Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

ЮРИСТЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ МАРКАЗИНИНГ БУХОРО ФИЛИАЛИ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ!


Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон ҳамда «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон фармонлари ижроси юзасидан, шунингдек, халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда адлия органлари ва муассасалари ходимлари, адвокатлар, нотариуслар, юрисконсультлар, патент вакиллари, медиаторлар ҳамда бошқа соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарорга мувофиқ, Юристлар малакасини ошириш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ҳудудий филиаллари (юридик шахс ташкил этмаган ҳолда) ташкил этилиб, филиаллар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумлари биноларида жойлаштирилиши белгилаб ўтилди.

Шунга кўра, Юристлар малакасини ошириш марказининг Бухоро вилояти ҳудудий филиали Бухоро шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 4-уйдаги Бухоро вилояти юридик техникуми биносида ўз фаолиятини бошлади. Филиал бош мутахассиси - 2-даражали юрист Хайитов Сухроб Ҳамдамович бўлиб, муқаддам вилоят адлия бошқармаси тизимида турли лавозимларда самарали фаолият кўрсатиб келган.

Филиалнинг мақсади

Филиалда мутахассисликлар бўйича ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказишнинг талаб қилинадиган даражасини таъминлаш, давлат бошқаруви органлари ва ҳўжалик бирлашмаларининг ҳудудий бўлинмалари ва ташкилотлар кадрларининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган эҳтиёжларини ўрганиш, ўқув курсларига жалб қилиш, ўқитишнинг илғор усуллари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобланади.

Филиалнинг асосий вазифалари

- замонавий шароитларда кадрларнинг касбий билим ва савиясига қўйилаётган талабларни ҳисобга олиб, жойларда ишдан ажралмаган ҳолда ўқитишнинг инновацион методлари ва педагогик технологияларини, шу жумладан ахборот технологиялари имкониятларини кенг қўллаш орқали малака ошириш курсларини ташкил этиш;

- масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали қайта тайёрлашва малака ошириш курсларини онлайн режимида ўтказилишини таъминлаш;

- малака ошириш курси тингловчилари учун тегишли вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда доимий асосда интерфаол машғулотлар, давра суҳбатларива ўқув-амалий семинарларни ташкил этиш;

- вазирлик ва идораларнинг ҳамда ҳўжалик бирлашмаларининг ҳудудий тузилмалари ҳамда жойлардаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатиш;

- вилоят бўйича малака ошириш курсларида ўқиш истагини билдирган талабгорлар билан алоқа ўрнатиш, улар билан шартномалар тузиш;

- малака ошириш курсларига жалб қилиш учун вилоят бўйича кадрлар бозорини таҳлил қилиб, талабгорларнинг мавжуд эҳтиёжларини ўрганиш, уларни излаш ҳамда янги йўналишлар бўйича қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

- малака ошириш курслари ва ўқув-амалий семинарлар жараёнида аниқланган муаммолар бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш ҳисобланади.

Вилоятда малака ошириш курсларида ўқиш истагини билдирган талабгорларни ҳудудий филиал масъул ходими Хайитов Сухроб Ҳамдамович (91-926-88-08) билан алоқа ўрнатишлари мумкинлиги маълум қилинади.