Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди


Президентимиз томонидан жорий йилнинг 5 ноябрь куни “Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди ва мазкур қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, кодексга янги 185² ва 185³-моддалари қўшилди.

185²-модданинг биринчи қисмида совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолларда, жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юрганлик учун 111 минг 500 сўмдан 223 минг сўмгача миқдорда жарима жазоси белгиланди.

185²-модданинг иккинчи қисмида совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан ов қилишда, касбий фаолиятида, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда жамоат жойларида, худди шунингдек ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида олиб юрганлик учун ашёларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай 1 млн 150 минг сўмгача жарима жазоси белгиланди.

Ушбу маъмурий ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Шунингдек, қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш – 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш – 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

“Қурол тўғрисида”ги Қонунга совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар тушунчаси киритилди.

Бундай ашёларга қуйидагилар киритилади:

1) касбий, ишлаб чиқариш ёки спорт фаолиятида ёхуд хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган саноат усулида ёки қўлбола тарзда ясалган тиғли, кесувчи (пичоқлар, бигизлар ва бошқа учи ўткирланган санчиладиган, кесувчи) ашёлар;

2) жисмоний куч ишлатганда шикаст етказиши мумкин бўлган (бейсбол биталари, софтбол ўйини учун биталар) ашёлар.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ ВА МАЪРИФАТ БЎЛИМИ