Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

Волонтёрлик фаолияти бу нима?



Ҳаммамизга маълумки, пандемия туфайли юзага келган мураккаб вазиятда волонтёрлар гуруҳларининг ташкил этилган марказларда, «Хавфсиз ёрдам» акцияси, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати, «Сардоба сари саховат карвони» каби хайрия акцияларида фаол иштирокини эътироф этиш лозим.

“Волонтёрлик” сўзи французча “volontaire” сўзидан олинган бўлиб, «ихтиёрий», “ўз хоҳишига кўра иш қилувчи” деган маъноларни англатади. Волонтёрлик ҳаракати - ҳозир дунёда кенг тарқалаётган машҳур соҳалардан биридир. Бунда маълум бир эзгу мақсадда жамиятда ҳар хил муаммога дуч бўлган, ёрдамга муҳтож инсонларга, уларнинг ҳаёти ҳар томонлама яхшиланишига қаратилган бепул хизмат кўрсатилади.
Хўш, волонтёрлик фаолияти билан ким шуғулланиши мумкин ва улар қандай фаолиятни амалга оширишлари мумкин? Бу саволга жавоб топиш учун қонунчиликга эътибор қаратсак, 2019 йил 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади волонтёрлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонунга мувофиқ, волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади. Волонтёрлик фаолияти қонунийлик, инсонпарварлик, тенглик, ихтиёрийлик, беғаразлик принципларига асосланади.
Волонтёрлик фаолияти якка тартибда, волонтёрлар гуруҳи таркибида ҳамда волонтёрлик ташкилоти орқали амалга оширилиши мумкин.
Мазкур Қонунда белгиланишича, 18 ёшга тўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин. 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини, башарти бу фаолият уларнинг соғлиғига ҳамда ахлоқий ривожланишига зарар етказмаса ва ўқув жараёнини бузмаса, амалга ошириши мумкин.
Волонтёрлик фаолияти қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:
- кам таъминланганлар, ишсизлар, кўп болалилар, бошпанасизлар, қаровсиз қолганлар, шунингдек ижтимоий реабилитацияга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида волонтёрлик ёрдами кўрсатиш;
- беморлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғизлар, қариялар ҳамда ўзининг жисмоний, моддий ёки бошқа ўзига хос хусусиятлари сабабли қўллаб-қувватлашга ва ёрдамга муҳтож бўлган шахсларни парваришлашни амалга ошириш;
- табиий ёки техноген тусдаги фавқулодда вазият оқибатида, алоҳида режим, фавқулодда ҳолат жорий этилганда, ижтимоий можаролар, бахтсиз ҳодисалар натижасида жабрланган фуқароларга, шунингдек жиноятлардан жабрланганларга, қочқинларга, мамлакат ичкарисида кўчиб юрганларга ёрдам кўрсатиш;
- ўзининг жисмоний ёки бошқа ўзига хос хусусиятлари сабабли ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириши чекланган шахсларга ёрдам кўрсатиш;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий мерос, тарихий-маданий муҳит, тарихий ва маданий ёдгорликлар, дафн этиш жойларини сақлаб қолиш билан боғлиқ тадбирлар ўтказиш;
- оммавий спорт, маданий тадбирларни ва бошқа жамоат тадбирларини ташкил этиш билан боғлиқ миллий ҳамда халқаро аҳамиятга молик тадбирларни ўтказишга кўмаклашиш;
- алоҳида давр ва фавқулодда ҳолат ҳуқуқий режимларининг амал қилиши вақтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига, бошқа ҳарбий идораларга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига волонтёрлик ёрдами кўрсатиш.

Хулоса ўрнида, мамлакатимизда инсоннинг ҳаётини, яшаш тарзини, фаолиятини бирон маблағ талаб қилмай яхшиловчи, бунга кўмаклашувчи хизматлари учун ўсиб келаётган волонтёрлар ҳаракатига парвозлар тилаган ҳолда, биз уларга ёрдам беришимиз, уларнинг лойиҳаларида қатнашиб, яхшилик йўлида жамиятни янги поғонага олиб чиқиш учун интилишимиз керак.

БЕКЗОД НИШОНОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишлари бўлими бошлиғи