Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

Хусусий нотариуслар халқ хизматида


Юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун балки давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятларида ҳам қулайликлар яратаётганлигини кўришимиз мумкин. Ана шундай ислоҳотлардан бири нотариат институтида хусусий нотариусларнинг ташкил этилиши бўлди.

Ҳаммамизга маълумки Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан мувофиқ давлат нотариал идораларини нодавлат нотариал идоралар этиб қайта ташкил этилиб, 2020 йилнинг 1 май санасидан бошлаб хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ўз фаолиятини йўлга қўйди ва шу куни янги ташкил этилган хусусий нотариус томонидан биринчи нотариал ҳаракат амалга оширилди.

Хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилишидан асосий мақсад - аҳолининг нотариал хизматларга бўлган талабини қондириш, нотариат соҳасида эркин рақобат муҳитини шакллантириш, ортиқча бюрократия ва коррупция ҳолатларига тўла барҳам беришдан иборатдир. Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси жорий йилнинг 27 март куни вилоят адлия бошқармаси томонидан юридик шахс мақомига эга бўлган алоҳида бўлинма сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, палата ҳудуддаги нотариусларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода қилиш ҳамда нотариат институтини янада ривожланишига кўмаклашиш борасида самарали фаолият юритиб келмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 45 та хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар қаторида Бухоро шаҳрида хусусий амалиёт билан шуҳулланувчи нотариус “Хатамова Ҳамида Наимовна” томонидан шу кунга қадар 1 минг 400 га яқин нотариал ҳаракатлар расмийлаштирилиши таъминланди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, айни карантин чекловлари жорий қилинган даврда ҳам мазкур хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан белгиланган тартиб-қоидага қатъий риоя этган ҳолда фуқароларга тез ва сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, ҳозирда фуқароларимиз нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш учун нотариусга бевосита бормасдан, масофадан e-notarius.uz портали орқали зарур ҳужжатларни онлайн юбориш, нотариус қабулига ўзлари учун қулай бўлган пайтда ёзилиш, энг яқин ҳудуддаги нотирусни топиш, нотариал соҳада қизиқтирган хизматлар бўйича маълумот олиш, олди-сотди, айирбошлаш ёки ҳадя этиш учун электрон аризалар топшириш, хизмат кўрсатган нотариус ҳақида ўз фикрларини қолдиришлари мумкин.

Бу каби қулайликларнинг яратилиши албатта, фуқароларимизни мамнун этиб, уларнинг нотариал идорада ортиқча навбат кутиш ҳолатларини олдини олиш ва уларга ҳафтанинг исталган кунида нотариуснинг сифатли хизматидан фойдаланиш имкониятини бермоқда.

Хулоса ўрнида мамлакатимизда нотариат институтидаги ислоҳотлар ва бу борада олиб борилаётган ўзгаришлар, аввало жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда нотариуслар томонидан расмийлаштириладиган битимларнинг қонунийлигига ва низоли ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан далолатдир.


Ҳ.Хатамова, Бухоро шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус