қонунлар, фармонлар ва бошқа норматив актлар ишлаб чиқилган бўлиб, улар аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя­лашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Хусусан, "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуни ва Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони мазкур соҳани ривожлантиришда асосий туртки бўлди десак муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат мазкур фармон асосида ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.


Бироқ айрим ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларини кузатар эканмиз, ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун етарли шароитлар яратилмаганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу эса имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятда бошқа шахслар билан тенг ҳуқуқлилиги борасидаги мезонларни бироз чеклаётгандек тасаввур уйғотади.


Барча фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири бўлганлиги сабабли адлия бошқармаси ходимлари томонидан тегишли мутахассислар билан ҳамкорликда вилоятдаги давлат бошқаруви органлари ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларига ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсқинликсиз кириши, жамоат транспортидан тўсқинликсиз фойдаланиши учун шароитлар яратилганлик ҳолати ўрганилганда бу борада айрим камчиликлар мавжудлиги, жумладан, ногирон аравачаси орқали бино сатҳига кўтарилиш имконини берувчи пандуснинг белгиланган нормага жавоб бериши, кўриш қобилияти заиф шахслар учун бинонинг ички қисмида девор бўйлаб тутқичли ҳаракатланиш йўлаги борлиги, имконияти чекланган фуқаролар учун тегишли ҳожатхоналарнинг махсус жиҳозланганлиги, бинода вақтинча фойдаланиб туриш учун аравача ёки бошқа махсус жиҳозларнинг мавжудлиги, тегишли автотураргоҳларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун жойлар ажратилганлиги, бинога яқин бўлган автобекатларда ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик яратилганлиги каби бир қатор мезонлар ўрганилганда бу борада бир қатор ишлар амалга оширилиши лозимлиги намоён бўлди.

Адлия ходимлари томонидан мутасадди ташкилотларнинг масъул ходимларига аниқланган камчиликлар юзасидан қонун ҳужжатларини тўғри қўллаш ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайликлар яратиш бўйича берилган тавсия ва тушунтиришлар натижасида масъул шахслар томонидан босқичма-босқич равишда камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилди.

Бир сўз билан айтганда, қонунчилигимизда кўрсатиб ўтилган барча масалалар қоғозда эмас, балки амалда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини оширишга хизмат қилмоғи даркор.


Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Т.Азимов