Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Биз коррупцияга қаршимиз!



Коррупция – жамиятнинг иқтисодий тараққиётини издан чиқариб, адолатсизлик натижасида инсонлар ўртасида нотенгликни юзага келтирувчи, айрим мансабдор шахсларнинг ноҳалол йўл орқали маблағ орттириб, жамият таназзулига юз тутишига сабаб бўлувчи, қисқача айтганда, барча мамлакатлар олдида турган глобал муаммо ҳисобланувчи жирканч иллат саналади. Бу иллатга қарши неча минг йилдан буён қарши кураш олиб борилсада, чек қўйишнинг имкони бўлмаяпти. Ҳаттоки Қуръони каримда ҳам порахўрлик бўйича шундай дейилган: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда коррупцияга қарши тизимли равишда кураш олиб борилмоқда. Бу кураш айниқса охирги йилларда сезиларли равишда жонлантирилди, хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари ошкоралик томон қадам ташлаб, ОАВлари ва жамоатчилик назорати субъектларига маълумот ва ҳисоботлар бериб бориши йўлга қўйилди, давлат хизматчилари ва фуқароларнинг ўзаро бевосита муносабатлари янада қисқартирилиб, электрон ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш тобора кенгайтирилмоқда. Охирги 4 йилликда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилган ишларга назар соладиган бўлсак, мактаб директорлари, солиқ ходимлари, ОТМ ходимлари, туман (шаҳар) ҳокимлиги ходимлари, тиббиёт муассасалари ходимлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг пора олиш жинояти билан қўлга олинганлигини гувоҳи бўлдик. Бу орада жамоатчиликнинг анча фикри ўсиб, янада бой бўлиш учун олинадиган пораларни фарқлай бошлади. Ҳозирда бу иллатнинг жуда хавфли эканини тушуниб етди. Лекин бир нарсани унутмаслигимиз керак, биз фақатгина коррупциянинг оқибати билан эмас унинг келиб чиқиш сабаблари билан ҳам курашишимиз керак. Авваламбор, коррупциоген ҳолатларга йўл очиб бераётган қонунчилик тизимини қайта кўриб чиқиб, уларни ҳам бартараф этиш лозимдир. Бу борада жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёсдир. Улар энг аввало, ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчилик ва долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқмоғлари лозим.

Шу ўринда бир ривоятни мисол келтиришни жоиз деб билдим: “Бундан деярли 1400 йиллар олдин Ҳотиб ибн Абу Балтаъанинг бир неча ғуломи Музайна қабиласидан туя ўғирлаб сўйиб ейишади. Уларнинг қўлини кесиш учун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига олиб келишади. Умар розияллоҳу анҳу уларнинг озғин жасади, сарғайган рангига қараб дедилар:
— Буларнинг хўжайини ким? Халифага бу ғуломларнинг хўжайини Ҳотиб ибн Абу Балтаъа эканлиги айтилди. Халифа уни топиб келишни амр қилдилар. У келди. Умар розияллоҳу анҳу унга дедилар:
— Уларни жазолашимга оз қолди. Уларни сен оч қолдирганингни яхшиям билиб қолдим. Улар оч қолишмаганида ўғирлик қилишмас эди. Сен жазоланасан.
Сўнгра туянинг соҳибидан унинг нархини сўрадилар. У: "тўрт юз", деди. Умар розияллоҳу анҳу Ҳотибга туя соҳибига саккиз юз беришини буюрдилар. Ғуломларга эса қайтиб бунақа иш қилмасликларини айтдилар.
Ўғирлик шаксиз катта гуноҳ. Аллоҳ таоло бу гуноҳни ёмон кўргани учун унга ҳад (жазо) тайин қилган. Аммо ҳақиқий ўғри ейиш учун бир бурда нон ўғирлаган киши эмас, аксинча мана шу фақирнинг бир бурда нонини ўғирлаган ва уни ўғирлик қилишга мажбурлаган бойдир. Ейиш учун нон ўғирлаган киши хатокор, бунга гап бўлиши мумкин эмас. Аммо инсонларнинг ҳаётини, умрини, ризқини ўғирлаганлар, оддий фақирларни оёқлари остига олиб топтаганлар ҳақиқий ўғрилардир. Ана шулар қўли кесилишга ҳақлироқдир!”

Халқаро эксперт-таҳлилчиларнинг фикр-мулоҳазаларига кўра мамлакатда коррупция ҳали ҳам юқори даражада бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқ-тартибот, суд ва умуман ҳукуматга нисбатан ишонч ҳамон паст эканлиги айтилмоқда. Бас шундай экан, коррупцияга қарши курашни аввало ўзимиздан бошлашимиз, ўз хизмат вазифамиз ва инсонийлик нуқтаи назаридан жамиятимизда коррупция иллатининг таг томири билан йўқ қилишга муносиб ҳисса қўшишимиз, бу борада аниқ фуқаролик позициясига эга бўлиб, жамиятимиз ривожи йўлида муаммога муросасиз кураш олиб боришимиз кундалик ишимизга айланиши шарт.

БЕКЗОД НИШОНОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи