Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танлов ўтказилади



Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фаолиятини янада рағбатлантириш, Ватан олдидаги шарафли бурчини адо этишдаги хизматлари учун уларни муносиб тақдирлаш, шунингдек, ҳарбийларнинг шижоати, мардлиги ва матонатини янада мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Президентимизнинг жорий йилнинг 1 декабрдаги ПҚ–4905-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танлов тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра кўрик-танлов Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг қўшилма, қисм ва олий ҳарбий таълим муассасаларида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилади ва танлов “Энг илғор сержант”, “Энг илғор гуруҳ командири”, “Энг илғор взвод командири”, “Энг илғор батальон командири”, “Энг илғор бригада командири” номинациялари бўйича ташкил этилади.

Кўрик-танлов ҳар йили 1 июндан 30 декабрга қадар саралаш, округ ва республика босқичларида ўтказилади.

Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорлари қуйидаги тартибда тақдирланади:

Округ босқичида:

● 1-ўрин учун – диплом ва лавозим маошининг бир баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;
● 2-ўрин учун – диплом ва лавозим маошининг 75 фоизи миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;
● 3-ўрин учун – диплом ва лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти.

Республика босқичида:

● 1-ўрин учун – I даражали диплом ва лавозим маошининг уч баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ҳамда навбатдаги малака тоифаси;
● 2-ўрин учун – II даражали диплом ва лавозим маошининг икки баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;
● 3-ўрин учун – III даражали диплом ва лавозим маошининг бир баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти.

Кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиб ва совриндорлари Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказиладиган асосий байрам тадбирида эълон қилинади ва тақдирланади.

Шунингдек, кўрик-танловнинг республика босқичи ғолибларига қуйидаги имтиёзлар берилади:

- “Энг илғор сержант” номинацияси бўйича ғолибларга – Қуролли Кучлар Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказига танловдан ташқари ўқишга кириш;

- “Энг илғор гуруҳ командири” номинацияси бўйича ғолибларга – юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

- “Энг илғор взвод командири” номинацияси бўйича ғолибларга – Қуролли Кучлар Академияси малака ошириш факультетининг олий курсларига танловсиз ўқишга кириш, шунингдек, юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

- “Энг илғор батальон командири” номинацияси бўйича ғолибларга – Қуролли Кучлар Академиясининг ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси факультетига танловсиз ўқишга кириш, шунингдек, юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

- “Энг илғор бригада командири” номинацияси бўйича ғолибларга – юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш.