Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

КОРРУПЦИЯ – тараққиёт кушандаси



Замон ўзгараяпти, жамият ривожланаяпти, аммо бир иллат борки, у тараққиёт кушандасига айланмоқда. Бу коррупциядир. Коррупция, содда қилиб айтганда, порахўрлик - бу жуда ёмон иллат, бу ёмонликларнинг онасидир.

Мана йигирма саккиз йилдирки, Ўзбекистон ўзи танлаган тараққиёт йўлидан дадил одимлаяпти. Миллий манфаатларимизни инобатга олган ҳолда олиб борилаётган изчил ташқи сиёсат давлатимизнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилишини, халқаро майдонда обрў-эътиборининг ортиб боришини таъминлаяпти.

Шу билан бирга, нафақат республикамиз, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммолар мавжудки, улардан бири бу коррупциядир.

Ҳисоб-китобларга кўра айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва пораxўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштириларкан. Шу боис коррупция ва пораxўрликни ҳеч иккиланмай “тараққиёт кушандаси” деб аташ мумкин. Ҳатто Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам бу иллатларни энг глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этиб, уларга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда.

Хусусан, жамиятимизда коррупция, тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўриш зарурлиги таъкидланмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти хусусида мулоҳаза юритар эканмиз, шуни унутмаслик лозимки, коррупциянинг олдини олиш учун курашиш бугун барчамизнинг асосий вазифамиздир.

Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш, коррупция ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар эканлигини тушунтириш борасида ва айниқса ёшларнинг бу борадаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ҳам коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари амалга оширилиб, бу борада оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтказилган тадбирлар давомида Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилиб, “Пора берма ва олма” “Сен порахўрликдан тўхта!” “Коррупция – тараққиёт кушандаси” ва бошқа шу каби мавзуларда тадбир иштирокчиларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, мавзуга оид тайёрланган флаер ва буклетлар тарқатилди.

Мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, коррупцияга қарши муросасиз бўлиш, унинг олдини олиш борасида адлия бошқармаси ҳамда туман ва шаҳар адлия бўлимлари томонидан 2020 йилнинг ўтган даври давомида жойларда жами 2020 та тарғибот тадбирлари, шундан 458 таси оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар (шундан 20 та телевидение, 55 та радио, 14 та газета ва 369 та расмий веб сайт ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали) амалга оширилиб, ушбу тадбирларда корхона ва ташкилотлар, аҳоли ва айниқса 7 мингга яқин аҳоли ва ёшлар қамраб олинди.

Хулоса ўрнида айтганда, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш фақатгина ўтказиладиган тадбирлар, турли йиғилишу анжуманларга боғлиқ эмас. Фақат бу жараёнда юртдошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади, холос. Шундагина мамлакатимиз бундан-да тараққий этиб, одамларимизнинг турмуши фаровонлашиб бораверади.

НАСИБА ДЖУРАЕВА,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси