Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

Инновацион фаолиятнинг қонуний асослари



Деярли ҳар куни қулоғимизга инновация билан боғлиқ турли гап сўзлар чалинади. Инновацияниг ўзи нима эканлиги, у қандай мақсадларга хизмат қилиши, ҳақидаги тушунчалар асримимз одамлари онгида озми кўпми шаклланиб улгурган бўлсада, дастлаб мазкур тушунчага тўхталиб ўтсак. Инновация – бозор талаб қиладиган маҳсулот ва жараёнларнинг маҳсулдорлигини таъминлаш билан боғлиқ жараёнлар йиғиндиси. Инновация атамаси лотин тилидаги “новацио” сўзи ўзагидан келиб чиққан бўлиб янгиланиш(ўзгариш) бирор бир йўналишда тараққиёт деган маъноларни билдиради. Инновация тушунчаси кўпроқ иқтисодий атама сифатида бўй кўрсатсада унинг ҳуқуқий мазмун-моҳияти давлатлар томонидан янги технологияларни ривожлантириш фонида бойиб борди. Инновация илмий ҳуқуқий адабиётларда дастлаб 19 асрда пайдо бўлган бўлиб, бугунга келиб бутун бир фаолиятга айланди десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикасининг Инновацион фаолият тўғрисидаги қонуни Республикада инновацион жараёнлар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб, қонунга кўра инновацион фаолият янги ишланмаларни ташкил этиш, шунингдек ишлаб чиқариш соҳасида уларнинг ўтказилиши ва амалга оширилишини таъминлаш бўйича фаолият ҳисобланади.

Инновацион фаолият субъектлари

Инновацион фаолият субъектлари қуйидагилар ҳисобланади:

- Инновацион фаолиятни амалга оширувчи жисмоний шахслар;

- Инновацион фаолият соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар;

- Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва мулкчилигидан қатъи назар, янги ишланмаларни яратадиган, жорий этадиган ва инновациялардан фойдаланадиган илмий, илмий-тадқиқот, олий таълим, ишлаб чиқариш ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар;

- Инновациялар ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчилар манфаатларини ифодаловчи ва ҳимоя қилувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари;

- Инновацион фаолият жараёнида амалга ошириладиган ва фойдаланиладиган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ эгалари;

- Инновацион фаолиятга инвестиция қилишни амалга оширувчи инвесторлар ва тадбиркорлик субъектлари.

Инновацияларнинг турлари

Маҳсулотга оид инновациялар — техник ва технологик жиҳатдан янги ёки такомиллаштирилган маҳсулотни (ишларни ва хизматларни) ишлаб чиқишга ҳамда жорий этишга қаратилган инновациялар;

Жараёнга оид инновациялар — техник ва технологик жиҳатдан янги ёки такомиллаштирилган ишлаб чиқариш ёхуд таълим усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга, шунингдек технологиялар трансферини амалга оширишга қаратилган инновациялар;

Маркетингга оид инновациялар — маҳсулотларнинг дизайни ва қадоқларидаги ўзгаришларни қамраб олувчи янги ёки такомиллаштирилган усулларни жорий этишга, маҳсулотни (ишларни ва хизматларни) сотиш ва тақдим этишнинг янги усулларидан фойдаланишга, янги нархлаш стратегияларини шакллантиришга қаратилган инновациялар;

Ташкилий инновациялар — бизнесни ташкил этиш ва юритиш, иш ўринларини ташкил этиш ва ташқи алоқаларни йўлга қўйишнинг янги ёки такомиллаштирилган усулларини жорий этишга қаратилган инновациялар.

Инновацион фаолият инновацион инфратузилмасиз амалга ошмайди шунинг учун инновацион инфратузилманинг барча шарт шароитлари билан бирга мавжуд бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Қонунда инновацион инфратузилма субъектларига инновацион технологик парк, технологиялар трансфери маркази, инновацион кластер, венчур ташкилоти, инновация марказлар кириши кўрсатиб ўтилган.

Инновацион фаолиятни ривожлантириш учун махсус жамғармалар ташкил қилинган ва уларнинг маблағлари қуйидаги ишларни амалга оширишга йўналтирилади:

- устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг буюртмаларига мувофиқ инновацион фаолиятга оид тадбирларни молиялаштириш;

- инновацион фаолият субъектлари томонидан инновацияларни яратиш ва уларни жорий қилишни молиялаштириш;

- инновацион, тажриба-конструкторлик ва стартап лойиҳаларини танлаб олиш асосида молиялаштириш;

- илмий лабораторияларни замонавий юқори технологияга асосланган асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш), шунингдек зарур сарф материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

- илмий фаолият бўйича давлат дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни (патентларни) хорижда рўйхатдан ўтказиш ва патентни сақлаб туриш харажатларининг ўрнини қоплаш;

- илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг етакчи электрон илмий маълумотлар базаларидан эркин фойдаланишни таъминлаш, шунингдек халқаро нашрларда илмий натижаларни чоп этишга тайёрлаш бўйича харажатларни тўлаш;

- олимларнинг етакчи хорижий илмий ташкилотлардаги (марказлардаги, университетлардаги ва бошқа ташкилотлардаги) илмий стажировкаларини молиялаштириш;

- илмий ва инновацион фаолият соҳасидаги жалб қилинаётган юқори малакали хорижлик олимлар ва мутахассисларнинг харажатларини (меҳнатга ҳақ тўлаш, транспорт харажатлари ва бошқалар) улар билан тузиладиган шартномалар (контрактлар) асосида молиялаштириш.

Маблағларни шакллантиришда Адлия вазирлиги ҳам Интеллектуал мулк агентлигига патент божларидан, йиғимлардан ва солиқ тоифасига кирмайдиган бошқа тўловлардан келиб тушадиган валюта маблағларининг бир қисмини жамғармага ўтказган ҳолда ўз ҳиссасини қўшади.

ШОХРУХ САИДОВ,
Шофиркон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси