Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Мажбурий тўловларни онлайн режимда тўлаш имконияти яратилади



“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6079-сон, 05.10.2020 й.) қабул қилинди.

Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:

• “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”;
• 2020–2022 йилларда ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари.

Белгиланган йилларда ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари доирасида, жумладан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг турли соҳаларида 400 дан ортиқ ахборот тизимлари, электрон хизматлар ва бошқа дастурий маҳсулотлар жорий этилади.

Фармон билан 29 та намунавий туман (шаҳар)ларда 2020 йилда ва 2021 йил I чораги якунига қадар рақамли трансформация қилиш лойиҳалари амалга оширилади.

2020 йил 1 ноябрдан инвестиция лойиҳалари ҳамда жалб этилаётган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва донор мамлакатлар маблағларининг 5 фоиздан кам бўлмаган қисми "рақамли" компонентларга йўналтирилади.

Фармонга мувофиқ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ҳамда Адлия вазирликлари ва улар тасарруфидаги ташкилотларда “Рақамли идора” лойиҳаси амалга оширилади.

Лойиҳа доирасида, жумладан, 2022 йил 1 январга қадар қоғозсиз электрон ҳужжат алмашинуви ва иш юритишни ташкил қилган ҳолда барча маъмурий тартиб-таомиллар ва операцион жараёнлар рақамлаштирилади.

2021 йил 1 августдан давлат божлари, йиғимлар, жарималар ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн режимда тўлаш имконияти яратилади.

Ҳар бир аҳоли пункти 10 Мбит/с дан кам бўлмаган Интернетга уланиш имкониятига эга бўлади

Шунинг мазкур фармонга мувофиқ:

2020 йил 1 ноябрдан барча вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида амалдаги раҳбар ўринбосарларидан бирига рақамлаштириш бўйича ўринбосар (Chief Digital Officer) ваколатлари юклатилади.

2021 йил 1 январдан:

- фуқаролар томонидан тизим бошқаруви, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларда халқаро IT-сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилади;

- тажриба тариқасида жисмоний шахсга идентификация ID-картасини беришда давлат органлари билан электрон муносабатларни йўлга қўйиш учун унинг шахсий кабинети шакллантирилади;

- барча учун очиқ бўлган маҳаллий дастурий маҳсулотлар ва IT-хизматлар электрон платформаси яратилади.

2021 йил 1 июлдан Очиқ маълумотлар порталида давлат харидларини амалга ошириш, патентлар, дори воситаларини рўйхатга олиш ва бошқа умумфойдаланишдаги статистик маълумотлар онлайн жойлаштириб борилади.

2021 йил 1 сентябрга қадар ҳар бир туман ва шаҳарларда мавжуд инфратузилма объектлари негизида кенг аҳоли қатламлари, айниқса, ёшлар ва аёллар учун рақамли технологиялар ўқув марказлари очилади.

2022 йил 1 январга қадар барча машҳур сайёҳлик жойлари юқори тезликдаги Интернет билан таъминланади.

2022 йил якунига қадар ҳар бир аҳоли пункти 10 Мбит/с дан кам бўлмаган маълумотларни узатиш тезлигидаги Интернет тармоғига уланиш имконияти билан таъминланади.

2023 йил якунига қадар барча туман ва шаҳарларда мавжуд таълим муассасалари негизида 200 дан ортиқ информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилади.