Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади.


Мамлакатда давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда уларнинг муаммоларини ҳал этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳада ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи давлат органларида низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизимини яратиш, медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитражларни фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтларга айлантириш лозимлигини тақозо этмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда медиация институти, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ролини тубдан ошириш мақсадида 2020 йил 17 июнь куни “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида:

- Давлат божхона қўмитаси, Давергеодезкадастр, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади;

- жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.

Қарор билан Апелляция кенгашининг асосий вазифалари белгиланди.

- жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўриш Апелляция кенгашининг вазифаларидан биридир.

Қарорга кўра, Апелляция кенгашининг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан 2,5 йил муддатга тасдиқланади.

Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тузилиши мумкин.

Апелляция кенгаши унда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади.

Апелляция кенгаши томонидан қабул қилинган хулоса 3 кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади.

Апелляция кенгашининг хулосасини қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин.

Бунда, давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида 3 кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.

Қарор билан Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши тўғрисидаги низом тасдиқланди.

УЛУҒБЕК ТЎХТАЕВ,
Бухоро туман адлия бўлими бошлиғи