Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

ФАҚАТГИНА БИРГА КОРРУПЦИЯНИ ТЎХТАТА ОЛАМИЗ!



Коррупция нима? Коррупция бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш ҳисобланади.

Коррупция атамаси лотинча “орруптио” сўзидан олинган бўлиб, пора бериб сотиб олиш, бузилиш, ишдан чиқиш, ахлоқий (маънавий) бузилиш деган маъноларни англатади. Халқчил тилда соддагина қилиб порахўрлик деб аталувчи мазкур иллат барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан, ушбу мақолада уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чоралари хусусида тўхтатилиб ўтсак.

Коррупциянинг келиб чиқиш сабаби нимада?

Коррупциянинг хилма-хил кўринишидаги шакллари мавжуд бўлиб, замоннинг ўзгариши билан унинг шакллари ҳам тараққий этиб боради. Юқорида биз "Коррупция" тушунчасига берган тавсифимизга асосланадиган бўлсак, бу шахснинг «моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида» нафсининг ҳакалак отишини тушунишимиз мумкин. Унинг келиб чиқиши эса ҳар хил, давлат хизматчисининг ойлик маоши инсон капиталига мос эмаслиги, бюрократик тўсиқларни яъни ортиқча қоғозбозликни яратиш, айрим давлат органлари ва ташкилотларида очиқ ва шаффофликнинг йўқлиги, ишга жойлашиш масаласида «таниш-билиш»​ тизими, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, каби «ижтимоий ҳодиса»​ларнинг чуқур кириб борганлиги, шунингдек айрим фуқароларимизнинг ўз мақсадларига осон эришиш мақсадида ноқонуний йўлни танлаши каби ҳолларда коррупция иллати келиб чиқади.

Одатда коррупция жамиятда оддий халқ вакилларининг юқори амалдорларга ёхуд давлат амалдорларининг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқади.

Коррупцияга барҳам бериш учун нима қилиш керак?

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш соҳасида мақсадли сиёсат олиб борилиб, ушбу соҳада қонунчилик асосларини такомиллаштириш, давлат орган ва ташкилотларининг халқ олдида ҳисобдорлигини ҳамда уларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ахборотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди ва Агентликка давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ҳамда декларациядаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш вазифаси юкланди. Шунингдек, жорий йилнинг 19 август кунидан 3 сентябрь кунига қадар Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги ҳукумат қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди ва бу орқали фуқароларни коррупцияга қарши кураш борасида янада фаол бўлишлари мақсад қилинди. Бироқ бир нарсани унутмаслик керакки, коррупцияга қарши кураш борасида жамиятда муросасизлик туйғусини шакллантирмас эканмиз, бу иллат билан курашишимиз жуда қийин кечади. Авваламбор халқ ўзи жамиятимизни коррупциядан холи бўлишини исташи, бир тан-у бир жон бўлиб мазкур иллатга қарши туриши, гувоҳи бўлган коррупция билан боғлиқ ҳолатларга одатий ҳолдек қарамасдан, глобал муаммо сифатида кўриши ва коррупцияга қарши тура оладиган иммунитетни шакллантириш керак!

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия вайрона ҳолига келганда, четдан антифашистчи немислар янги Германияни тиклаш учун қайтишганди. Партияларга бирлашиб, давлатини ўнгланишига ҳисса қўшганди. Ўшанда энди тикланаётган Германияда деярли барча корхоналар давлатники эди. Немис ишчилари ортиқча эҳтиёжларини йўқотиб, ортиқча ойликларини ўзлари ишлайдиган корхона ҳисобига ўтказишганди. Мамлакатда 10 минглаб уйсизлар, миллионлаб очликдан қийналаётганлар бўлган. Дўконларда халқнинг биринчи истеъмол товарларига деярли ортиқча нарх қўйилмаган. Даромад манбаси сифатида қаралмаган. Миллат бир-бирини ўйлаган. Шу тариқа немислар 3 йил ичида урушдан аввалги Германия иқтисодий кўрсаткичларини тиклаган. Ҳеч ким ўзидаги мушкулликда ўз манфаати йўлида фойдаланмаган.

Биздачи? Айни пайтдаги синовли кунларда айрим ноинсофлар томонидан тиббий ниқобларнинг, дориларнинг, тозалаш воситалари, йўл кира нархларининг бир неча баробар оширилганлигини, соғлиқни сақлаш тизимида беморларни даъволаш учун ўринларнинг мўмайгина даромад эвазига пулланганлигини ва давлат томонидан ажратилган бюджет маблағларининг талон-тарож этилганлигининг гувоҳи бўлдик. Буларни кузатар эканмиз, бир вақтлар уруш шароитида бошқа миллат вакилларини ҳам боққан миллат бугун ўзидаги қийинчиликдан "унумли" фойдаланмоқда. Табиийки савол туғилади, мана шундай ҳолатда коррупцияга қарши кураша оламизми? Албатта, кураша оламиз, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, халқимиз орасидаги "курмаклар" ҳам бир кун ўз жазосини олади, фақатгина бу кураш биздан бирдамликни талаб этади. Ҳаётда турли ҳолатлар ва ҳаракатларга дуч келамиз, баъзида кўз ўнгимизда қонунлар бузилади, инсон ҳуқуқи, қадр-қиммати поймол этилади. Бундай вазиятларда бир бўлишни ўрганайлик, биргаликда қонунбузарликларга чек қўяйлик. Жамиятимиздаги ҳар қандай жараёнга лоқайд муносабатда бўлмаслик барчамизнинг устувор бурчимиздир.

Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишни биз, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз даркор. Бунинг учун эса шахснинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада шаклланган бўлмоғи мақсадга мувофиқдир.

БЕКЗОД НИШОНОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи