Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

БЕЗОРИЛИККА ОИД ИШЛАРНИНГ БИР-БИРИДАН ФАРҚИ


 

Судларда безорилик жинояти билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланадиган майда безориликни бир-биридан фарқлаш билан боғлиқ муаммолар бўйича турли ҳуқуқшунослар томонидан мунтазам равишда хилма хил фикрлар билдирилиб келинмоқда. Бу судлар томонидан безорилик жинояти ва маъмурий ҳуқуқбузарликни бир-биридан фарқлаш учун ҳар бир маъмурий ёки жиноий ҳолатнинг таркибларига синчковлик билан ёндошиб, чуқур таҳлил қилишни ва тўпланган ҳужжатларни қўшимча далиллар билан таққослаган ҳолда ҳар бир ҳолат бўйича қонуний тўхтамга келишни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 9-сонли Қарорида безорилик жамоат тартибига қарши қаратилган жиноят бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки ўзганинг мулкига анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд уни анча миқдорда нобуд қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилади. Қилмишни Жиноят кодекси 277-моддасининг 1-қисми билан квалификация қилиш учун юқорида кўрсатилган оқибатларнинг барчаси бир вақтда мавжуд бўлиши талаб этилмайди деб кўрсатиб ўтилган.

Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик деганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, одоб ва ахлоқ нормалари, урф-одат, анъаналар билан белгиланган жамоат тартибини (одамлараро муносабатлар, юриш-туриш қоидалари, шаклланган ижтимоий турмуш тарзини) қўпол тарзда бузиш тушунилади. Қонун мазмунига кўра ҳуқуқбузар ўзининг ҳаракатлари билан жамоат тартибини бузаётганлигини англаши лозим. Бунда мазкур хатти-ҳаракатлар билан жамоат тартибини бузиш ўртасида сабабий боғланиш бўлиши шарт. Сабабий боғланиш аниқланмаган ҳолда қилмиш шахсга ёки мулкка қарши қаратилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят деб баҳоланиши лозим.

Майда безорилик тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида берилган бўлиб, унинг мазмунига кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик жамоат жойларида уятли сўзлар айтиш, беҳаё қилиқлар кўрсатиш, фуқароларга нисбатан ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бошқача тарзда бузиш каби жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасликда ифодаланади. Бунда Жиноят кодекси 277-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноий оқибатлар мавжуд бўлмаслиги керак. Гуруҳ томонидан содир этилган майда безориликни, башарти, ҳуқуқбузарларнинг ҳаракатида Жиноят кодекси 277-моддасининг 1-қисми аломатлари бўлмаса, Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисмининг «б» банди билан квалификация қилиш мумкин эмас.

Агарда ҳуқуқбузар ўзининг майда безорилик ҳаракатларини давом этиб, ҳуқуқбузарнинг кейинги ҳаракатлари шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки мулкка анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш билан содир этилган бўлса, шахс маъмурий жавобгарликка тортилмасдан, фақат жиноий жавобгарликка тортилади. Ушбу ҳолатда ҳам ҳуқуқбузарнинг ушбу ҳаракатларни содир этиш жараёнида унинг субъектив томони яъни мақсадига алоҳида эътибор бериш лозим бўлади.

Ҳуқуқшунос олим Л.И.Аитстова безорилик жиноятининг объектив томони қуйидаги ҳолатларда намоён бўлшини кўрсатган:

-жамоат тартибини қўпол равишда бузиш;

-жамиятга нисбатан аниқ ҳурматсизликни ифодалаш;

-фуқароларга нисбатан зўравонлик ишлатиш ёки зўравонлик ишлатиш билан қўрқитиш, шунингдек мол-мулкини нобуд қилиш;

Жамоат тартибини қўпол равишда бузиш деганда, одамлар ўртасида мавжуд бўлган ахлоқ-одоб қоидаларини қўпол равишда бузиш, фуқарроларнинг ҳуқуқлари, мол-мулкига зарар етказиш, ҳуқуқбузарнинг ҳаракатлари транспорт воситаларининг вақтинча тўҳтатилишига сабаб бўлиши кабиларда намоён бўлади деб таъкидлаб ўтган.

Жамоат тартиби жиноий-ҳуқуқий ҳимоя объекти сифатида ижтимоий муносабатларнинг умумийлиги, жамоат тинчлиги, жамоат ахлоқ меъёрларига риоя қилиш, шу жумладан, фуқароларнинг қонунларга бўйсунадиган барқарор хатти-ҳаркатлари жамоат жойларида транспорт воситаларининг узлуксиз ҳаракати, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг узлуксиз фаолият олиб бориши тушунилади.9

Жамоат тартибига – хавфсизлик ва фуқароларнинг тинчлиги, ўзгалар мулкини сақлашни, жмоат ва давлат ташкилотлари, корхорналар, муассассалар, ташкилотларнинг бир меъёрда ишлаб. туришини таъминлашга йўналтирилган одамлар ўртасидаги ахлоқ ва ҳуқуқ нормаларига асосланган муносабатлар тартиби. Мазкур муносабатларга риоя қилинмаслиги оқибатида безорилик жинояти вужудга келади. Жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик мўлжалланмаган жойларда спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш, уятли сўзлар билан сукиниш, жамоат жойларида очиқчасига ҳожат чиқариш, ялонғоч ҳолда бўлиш, ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш, ўсимликларга зарар етказиш укаби умум эътироф этилган одоб-аҳлоқ қоидаларига менсимасликда ифодаланади. Қонун мазмунига кўра, айбдор ўзининг ҳаракатлари билан жамоат тартибини бузаётганлигини англаб етиши лозим. Мазкур ҳолатда ҳуқуқбузарнинг ушбу хатти-ҳаракатлари билан жамоат тартибини бузиш ўртасида сабабий боғланиш бўлиши шарт. Сабабий боғланиш бўлмаган ҳолатда қилмиш шахсга ёки мулкка қаратилган ҳуқуқбузарлик ёки жиноят деб малакаланади.

ЖКнинг 277-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ва уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ бўлган безорилик уриш-дўппослаш ёки баданган енгил шикаст етказиш амалга оширилган пайтдан тугалланган ҳисобланади. Ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёки нобуд қилиш билан боғлиқ бўлган жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик анча миқдорда зарар етказиш тарзидаги оқибат юз берган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.

Субъектив томондан безорилик тўғри қасддан содир этилади. Айбдор жамоат тартибини бузаётгани, дўппослаётгани, баданга шикаст етказаётгани ёки ўзганинг мулкини нобуд қилаётгани ёки унга шикаст етказаётганини англайди ва бу ҳаракатларни амалга оширишни истайди.

Ушбу ҳолатда ўзганинг мулкига шикаст етказиш ва нобуд қилиш тушунчаларининг бир-биридан мазмун жиҳатдан фарқ қилишини ҳолатга тўғри ҳуқуқий баҳо бериш учун билиш керак. Яъни мулкка шикат етказиш–қисман яроқсиз ҳолга келтирилган мулкни муайян сарф-ҳаражатлар эвазига тиклаш имкониятининг мавжудлигини, мулкни нобуд қилиш деганда, уни батамом яроқсиз ҳолга, яъни мулкдан кўзланган мақсадда фойдаланиб бўлмайдиган ҳолга келтирилишини тушуниш лозим10.

Безорилик жиноятининг мотиви безорилик, яъни жамиятга очиқдан-очиқ ҳурматсизлик мотови бўлиб, у ўзининг атрофдагиларга ғайриқонуний қарши қўйиш, ўзининг алоҳида шахсиятини намоён қилишда, дағал кучни намойиш этишда акс этади. Бунда жиноий ҳаракат қандай предметга қаратилганлиги ва у қайси ижтимоий муносабатлар тизимида амалга оширилаётганлиги аҳамиятга эга эмас.

Жамиятга очиқдан-очиқ ҳурматсизлик деганда, умум эътироф этилган, ахлоқ, ҳукмрон одатлар, анъаналар билан мустаҳкамланган хулқ-атвор қоидалари ва меъёрларини намойишкорона менсимасликни тушуниш лозим. Безорилик нияти жиноий қилмишнинг ўзи, жамоат тартибини бузиш субъектга лаззат баҳш этишини англатади. Безориликнинг мақсади зўрлик ишлатиш йўли билан жабрланувчини эсанкиратиб қўйиш, унинг иродасини синдириш, уни ўз ҳукмига бўйсундиришда намоён бўлади.

Ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо жисмоний шахс ЖКнинг 277-моддаси 1-қисмида назарда тутилган безориликнинг субъекти ҳисобланади, ушбу модданинг 2- ва 3- қисмлари бўйича эса 14 ёшга тўлган шахслар субъект ҳисобланади.

Майда безорилик кўпинча жамоат жойларида амалга оширилади, яъни омманинг қабул қилиш идрокига таянилади. Бироқ жамоатга ёки инсон шаънига нисбатан менсимаслик муносабати (уятли сўзлар ёзиш, майсазор, гулпушта, гулзорларни бузиш ва ҳоказолар) маълум бўлиб қолишини эътиборга олиб, ҳуқуқбузарлик яширинча бажарилган бўлиши мумкин.

Майда безорилик субъектив томондан қасддан ва кўпинча ошкора амалга оширилиши билан тавсифланади. Айбдор қонунга қарши хатти-ҳаракат қилаётганини тушунади ва шунинг натижасида ёмон оқибатга олиб келишига — жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталиги бузилишига йўл қўяди. Майда безорилик онда-сонда эгри ният билан амалга оширилади. 11.

Юқорида келтириб ўтилган таҳлиллардан шу нарса маълум бўладики, безорилик жинояти билан майда безорилик ҳуқуқбузарлигининг бир-биридан асосий фарқи, уларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда ҳуқуқбузарлик объекти, объектив томони ва субъектив томонига алоҳида эътибор берган ҳолда фарқланади.

Эргашев Илхом Кулдошевич,
Судьялар олий мактаби жиноят
ҳуқуқи йўналиши 2-гуруҳ тингловчиси

Бекзод Нишонов,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат
бўлими бошлиғи