Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

ТАРИХИМСАН, ТАҚДИРИМСАН, КЕЛАЖАГИМСАН ОНА ТИЛИМ!


Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилига эга. Тилда шу халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.

Она тилимиз миллий ўзлигимиздир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётир.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармон қабул қилинди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. Она тилимиз фидойилари, бутун халқимиз бу хушхабарни катта хурсандчилик билан қарши олгани ҳеч кимга сир эмас.

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз бир йиллиги кенг нишонланмоқда.

Жумладан, Бухоро туманида ҳам туман маданият бўлими биносида туман ҳокимлиги, туман адлия бўлими ва бошқа ва ташкилотлар ҳамда таълим муассасалари ёшлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган тадбир барчага аъло кайфият улашди.

Тадбирда бугунги кунда она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида ташкилотчилар томонидан маърузалар қилинди.

Хусусан, Бухоро туман адлия бўлими бошлиғи Улуғбек Тўхтаев ўз нутқида миллий тил – бу тарихлигини, усиз ҳеч бир халқни тасаввур қилиб бўлмаслигини қайд этиб, тил мулоқот учун зарурлигини, у миллатнинг ўзига хослигини белгилаб бериши, айнан тилга халқ тарихининг ва давлат ривожининг акси бўлиш ҳуқуқи берилганлигига алоҳида урғу бериб ўтди.

Шунингдек, тадбир давомида тумандаги умумтаълим мактабларининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари ва ўқувчилари томонидан она тилимизни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар, саҳна кўринишлар ижро этилди.

Ушбу байрамнинг мамлакатимизда кенг нишонланиши она тилимизга эътиборни юксалтириш, унинг мукаммалиги ва бойлигини кўрсатиб бера олиш, нафақат ўзбек халқи, балки бошқа миллат вакилларини ҳам бебаҳо бойлигимиз ҳисобланган тилимиз ва маданиятимизни ўрганишга илҳомлантиришда хизмат қилади.

Биз эса ўз навбатида тилимизнинг поклиги ва ўзига хослигини сақлаш, уни бойитиш ва такомиллаштиришга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор. Зеро, ноёб хазинамиз - тилимизни асраш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ўз тилини ҳурмат қилган маърифатли эл бошқаларнинг она тилига ҳам чуқур ҳурмат билан қарайди.

Бухоро туман адлия бўлими