Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

29

Нотариал хизматларни уйингиздан — e-notarius.uz орқали олишингиз мумкин!



Бутун дунёни ларзага солган “COVID-19” инфекцияси тарқалиши, бизнинг мамлакатимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймади, албатта. Бироқ ўзбек халқи минг йиллар давомида ҳар қандай машаққатни чидамлилиги, аҳил ва иноқлиги, меҳнатсеварлиги билан енгиб ўтган.

Дунё мамлакатларида ушбу офатни бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишлар солиштирилганда, халқсевар ҳукуматимиз томонидан карантин даврида фуқароларнинг саломатлигини асраш, уларга қулайликлар яратиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар таҳсинга сазовордир.

Хусусан, ҳуқуқий хизмат кўрсатиш соҳасида карантин муносабати билан жамоат жойларида фуқароларнинг тўпланиб туриши ва бу ҳолат вируснинг авж олишига йўл қўймаслик, уларга шундай шароитда қулайликлар яратиш, келгусида мурожаатларни қабул қилишда ортиқча навбатнинг олдини олиш мақсадида кўплаб самарали ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Адлия вазирлиги томонидан жисмоний ва юридик шахсларга сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш мақсадида мурожаатларни онлайн тарзда қабул қилиш, давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимлари ва давлат нотариал идоралари томонидан хизматларни онлайн тарзда амалга ошириш йўлга қўйилди.

Эндиликда фуқароларимиз ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар бўйича тушунтириш ва маслаҳатлар олиш учун уйларидан чиқишлари шарт эмас. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг huquqiy_maslahatbot ботига кириб, ўз мурожаатларини қолдиришлари мумкин. Мазкур мурожаатларга малакали мутахассилар томонидан тегишли тушунтиришлар бериб борилади.

Бундан ташқари, нотариал ҳаракатларни онлайн тарзда амалга ошириш мақсадида e-notarius.uz портали ташкил этилган. Мазкур портал жуда кенг имкониятларга эга бўлиб, мурожаат қилувчилар ўзларига керакли барча хизмат турлари: нотариус қабулига электрон тарзда ёзилишлари, картадан энг яқин нотариус ёки нотариал идорани топишлари, электрон мурожаатни қолдиришлари, хизматлар бўйича керакли маълумотларни олишлари, нотариус ҳақида фикр қолдиришлари ва унинг хизматини баҳолашлари, очиқ маълумотларни олишлари мумкин.

Мазкур портал шуниси билан қулайки, исталган нотариал ҳаракатнинг турига қараб, ҳужжатни расмийлаштиришда амал қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати, нотариал ҳаракатнинг таснифи, керакли ҳужжатлар рўйхати, нотариал ҳаракат иштирокчилари, ҳаракатни расмийлаштириш учун тўланадиган божлар турлари, расмийлаштириш учун сарфланадиган вақт, бошқа шартлар, ҳаттоки калькулятор тугмаси орқали жами тўлов суммасини аниқлаш имконияти ҳам мавжуд.

Шундай экан, жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакиллари расмийлаштирилиши зарур бўлган ҳаракатларни ўз уйларида ўтирган ҳолда онлайн тарзда амалга оширишлари мумкин.

Ўз навбатида, ҳукуматимиз томонидан фуқароларга қулайликлар яратиш, тушкунликка тушмаслик, келгусида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, энг асосийси, “COVID-19” инфекцияси тарқалмаслиги учун фуқароларнинг саломатлигини асраш мақсадида кўрилаётган қатъий чора-тадбирлар пайтида фуқароларимиз ҳам карантин қоидаларига метин ирода билан қатъий амал қилишлари бугуннинг талаби.

ЗАРНИГОР ИМОМОВА,
Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан
тартибга солиш бўлими бош маслаҳатчиси