Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

Экспортолди молиялаштириш учун компенсация ва кафилликлар тақдим этилади


Республика ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг ҳозирги босқичида экспорт ҳажмларини кўпайтириш орқали макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, тайёр маҳсулот етказиб берувчиларни қўшимча молиявий ва ташкилий рағбатлантириш, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида жорий йилнинг 21 октябрь куни Президентимизнинг “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6091-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 январга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси экспорт қилувчиларга:

- экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлар учун ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банки томонидан белгиланган кредит фоиз ставкаси ва миқдоридан қатъи назар:

• миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 10 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорда;
• чет эл валютасидаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 5 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорда компенсациялар тақдим этади;

- тижорат банкларининг экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлари учун бериладиган кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик беради;

- ижобий кредит тарихига эга бўлса, аввал олган кредитлари бўйича қарздорлиги бўлишидан қатъи назар, экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлар учун қўшимча олинадиган кредитлари бўйича юқорида белгиланган миқдорлар ва шартларда компенсация ва (ёки) кафилликлар тақдим этади;

- тақдим этиладиган кафилликлар бўйича комиссия тўловларини 2 бараварга камайтирилган миқдорда ундиради.

Фармон билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигига қатор қўшимча вазифалар юклатилди.

Агентликка юкланаётган қўшимча вазифаларни амалга ошириш учун унинг ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими